Депутат Тошкентда прописка очилса жиноятчилик кўпайишидан «огоҳлантирди»

  • 3-12-2018, 23:33
  • 1 216
  • Жамият
  • Депутат Тошкентда прописка очилса жиноятчилик кўпайишидан «огоҳлантирди»
    Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Умирзоқов «Facebook»даги саҳифасида Тошкент пропискаси, аҳолининг бир жойда иккинчи жойга кўчиши ҳуқуқи юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

    «Урбанизация жараёни жадал кечган ривожланаётган давлатлар тажрибасидан ҳам маълумки, агар давлат яшаш шарт-шароитлари қолган худудларга нисбатан бир оз яхши бўлган йирик шаҳарларда рўйхатдан ўтиш бўйича самарали қатъий назорат ўрнатмаса, турли хил сабабларга кўра криминоген вазият салбий томонга ўзгаради. Ҳаттоки ўзига хос, «Дунёнинг жиноятчилик авжига чиққан шаҳарлари» рейтинги мавжуд. Ушбу рейтингда биз учун бориб кўриш орзу бўлган Франция пойтахти Париж ҳам бор.

    Буни ҳаттоки, Парижда бўлган япон туристлари «Париж синдроми ёки Париж ҳайрати (шоки)», деб аташади» дейди Умирзоқов.

    Аввалроқ сайтимизда ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиевнинг «Тошкент пропискаси: қадрни топташми ёки қонунга айланган бизнес?» номли мақоласи берилган эди.

    Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28-моддасида Ўзбекистон Республикаси фуқароси республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга. Қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустаснодир, деб белгиланган.

    «Нима учун, бир жойдан иккинчи жойга кўчишга қонунда белгиланган тартибда чеклашлар киритилиши мумкин? Бунинг асосий сабаби Ўзбекистон Республикаси БМТ Бош Ассамблеянинг 1966 йил 16 декабрдаги 2200 А (XXI)-сонли резолюцияси билан қабул қилинган ва 1976 йил 23 мартда кучга кирган Фуқаролик ва сиёсий актлар тўғрисидаг халқаро пактга қўшилганидир. Ушбу пактнинг 12 моддаси мувофиқ :

    1.Бирор-бир давлат ҳудудида қонуний равишда турган ҳар бир киши ушбу ҳудуд доирасида эркин кўчиб юриш ва яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эга.

    2. Ҳар бир киши ҳар қандай мамлакатни, жумладан ўз мамлакатини тарк этиш ҳуқуқига эга.

    3. Юқорида қайд этилган ҳуқуқлар ҳеч қандай чеклаш объекти бўлиши мумкин эмас, қонунда назарда тутилган давлат хавфсизлигини, жамоат тартибини, аҳоли саломатлиги ёки маънавиятини ёки бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш учун зарур бўлган ва ушбу Пактда эътироф этилган бошқа ҳуқуқларга мос келадиган чеклашлар бундан мустасно.

    Демак, халқаро ҳуқуқ ва конституциямиз, шу асосда қабул қилинган «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 йил, 37-сон, 375-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 февралдаги 41-сон «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида»ги қарорига инсон ҳуқуқлари бузулиши сифатида қараш, бизнинг назаримизда мутлақо хато ёндошувдир» дея ёзган депутат.

    Шунингдек, Канадада истиқомат қилаётган юртдошимиз Фарҳод Файзуллаевнинг прописка туфайли четга кетиб қолаётган ўзбекистонликлар ҳақида мулоҳазалари ҳам чоп этилганди.

    » » Депутат Тошкентда прописка очилса жиноятчилик кўпайишидан «огоҳлантирди»