Ўзбекистоннинг уч раҳбарига хос соқчи бўлган шахс Ўзбекистон Республикаси хавфсизлик хизматида узоқ йиллар хизмат қилган ва 1990-1992 йилларда президент И.А. Каримовнинг хос соқчилари бошлиғи бўлган шахс, заҳирадаги полковник Муҳаммадқулов Саъдулло Муродиллоевич Sputnik Ўзбекистон мухбири саволларига жавоб берди.
Мухбир: Саъдулло ака, сиз Ўзбекистон учун оғир бўлган вақтда Биринчи президент Ислом Абдуғаниевич Каримов билан бирга ишлагансиз. Шу давр воқеалари ҳақида гапириб берсангиз.
М.С.: Дарҳақиқат мен Ўзбекистоннинг биринчи Президенти учун ва мамлакатимиз учун оғир бўлган вақтда Ислом Абдуғаниевич Каримов билан ёнма-ён туриб ишлаганман. 1988 йилнинг сентябрь ойида Афғонистондан қайтгандан кейин мен Республика хавфсизлик комитети марказий аппаратининг бўлимларидан бирида ишга тайинландим. Бу бўлимда икки йил ишлагандан кейин мени КГБ раисининг ўринбосари Г.Алиевнинг тавсиялари билан Комитетдаги 9 бўлинма бошлиғининг ўринбосари — хос соқчилар бошлиғи этиб тайинлашди. Бу вазифа менга фаол ишлашим учун катта имкониятларни очиб берар эди, чунки 1980-84 йилларда 9 бўлимда хос соқчи лавозимида хизмат қилган эдим. Совет Иттифоқи даврида 9 бўлим Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари хавфсизлигини таъминлаш билан бирга, хорижий мамлакатлардан республикага давлат ташрифи билан келадиган олий даражадаги делегацияларнинг хавфсизлиги билан боғлик тадбирларни амалга оширар эди. Мен хос соқчилар гуруҳининг бошлиғи сифатида иш бошлаганимда 9 бўлинмада анча муаммолар мавжуд эди;
— Биринчи Президент И. Каримов республиканинг аввалги раҳбарларидан фарқли ўлароқ, хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан жуда "ноқулай рахбар" эди. Масалан, Ўзбекистон компартиясининг биринчи котиби этиб сайлангандан кейин камтаринлик қилиб, ўзининг автомашинасига ГАИ ва КГБ ходимларининг ҳамроҳлик қилишига йўл қўймаган. Биз, яъни 9 бўлинманинг янги раҳбарияти келган 1990 йилнинг октябрида эса, у кишининг автомашинасига олдиндан ГАИ нинг бир машинаси ва орқадан ГАИ нинг белгилари бўлмаган оддий ВАЗ — 2106 "ЖИГУЛИ" автомашинаси ҳамроҳлик қилар эди. Албатта, биз биринчи навбатда ишни ўша даврда мавжуд Буйруқ ва Инструкцияларга мувофиқ ташкил қила бошладик. Бу баъзиларга маъқул эмас эди. Лекин, бирор кор-хол бўлса, биринчи навбатда профессионал сифатида биз жавобгар бўлишимизни билиб, мавжуд системани тартибга солдик.
- Республиканинг аввалги раҳбари билан ишлаб, маълум тажрибага эга бўлган фақат биргина хос соқчи — Наджимитдинов Хуршид қолган бўлиб, қолган ҳаммалари янги келган ходимлар эди. Хос соқчилик ҳақида алоҳида дарслик ёки Инструкциялар мавжуд бўлмаганлиги учун уларни иш жараёнини таҳлил қилиш йўли билан ўқитиш мумкин эди. Уларнинг иши сменали бўлганлиги учун бир жойда йиғиб дарс ўтиш эҳтимоли жуда кам эди. Шунинг учун сменадан кейинги кунларида биз уларнинг ҳар бири билан аввалига 1-1,5 соатдан, кейинчалик 30-40 минут атрофида дарс ўтиб, смена давомидаги фаолиятини таҳлил қилар ва камчиликларини кўрсатар эдик. Шу йул билан янги хос соқчиларни тезкорлик билан тайёрлар эдик. Биринчи Президент И.А. Каримовнинг хавфсизлигини таъминлаш республикамиз учун сиёсий, иқтисодий, идеологик ва ижтимоий соҳаларда оғир инқирозлар рўй бераётган даврга тўғри келган. Каримов Ислом Абдуғаниевич 1989 йилнинг 25 июнида Ўзбекистон компартиясининг биринчи котиби этиб сайланганларида машъум Фарғона фожеалари юз берган эди. Кейинчалик Бўка, Паркент воқеалари қўшилиб республикани ларзага келтирган эди.
- Президент билан танишиш сиз учун қандай кечган?
— Президент мен билан биринчи марта Нукус воқеалари кунлари яқиндан танишганлар. Нукус воқеалари оппозиция, сепаратист гуруҳлар ва бевосита "Бирлик" партиясининг ташаббуси билан уюштирилган эди. Мен хос соқчиларнинг раҳбари сифатида Президент сафаридан олдин учиб бориб сиёсий ва оператив шароит билан танишиб, улар келишлари билан Қорақалпоғистон КГБ раиси билан бирга ахборот бердим. Президент аввал оппозициянинг фаоллари ва раҳбарлари билан обкомнинг кичик залида учрашдилар ва уларнинг талабларини эшитдилар.
И.А. Каримовнинг ажойиб одатлари бор эди. Улар катта аудитория билан учрашганда сўзга чиққан нотиқларни эшитиб ўзларига тезислар билан хулосаларни ёзиб бориб охирида якуний нутқ сўзлар эдилар. Нукусда ҳам обкомнинг катта залида лиқ тўла халқ билан учрашдилар. Жаҳл отига минган ва муаммолар кўплигидан нима қилишни билмаётган, оппозиция фикрини ёқлаб чиққан халқ билан учрашиб, босиқлик билан 10-12 нотиқнинг фикрларини ёзиб олдилар.
Ўзларига тезисларни ёзиб хулосалар билан тўлдирдилар ва минбарга чиқиб бир соатга яқин вақт ичида Корақалпоғистондаги сиёсий, иқтисодий, ижтимой ҳамда бошқа соҳалардаги вазиятни муфассал тушунтириб, халқнинг ўтмиши ва келажаги ҳақида сўзлаб бердилар. Охирида халқдан нимани хоҳлашини сўрадилар. Халқ бир овоздан Автоном республика бўлиб қолишни истамаслиги ва Мустақил республика бўлишни сўради. Президент ёрдамчиларига қараб: "Ўртоқ Крайнов, Қорақалпоғистонни Ўзбекистон таркибидаги республикаси деб эълон қилиш учун тегишли ҳужжатларни тайёрланглар", — деб топшириқ бердилар ва халққа қараб "Бугундан бошлаб Қорақалпоғистон автоном республика эмас, Қорақалпоғистон республикаси деб эълон қиламан"- деб мурожаат қилдилар. Халқ гулдурос қарсаклар билан президентнинг сўзларини тасдиқлади ва ўз хурсандчилигини билдирди.
Шундай қилиб президент катта ғалаёнлар ва ҳунрезликларни олдини олишга муваффақ бўлдилар. Кечқурун Ислом Абдуғаниевич меҳмонхонадаги хоналарига кирганларида мен уларга ҳамроҳлик қилиб кирдим ва улар мендан "Сиз ким бўласиз?", — деб сўрадилар. Мен уларнинг хос соқчилари раҳбари эканлигимни айтиб, ўзим ҳақимда ахборот бердим.
Улар менинг Шароф Рашидов ва И. Усмонхўжаев билан ишлаганимни эшитиб "Шароф Рашидов ҳақида нима дейсиз?" — деб сўрадилар. Мен улардан "Дилимдагини айтайми ёки тилимдагини"- деб сўрадим. Улар қошларини чимириб бир оз ўйладилар ва "Дилингиздагини", деб айтдилар. Мен Ш. Рашидов ҳақида камдан кам одам биладиган баъзи ахборотни бериб, охирида "Ш. Рашидов ўзлари хизмат қилган тизимнинг қурбони бўлдилар" — деб якунладим. Улар "Жуда тўғри айтдингиз"- деб менга раҳмат айтдилар.
