21:06 / 03.03.2025
76

Йўқдан бор қилувчилар кўпми ёки борни йўқ қилувчилар?

Йўқдан бор қилувчилар кўпми ёки борни йўқ қилувчилар?
Инсон тафаккурининг икки қувватли кучи – яратиш ва йўқ қилиш – ҳар доим жамият ривожида муҳим роль ўйнаб келган. Эски замонлардан бери халқимизда «йўқдан бор қилувчи»лар – чексиз тафаккур ва ижодкорлик эгалари бўлишган. Уларнинг қўлига тушган ҳар бир буюм, ҳар бир иш, ҳар бир ғоя ўзига хос эстетик ва функционал аҳамиятга эга бўлган.

Уларнинг ҳаётий фаолиятидаги энг муҳим жиҳати – кам ресурслардан максимал фойда олишга интилиш, чекланган имкониятлар доирасида янгилик ва мароқли нарсаларни яратиш бўлган. Масалан, уйидаги бор маҳсулотдан мазали янги таомлар тайёрлаш, эски, яроқсиз ва муддатини тугатиб бўлган буюмларни яна бошқача қўллаш орқали уй-жойни ободонлаштириш, тош, ғишт ва тупроқдан чиройли уй-жой қуриш – буларнинг барчаси «йўқдан бор қилувчи»ларнинг ижодий салоҳияти ва иқтисодий тафаккурини меваси ҳисобланади. Улар ўз меҳнати ва ижоди орқали нафақат моддий бойликни яратган, балки оила аъзоларини ҳам маънан қаноатлантирган. Бундай инсонлар эл-юртда иззатда ва жамиятда эса катта ҳурматга сазовор бўлишган.

Бироқ, замонавий жамиятда янги бир тоифа – «борни йўқ қилувчи»лар пайдо бўлди. Ҳозирги, тўқчилик давридаги фаровонлик ва моддий бойликларнинг кўпайиши кўпчиликда исрофгарчилик, бепарволик ва моддий бойликларга эътиборсизликни келтириб чиқараяпти.

«Борни йўқ қилувчи»лар учун асосий нарса – фақат, истеъмол қилиш, эски нарсаларини янгисига алмаштириш, бугунги кунининг роҳат-фароғатига берилишдир. Уларни эски нарсаларни қайта ишлаш, тежамкорлик ёки яратиш қизиқтирмайди. Улар кўпроқ бошқалар яратган нарсаларни истеъмолчиси, бир томондан жамиятнинг иқтисодий ғилдираги яхши айланиши учун бундай тоифа ҳам керак.

Уларнинг психологик портретида тежамкорлик ва ақл билан ҳаракат қилиш ўрнига юқори даражадаги орзу-ҳавас ва кўр-кўрона истеъмолчилик ғолиб келади. Натижада эса, албатта моддий бойликлар тезкорлик билан сарфланади, чиқиндилар миқдори ортиб бораверади ва энг ачинарлиси экологик мувозанат ҳам бузилади.

Бу тоифадаги инсонларнинг психологик жиҳатларини тадқиқ қилишда уларнинг маъсулиятсизлиги, бепарволиги ва келажакка нисбатан бефарқлигига эътибор қаратиш жуда муҳим. Аслида жамият ривожи учун ҳар икки тоифа ҳам керак, бирини яхши ва бирини ёмон десак объектив баҳо бўлмаган бўлар эди.

Икки тоифанинг таққосланишида психологик қуйидаги жиҳатларни кўриш мумкин. «Йўқдан бор қилувчи»ларда яратишга интилиш, муаммоларни ечишга мойиллик ва иқтисодий тафаккури юқори даражада бўлса, «борни йўқ қилувчи»ларда эса тежамкорлик кам учрайди, уларда қаноатланиш ҳисси паст бўлади, доимо янги нарсага интилиш ва эскисига нисбатан бефарқлик кузатилади.

Бу икки тоифанинг бир-биридан психологик фарқи, асосан эҳтиёжларининг табиатида, масъулият ҳиссида ва келажакка бўлган муносабатларида яққол кўзга ташланади.

Жамиятнинг барқарор ривожланиши учун иккала тоифа ҳам муҳим деб, бекорга ёзмадим. «Йўқдан бор қилувчи»ларнинг ижоди ва тежамкорлиги жамиятнинг ривожланишига, «борни йўқ қилувчи»ларнинг эса истеъмолни рағбатлантириш ва бозор иқтисодиётининг тез айланишга ҳиссасини қўшади.

Унда муаммо нимада, деяпсизми?!

Муаммо, иккинчи тоифанинг ортиб бораётганлиги ва биринчи тоифанинг камайиб бораётганлигида, деб ўйлайман. Албатта, бунга қандайдир аниқ статистик рақамлар ва илмий даллилланган асосларим йўқ. Бу кузатувларим орқали келган хулосам.

Шунинг учун таълим ва тарбия жараёнида тежамкорлик, яратишга интилиш ва масъулиятни шакллантиришга алоҳида эътибор бериш зарур. Шундай ёндашув билан жамиятнинг иқтисодий барқарорлигига, экологик тоза муҳитнинг сақланиши ва ривожланишига эришишимиз мумкин.

Мадина Мийтан, психолог

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият