10:32 / 14.01.2017
10 588

Хитой императорини ром этган Қашқар маликаси Ипархон ҳақида нималарни биламиз?

Хитой императорини ром этган Қашқар маликаси Ипархон ҳақида нималарни биламиз?

Тангри назари тушган юртимизнинг улуғлари қаерда бўлмасинлар, ҳамиша ўзларининг фаолиятлари билан буюк ҳурмат ва эҳтиромга сазовор бўлиб келишган. Бугун биз ёрига садоқати билан дунё аҳлини лол қолдирган, гўзаллиги билан Чин императорини мафтун этган, Европа санъат аҳлининг юксак эътирофига сазовор бўлган, бизга эса деярли нотаниш малика Ипархон ҳақида сўз юритмоқчимиз. Эътиқод оламида ўз ўрнига эга бўлган бу аёлнинг аждодлари асли самарқандлик бўлгани ҳақида биз 2007 йили Қашқарга илмий сафар билан борганимизда маълумотга эга бўлган эдик.

Маҳдуми Аъзам Косоний Даҳбедийнинг (Ҳақиқий исми – Сайид Аҳмад ибн Мавлоно Жалолиддин Хожагий Косоний. «Маҳдум» сўзининг луғавий маъноси – Ҳазрат, Хожа; «Аъзам» сўзи – буюк, улуғ маъноларини билдиради) вафотидан (1542 йил) кейин тўнғич ўғли Имоми Калон (Эшон Калон, Калон хўжа, хўжайи Даҳбедий) ва кенжа ўғли хўжа Муҳаммад Исоқ Вали Шарқий Туркистоннинг нуфузли диний арбобларига айланишган ва уларнинг ҳар бири алоҳида сўфийлик тариқатини яратишган. Маҳдуми Аъзамнинг кичик бекаси, Хўжа Муҳаммад Исоқ Валининг оналари асли қашқарлик аслзодалардан бўлиб, буюк қорахонийлар давлатининг асосчиси, Қашқар ва Еттисув орасида яшаган кўчманчи туркийлар орасида исломнинг ёйилишида муҳим ўрин тутган Султон Сотуқ Буғрохон ғозий (942 – 955 йиллар)нинг авлоди бўлган. Айнан шу ҳолат Маҳдуми Аъзам Косоний авлодларининг Ёркент хонлигида муқим қарор топишига асос бўлди.

Қашқар шаҳридаги Маҳдуми Аъзамнинг авлодларига мансуб бўлган “Офоқ хўжа” мақбарасининг яна бир номи “Ипархон”дир.

Мақбарадаги марказий бинода Жаҳон хўжанинг беваси, кейинчалик Император Цяньлуннинг суюклиси Ипархон (Сяньфей) ҳам дафн этилган. Уйғуристонда тарихий ёдгорлик сифатида қадрланиб, зиёратгоҳга айлантирилган мазкур нақшинкор мақбара 1640 йилда қурган. Унда Маҳдуми Аъзамнинг 5 авлод-аждодига мансуб 72 кишининг қабри жойлашган. Мақбарага дастлаб Офоқ хўжанинг отаси Муҳаммад Юсуф хўжа дафн этилган. Меъморий обида 1870–1877 йилларда Пискентлик Ёқуббек Бадавлатнинг Еттишаҳар давлатида ҳукмронлик қилган йиллари қайта таъмирланган ва ҳозирги кўринишга келтирилган.

Маҳдуми Аъзамнинг оға-инилари Бурхониддин хўжа ва Жаҳон хўжа, Офоқ хўжанинг укаси Мўмин хўжанинг эвараси Али хўжанинг қизи Ипархон кабилар Қашқарнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида ниҳоятда муҳим ўрин тутишган.

Юрт ва ёрга садоқат тимсолига айланган Ипархон эл орасида шунчалик машҳур бўлганки, у ҳақида нафақат маҳаллий адиблар, балки овруполик ижодкорлар ҳам кўплаб китоблар, роман ва достонлар, фильмлар яратишган, унинг сурати эса гўзаллик тимсолига айланган. Ипархон ўз халқининг фидойиси, маданият, адабиёт, санъат ҳомийси сифатида бемисл обрўга эга бўлган.

Малика Ипархон 1734 йил 15 сентябрда Ёркентда таваллуд топган. Кейинроқ оиласи Қашқарга кўчиб келган.

Ипархон ҳақида ижод қилинган бадиий асарларнинг мухтасар баёни шундан иборатки, Жаҳон хўжанинг беваси Ипархоннинг гўзаллиги, айниқса ундан доимо таралиб турган гул ифори Чин императори – Цяньлун номи билан ҳукмронлик қилган (1736 – 1795) Айсиньгёро Хун Лининг хаёлини ўғирлаган. Ипархонга ғойибона ошиқ бўлган император турли йўллар ёрдамида уни ўзининг Пекиндаги саройига келтиради.

Шахсан Цяньлуннинг талаби билан Ипархонга хитойча Сяньфэй (муаттар) номини беришиб, саройдагилар унинг қавмига ва урф одатларига катта ҳурмат-эътибор билан қарайдиган бўлишади. Бироқ Ипархон нафақат императорни ўз ёнига яқинлаштиради, балки кийимларини кийишда унга ёрдам берадиган канизаклар хизматидан ҳам воз кечади.

Хизматчиларга император ҳақида «агар менга ҳатто бармоғини теккизса, аввал ханжарни унинг юрагига санчаман, кейин ўзимни ўлдираман», дея огоҳлантиради. Бундай таҳдиддан Цяньлуннинг кулгисини қистайди. Келтирилишича, император жисмоний жиҳатдан жуда кучли бўлиб, у Гирин ўрмонларидаги овда ўз қўллари билан айиқни ҳам қулатган экан.

Маҳбубасининг табассумига зор бўлган император унинг кўнглини олиш учун унинг деразаси олдида она юрти Қашқар ва Соҳибқирон Темур пойтахти сифатида Хитойда машҳур бўлган Самарқанд мадрасалари, муҳити акс этган, ҳатто бозорлари ва туркийча ҳаммоми бўлган “Ван цзя лоу” номини олган кичик шаҳарчанинг нусхасини яратади. Манбаларда келтирилишича, Пекиннинг Чаньань кўчасида бу мажмуани ХХ аср бошларида ҳам кўриш мумкин бўлган. Бу ҳам етмагандек, император ўша вақтда саройига ташриф буюрган миланлик миссионер рассом Джузеппе Кастильонега ёғли буёқларда Қашқар ва Самарқанд манзараларини чизишни буюради. Бу улкан суратлар ғилдиракларга ўрнатилиб, Сяньфей юрти тасвирини жонлантириш учун навбати билан ҳаракатланар эди. Бироқ императорнинг барча уринишлари зое кетади. Мағрур Қашқар қизи императорни ёр сифатида қабул қилмайди.

Ипархон кўпчилик қавмдошларига каби Навоий, Машраб, хожаси Жаҳон хўжа Арший шеъриятининг шайдоси эди. Ушбу шоирларнинг сара шеърларини тўплаб, ўзи учун мажмуа китобат қилдирган. Ипархон Пекинга олиб кетилаётганда доимий йўлдоши бўлган ўша мажмуа қўлёзмасидан бўлак ҳеч нарсани ўзи билан олмаган. Бу мажмуа маликани сўнгги кунларгача тарк қилмади. Унинг вафотидан сўнг бу китоб император томонидан Ипархон учун таом тайёрлашга тайинланган унинг қавмдоши бўлган Нурмуҳаммад исмли уста ошпазда қолди.

1781 йил 5-январь куни Цяньлун зиёфат чақириб унда Нурмуҳаммадга меҳмонларни миллий таомлар билан сийлашни буюради. Ошпаз икки хил ўзининг миллий қайласини тайёрлаб, мақтов ва мукофотга сазовор бўлади. 1788 йили январь ойида бўлиб ўтган зиёфатда маликалар ўз ошпазларига таом тайёрлатишган ва Цяньлунга тортиқ қилишган. Нурмуҳаммад императорнинг энг сўйган таоми палов билан қўй гўштидан чучвара тайёрлаган. Императорга айнан бу таомлар маъқул келиб, у яна Нурмуҳаммадни мукофотлаган. Бу вақтда эса Ипархон хасталаниб тўшакда ётган эди.

Сяньфейнинг Цяньлунни ўлдириши ҳақидаги таҳдиди императорнинг онаси Сяо Шэннинг қулоғига ҳам етиб боради. Императорнинг сафарга кетганлигидан фойдаланган Сяо Шэн Сяньфейни қошига чақириб “Нима хоҳлайсан?” деган саволни беради. “Ўлишни”, дея жавоб беради Сяньфей.

Шу суҳбатдан кейин Ипархоннинг хасталиги кучайиб боради. Онаси ва Ипархон ўртасида бўлиб ўтган суҳбатдан бехабар Цяньлун 1788 йил 15 апрель куни касал ётган маликанинг ёнига келиб, уни апельсин билан сийлайди. Бу уларнинг сўнгги учрашуви бўлди.

Гарчи Цяньлун Ипархон учун барча шароитларни яратиб берган, унинг барча истакларини бажо келтирган бўлса ҳам, Ипархон барибир император саройида ўзини жуда ғариб сезди. Ёри Жаҳон хўжа ёди билан умрини ғам-андуҳда ўтказди. Соғинч адойи тамом қилган, сийратсиз суратга айланган ва бегона муҳитга кўника олмаган Ипархон 1768 йили 19 апрель куни вафот этади. Императорнинг буйруғига биноан унинг жасадини 120 хизматчи Қашқарга келтириб, Офоқ хўжа мақбарасига дафн этишади. Ипархоннинг жасадини олиб келган тахти равон ҳанузгача мақбарага кириш жойининг чап тарафида турибди.

Ипархон вафоти Цяньлунга қаттиқ таъсир қилди. У аввалгидек подшоҳлик ишларига ғайрат ва шиддат билан ёндашмай қўйди. Ёлғизликни қумсай бошлади. Охир оқибатда 1796 йили февраль ойида Цяньлун тахтидан воз кечади ва умрининг қолган тўрт йилини ўзлатда ўтказади.

Хитойда Лан Шинин номи билан танилган биз келтириб ўтганимиз, Милан фарзанди, рассом Жузеппе Кастильоне мўйқаламига мансуб бўлган Ипархоннинг қиёфаси акс этган суратлар бизнинг кунларгача сақланиб қолган. Уларда Ипархон ҳам оддий кўринишда, ҳам ҳарбийлар кийимида тасвирланган.

Бу суратларнинг бири Лондондаги Британия музейидан жой олган бўлиб, унинг гўзаллиги ва тарихи Европалик мухлисларнинг чексиз ҳурмати ва эътирофига сазовор бўлиб келмоқда.

Эркин Мусулмонов

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Хитой императорини ром этган Қашқар маликаси Ипархон ҳақида нималарни биламиз?