- Ислом Каримовни тан соқчиси сифатида ишингиз ҳақида гапириб берсангиз?
— Бевосита иш ҳақида гапирганда, президент ва унинг оила аъзоларини қўриқлаш ҳам фахрли, ҳам жуда оғир ва машаққатли иш эди. Лекин бизнинг бахтимиз шунда эдики, Ғулом Алиевич Алиев ҳамма ишда бизга суянишга ҳаракат қилар эдилар. У киши Қашқадарёда президент билан бирга ишлаганлари учун уларнинг муносабатлари жуда яхши эди.
Шунинг учун жуда кўп масалаларни Г.Алиев орқали ҳал қилар эдик. Мен ишга тайинланганимдан кейин хос соқчиларнинг бевосита раҳбари сифатида Президентнинг оила аъзолари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида улар билан танишишим керак эди. Мен президентнинг умр йўлдошлари Татьяна Акбаровна билан биринчи маротаба учрашиб икки соатлик суҳбат давомида жуда кўп масалаларни ҳал қилиб олдим.
Президент хақида Татьяна Акбаровнадан уларнинг одатлари, ҳислатлари, нимани ёқтиришлари-ю, нимадан жаҳллари чиқишлари, қариндош-уруғларига бўлган муносабатлари ва бошка кўпгина маълумотларни олдим. Бу менга президентнинг психологик портретларини яратишимга катта ёрдам берар эди.
Мен аввалдан танланган ва тайёрланган хос соқчиларни Татьяна Акбаровна билан таништириб, Татьяна Акбаровна билан хайрлашдим ва истаган вақтда, агар зарур бўлса, ярим кечада ҳам мени чақириш мумкинлигини айтиб, телефонларимни бердим. Хизмат даврида президент ва оила аъзоларининг хавфсизлигини таъминлаш билан боғлик жуда кўп масалаларни ҳал қилишда Татьяна Акбаровна бизга катта ёрдам бердилар.
Мен эса, ўз навбатида, хавфсизлик билан боғлиқ уларнинг ҳамма масалаларини ҳал қилишда ўз ёрдамимни аямадим.
Президент билан энг оғир вазиятларда, у кишининг асаблари ҳамма вақт таранг тортилган вақтларда, у кишининг ҳали халқаро миқёсда танилмаган, энди президент сифатида шаклланаётган вақтларида бирга бўлганимдан ғоятда фахрланаман. Мен улар билан жуда кўп ишламадим, лекин 2 йилга яқин вақт мобайнида президент ва уларнинг оила ъзоларининг хавфсизлигини таъминлашни муваффақият билан амалга оширадиган системани, яъни президент Хавфсизлик хизматини яратишда фаол иштирок этдим.
Ўзбекистонда И.Каримовнинг катта муваффақиятларидан бири Президент бошқарувини киритгани бўлди. Нима учун? Бунинг бир неча сабаблари бор.
— 1989 йилнинг июнь ойидаги Фарғона воқеалари, кейинчалик Бўка ва Паркент воқеалари республикада яккаҳокимликнинг зарурлигини тақозо қилди.
— КПСС нинг обрўси тушаётган бир пайтда, уни алмаштириш мумкин бўлган янги системани ташкил этиш керак эди.
— СССР нинг инқирози анархия ва хаосга олиб келиши, давлатчиликда эса бўшлиқ пайдо бўлиб Тожикистондаги воқеалар Ўзбекистонга кўчиши мумкин эди, шунинг учун қаттиққўллик билан бошқариш усулини топиш керак эди.
— Ўзбекистондаги норасмий ташкилотлар ҳаракатининг экстремизм йўлига кираётганлиги, уларнинг Тожикистон йўлидан бориш мақсадида норасмий диний ҳаракат билан бирлашиш, ҳамда диний фанатизм ва миллий экстремизмни бирлаштириб "Советлар тузумига қарши кураш олиб бориш" ниқоби остида гражданлар урушини келтириб чиқариш хавфи яққол кўриниб турар эди. Буни олдини олиш учун ҳам қаттиққўллик билан қатъий қарорларни оператив равишда қабул қилиш зарур эди.
— Қудратли, узоқ йиллардан бери ишлаётган ва одамлар онгига сингиб борган система бузила бошлаши билан унинг ўрнига янгисини тузиш учун катта тўсиқлар ва қаршиликлар пайдо бўлишининг мумкинлиги, уларни енгиб ўтиш учун янги кучли система керак эди. Ўша вақтдаги оғир сиёсий ва иқтисодий шароитда И. Каримовнинг бошқа республикалар раҳбарларидан тезроқ ва олдинроқ бу муаммоларни тушуниб етгани ва ҳал қилгани, ҳамда Ўзбекистоннинг президенти сифатида Москвага боргани кўпчилик учун кутилмаган ҳол эди. Ҳатто, ўшанда М. Горбачев захархандалик билан "Энди биз 16 Президентга эга бўлар эканмиз-да?", деб айтганда, И.Каримов "Ҳа, керак бўлса ундан ҳам кўп бўлади", —деб жавоб берган эди.
Кейинчалик эса, бир томондан Б.Ельцин И.Каримовга қойил қолиб унинг ислоҳотлар йўлини қўллаб-қувватлаган бўлса, иккинчи томондан президентлар сони 16 эмас 30 дан ҳам ошиб кетди. Президент И.А. Каримовнинг ўша даврда Москвадаги раҳбарлар билан бўлаётган мураккаб муносабати, кенг миқёсдаги дунёқарашга, олий даражадаги интеллектуал салоҳиятга, кучли оператив ва стратегик фикраш қобилиятга, турли соҳаларда ишлаб катта тажрибага эга эканликлари, ҳамда қўрқмас, адолатли ва моҳир рахбар эканликлари, турли оғир ва чигал сиёсий, иқтисодий ва бошқа муаммоларни тезлик билан ҳал қила олиши баъзи раҳбарларга ёқмас эди.
Фарғона, Бўка ва Паркент воқеалари асоратларидан қутулиш, машъум "Пахта иши" доирасида қамалган республика фуқароларни озод қилиш ва оқлаш учун президентнинг Москвадаги турли ташкилотлар раҳбарлари билан олиб бораётган кескин курашлари уларнинг хавфсизлигига ҳам таҳдид солар эди.
Шуларни ҳисобга олиб, биз собиқ СССР да биринчи бўлиб 1990 йилнинг охирида "Ўзбекистон республикаси Президенти хавфсизлик хизмати" ни ташкил қилдик. Бу ПХХ ни ташкил қилишда ривожланган мамлакатлар раҳбарларининг хавфсизлик хизматлари тажрибасидан фойдаландик. Ҳали СССР мавжуд бўлган вақтда, консерватив бўлган СССР Давлат хавфсизлик комитети раҳбариятидан янги ва халқаро талаблар асосида ташкил қилинаётган МХХ га рухсат олиш осон эмас эди.
Биз иш бошлаган 1990 йилнинг бошларида СССР нинг тақдирини ҳал қилиш мақсадида М.Горбачёв бошчилигидаги комиссия жуда кўп хатоларга йўл қўйди. 1990-йилнинг охири ва 1991-йилнинг бошида И.Каримов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациялари ҳафтада 1-2 марта Москвага бориб келар эди. Бу сафарларнинг асосий мақсади СССР ўрнида Федерация ёки Конфедерация ташкил қилиш масаласини ҳал қилишда қатнашишдан иборат эди.
Камида 8 ёки 9 вариантдаги шартномаларни тузгандан кейин Литва воқеалари, Тожикистон воқеалари ва Озарбайжон воқеалари республикалар раҳбарларининг бу масалага бўлган муносабатларни салбий томонга ўзгартириб юборди.
— 1991 йилнинг июнида Г.А. Алиев мени таътилдан шошилинч чақириб олиб менга ПХХ (Президентнинг Хавфсизлик Хизмати) бошлиғи вазифасини бажаришни топширди. Ўша йилнинг август ойида Президентнинг Ҳиндистонга расмий ташрифи кўзда тутилган эди. Менга бу ташрифнинг хавфсизлик нуқтаи назаридан ташкил қилиш масаласини ҳал этиш топширилди. Бу ўта муҳим ва шарафли вазифа эди.
Бу Президент И.А. Каримовнинг биринчи хорижий расмий ташрифи эди. Ҳали хорижга Президент сифатида расмий ташриф билан бирор марта бормаган Президентнинг биринчи ташрифини ташкил қилиш учун жуда эҳтиётлик ва моҳирлик билан ҳаракат қилиш керак эди. Президентнинг Ҳиндистонга қилган ташрифи ҳақида алоҳида сўз юритишга тўғри келади.
Расмий ташриф ҳақида Фармойиш чиққандан кейин бу ташрифни ташкил қилиш учун ўша вақтда Вазирлар маҳкамаси раисининг ўринбосари Б.Ҳамидов, Президент маҳкамаси бўлим бошлиғи Ф.Тешабоев, ТИВ бўлим бошлиғи А. Расулев ва ПХХ бошлиғи вазифасини бажарувчи С.Муҳаммадқуловлардан иборат ишчи гуруҳ тузилди. Бу гуруҳнинг асосий вазифаси Ҳиндистонга бориб, Президентнинг расмий ташрифи билан боғлик ҳамма муаммоларни ҳал қилишдан иборат эди. Ишчи гуруҳ Ҳиндистонга 4 кунга бориб ҳамма масалаларни муваффақият билан ҳал қилиб келди. Аммо 4 кун ичида жуда кўп муаммоларни ҳал қилишга тўғри келди.
Бу муаммолардан энг каттаси Президент И.А. Каримов Ҳиндистон Президентининг таклифига биноан ташриф буюриши керак эди. Ўзбекистон Президентининг ўз олдига қўйган масалаларидан энг асосийси Ҳиндистон Бош вазири билан учрашиш эди. Аммо Ташқи ишлар вазирлиги эса бизга рад жавобини берди. Улар Ҳиндистондай буюк давлатнинг Бош вазири СССР нинг алоҳида республикалари Президентларини қабул қилмайди, шу кетишда эрта — индин 16 та Президентни қабул қилишига тўғри келади деб баҳона қилишди.
Лекин ишчи гуруҳ қатъийлик билан гуруҳ олдига қўйган мақсадларни амалга оширишга ҳаракат қилар эди.
Хулоса қилиб айтганда, бу муаммолар катта тортишув ва баҳслардан кейин хал килинди. И.А. Каримов ўз олдиларига қўйган мақсадларини амалга оширдилар ва Ҳиндистон Бош вазири билан учрашиб кўп муммоларни ҳал қилишга эришдилар. Президентимиз И. А. Каримовнинг Ҳиндистонга қилган сафарлари у кишига жуда қаттиқ ижобий таъсир кўрсатди.
Ҳиндистонда юриб афсус билан "Агар самарқандликлар ва андижонликлар Бобурни ўз шаҳарларидан қувмаганларида Ҳиндистон шаҳарларида қурилган маданий ёдгорликлар Ўзбекистонда қурилар эди, бундан эса халқимиз жуда кўп маънавий ва моддий фойда олар ва ватанимизнинг обрўсига яна обрў қўшилар эди", — деб айтган эдилар.
— Дунёдаги мўъжизалардан бири "Тож Маҳал" уларга жуда ҳам қаттиқ таъсир қилди. Усталар оқ мармардан қурилган бу бинони қуришда ўша давр архитектура, қурилиш ва фанининг барча муваффақиятларидан фойдаланганлари, қурилиш материаллари сифатида энг нозик ва сифатли 20 дан ортиқ хил қимматбахо тошлар билан безатилганлиги, симметрия қоидаларининг миллиметргача ҳисобга олинганлиги, зиёратчилар учун алоҳида меҳмонхона ва мачитнинг қурилгани, бутун бир салобатли комплексни ташкил килгани у кишини лол қолдирди.
— Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласи томонидан қурилган қасрлар, мачитлар, улкан иншоотлар ва мақбараларни кўриб ҳаётнинг аччиқ ҳақиқати — "оқар сувнинг қадри йўқ", деган иборани яна эсладилар.
— Махатма Ганди, Ж. Неру, Индира Ганди ва Р. Ганди қабрларини зиёрат қилиш, Р.Гандининг уйида бўлиб унинг хотини Сония Ганди ва болалари билан суҳбат қилиш улар учун алоҳида унутилмас воқеа бўлди…
Ҳиндистон ташрифининг тугашига 2 соат қолганда, яъни делегациянинг расмий ташрифи якунланиб, Деҳлидан Аграга учиб келиб, "Тож Маҳал" ни зиёратидан кейин "Хумоюн" меҳмонхонасига келганимизда "Москвада ГКЧП ҳокимиятни ўз қўлига олибди", деган хабарни олдик. Президент мени чақириб ҳозироқ учиб кетишимизни таъминлашни сўрадилар. Мен Г.М.Рафиқов билан Агра Аэропортига келиб муддатидан 1,5 соат олдин делегациянинг Тошкентга қараб учишини таъминлашга ёрдам бердим ва президентнинг қароргоҳига телефон қилиб ахборот бердим.
Шундай қилиб Ўзбекистоннинг биринчи Президенти И.А.Каримовнинг биринчи хорижий расмий ташрифи Ҳиндистондек буюк давлатга бўлиб, бу ҳам бўлса ота-боболаримиз қурган мўъжиза "Тож Маҳал" ни зиёрат қилгандан кейин "Хумоюн" меҳмонхонасига келганда Ўзбекистоннинг мустақиллигидан дарак берувчи воқеаларнинг бошланишига тўғри келди. Балки бу Оллоҳнинг президентимизга қилган иноятидир.
Бу воқеадан кейинги 1 ҳафта —10 кунда жуда муҳим ва тарихий воқеалар юз берди. Ўзбекистон Республикаси Олий кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида (31 август 1991 йил) президентимиз 1 — сентябрни Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик куни деб эълон қилдилар.
Дарҳақиқат бу тарихий кун бўлиб қолди. Ислом Абдуғаниевич Каримов ҳали Ўзбекистон компартияси марказий комитетининг биринчи котиби бўлган вақтларидаёк халқимиз учун ўта муҳим қарорларни қабул қилган эдилар.
Юқорида қайд этилган Фарғона, Бўка ва Паркент воқеаларининг асл сабабларини таҳлил қилиб, асосий сабабларидан энг каттаси ер масаласи ва иқтисодий шароитнинг оғирлиги, бундан эса сиёсий ва ижтимоий инқироз келиб чиқаётганини билган ҳолда, Москвадан сўрамасдан, 400 минг гектарга яқин ерни 2,5 миллион оилага томорқа сифатида бепул тақсимлашга қарор чиқардилар. Агар советлар бошқарган 70 йил мобайнида Ўзбекистонда 300 минг гектар томорқа сифатида берилганлигини инобатга олсак, бу қарор қандай улкан аҳамиятга эга эканлигини тушуниш кийин эмас.
Бу қарор халқимизнинг тинч-тотув яшашини таъминлайдиган улкан омил эди, чунки энди халқ яратувчилик йўлини танлаган эди. Биринчи президентимизнинг халқимиз ва давлатимиз учун яна бир катта яхшиликлари Ўзбекистон компартияси тақдирини тўғри ҳал қилганлари эди.
Маълумки, Россия Президентининг икки қарори СССР нинг тарқалиши учун катта замин тайёрлади. Биринчиси "Россиянинг суверинитети ҳақида", иккинчиси эса "КПСС нинг фаолиятини тўхтатиш ҳақида" ги Фармони эди. Б. Ельциннинг "КПСС нинг фаолиятини тўхтатиш ҳақида" ги Фармони 19 миллион партия аъзоларининг давлатга ва КПСС га бўлган ишончини сўндирди.
Иттифоқ, республика, ўлка, область, район ва катта завод-фабрикалар партия ташкилотларининг минглаб ходимларини кўчага улоқтирди. Натижада, бу ходимларнинг оилаларига ҳам катта зарба берилди. Тез орада Россияда юзлаб партия, ҳаракат ва бошқа ташкилотлар тузилиб мансаб учун курашлар авж олиб кетди.
Ислом Абдуғаниевич эса, бу масалага ҳам, инсонийлик нуқтаи назардан ва ғамхўр раҳбар сифатида қараб, Ўзбекистон компартияси ўрнида Ўзбекистон халқ демократик партиясини ташкил қилиб, партия аъзоларига ҳурмат ва эътибор кўрсатдилар, ҳамда партия ташкилотларининг турли поғоналарида хизмат қилаётган минглаб ходимларини ҳимоя қилдилар. Кейинчалик бу ходимлардан саралаб олиб давлатнинг бошқа орган ва ташкилотларидаги турли лавозимларга тайинладилар.
Президент И.А. Каримовни баъзи оммавий ахборот воситалари қаттиққўл, демократия принципларига итоат қилмайдиган раҳбар сифатида кўрсатишга ҳаракат қилмокдалар. Аммо 1991 йилда диний экстремистлар томонидан Наманганда ташкил этилган оммавий тартибсизликларни эсласак биринчи Президентимизнинг кандай хислатларга эга эканликларини тушуниб оламиз.
Ўзбеккистоннинг янги тарихида Наманган воқеалари номи билан кирган бу даҳшатли кунларда, Ислом Абдуғаниевич ҳеч нарсадан қўрқмасдан, 3-4 та раҳбар ва 2 нафар хос соқчилари билан давлатга нисбатан кескин салбий кайфиятдаги оломон ичига кириб борганлари, халқдан республиканинг раҳбарлари ва ҳукумати номидан кечирим сўраб мамлакатнинг оғир сиёсий ва иқтисодий шароитларини тушунтириб оломонни тинчитганлари таҳсинга сазовор эмасми? Наманган вилоятида кейинги йилларда диний экстремистлар томонидан давлат ва халққа нисбатан амалга оширилган жиноятлар Ислом дини таркибида пайдо бўлган турли экстремистик ташкилотларга нисбатан президент ўз муносабатларини ўзгартиришга мажбур бўлдилар. Республикадаги ҳамма соҳаларда оғир шароит вужудга келган даврда Президент И.А. Каримов донишмандлик билан сиёсат олиб бормаганларида халқимиз бошига катта кулфатлар тушиши аниқ эди. Тожикистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Арманистон ва Украина республикаларидаги қонли воқеалар Президент Каримовнинг тўғри сиёсат олиб борганларини исботлайди.
Шунинг учун шундай оғир вақтларда Биринчи Президент ёнларида туриб уларга хос соқчиларининг бошлиғи сифатида хизмат қилганимдан фахрланаман. Президентнинг Самарканд, Бухоро, Хива, Қарши, Термиз ва Шаҳрисабз каби тарихий шаҳарларнинг юбилейларини ўтказганлари Ўзбекистонни ЮНЕСКО халқаро ташкилоти ёрдамида дунёга таништиришга эришганлари катта аҳамиятга эга.
Биринчи Президентимизнинг ташаббуслари билан Амир Темур, Улуғбек, Бобур, ибн Сино, Мотрудий, Термизий, Исмоил Бухорий, Ғиждувоний, Нақшбандий, Фарғоний, Марғилоний ва бошка буюк ватандошларимизнинг юбилейларини ўтказилиши мамлакатимиз обрўсини халқаро миқёсда кўтаришга хизмат қилди.
Республиканинг аввалги раҳбарларидан қолган Фарғона воқеалари, "Пахта иши" га ўхшаган сунъий равишда юзага келтирилган ташвишли муаммоларни ҳал қилгани, Ш.Р. Рашидовнинг 75 йиллик юбилейида нутқ сўзлаб "Ш. Рашидов сиёсий реабилитацияга муҳтож эмас, чунки у киши сиёсий жиноят қилгани йўқ" — деб айтган сўзлари учун халқимиз Президент И. А. Каримовдан ҳамиша миннатдор бўлиб қолади. “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди