20:12 / 29.03.2019
8 918

Қўқонда Худоёрхон ўрдасининг суратлари тақдим этилди (фото)

Қўқонда Худоёрхон ўрдасининг суратлари тақдим этилди (фото)
Қўқон шаҳрида Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 1 ноябрдаги «Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тўғрисида«ги қарори асосида жорий йилнинг 10—15 сентябрь кунлари халқаро ҳунармандчилик фестивали бўлиб ўтади, айни пайтда мазкур тадбирга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Шаҳарнинг диққатга сазовор жойлари, қадамжолари, уста-ҳунармандлар фаолияти билан ЎзА таништиради.

Қўқонда Фарғона водийсидаги бошқа шаҳарларга нисбатан меъморий ёдгорликлар кўп сақланиб қолган. Даҳмайи шоҳон, Жоме масжиди, Комолқози (Хўжа додхоҳ), Норбўтабий, Миён ҳазрат, Дастурхончи мадрасалари, Мадарихон даҳмаси, Худоёрхон ўрдаси ва бошқа кўплаб ёдгорликлар шаҳарнинг тарихий қиёфасини белгилаб, унинг ҳуснига ҳусн бағишлаб турибди.

Фото: ЎзА
XIX асрнинг муаззам ва муҳташам обидаларидан бўлмиш Худоёрхон ўрдаси Туркистон заминида мавжуд машҳур уч сарой иншоотидан биридир. Қўқон хонлиги даврида хонлар томонидан олти марта Ўрда (сарой) қурдирган. Замона зайли билан улар вайрон бўлиб, фақат охирги ўрда – Худоёрхон ўрдасининг кичик бир қисмигина сақланиб қолди.

Манбаларнинг хабар беришича, Худоёрхон ўрдаси ўрнида Амир Умархон ўрдаси бўлган. Муҳаммад Алихон даврида мазкур иншоот мукаммал таъмирланиб, «Зарринсарой» деган ном олган, баъзан «Қирқустун» деб ҳам аталган. Ушбу гўзал иншоот 1842 йилдаги уруш пировардида Бухоро амири Насруллохон томонидан вайрон этилган.

Саййид Муҳаммад Худоёрхон тахтга ўтиргач, «Жаҳоноро» саройида истиқомат қилган. Сарой эскириб қолганлиги, бу ерда отаси ва акаси фитна қурбони бўлганлиги туфайли, янги ўрда қурдириш фикрига тушади. Бу фикр ёшлигида туғилган бўлсада, шароит тақозоси билан бу ишга 1865 йилдагина кириша олади. Умархон хотирасини ёдга олиб, янги ўрдани Умархон ўрдаси харобалари ўрнига қуришни мўлжаллайди.

Бош меъморликка Мир Убайдулло Муҳандис, саркорликка Муҳаммад Турдиали тайинланади. Шунингдек, Уста Абдулло Рошидоний, ака-ука Уста Жамол ва Уста Жамил, Уста Зокир, Мулло Суярқул, Уста солихўжа, Фозилхўжа Бухорий, Уста Ҳакимбой, Уста Сўфи Йўлдош, Уста Марасул, Исабой Маҳсум, мулла аҳмад Домулло, Муҳаммад Олим Сирчи ва бошқа атоқли усталар қурилиш ишига жалб этилади.

Фото: ЎзА
Дастлаб ганчдан иншоотнинг «сурати» тайёрланади. Лойиҳа тайёрлашда Амир Умархон даврида барпо этилган боғни қайта тиклашга ҳаракат қилинади. Сарой қурилишида Фарғона усталари билан бирга Бухоро, Самарқанд ва Ўрта Осиёдаги бошқа шаҳарларнинг қурувчи-усталари фаол қатнашди. Қурилиш ишларини тезлаштириш мақсадида хон халқни ҳашарга жалб этади. Жами қурилиш ишларида 16 минг аҳоли, 80 нафар уста ишлайди, мингдан ортиқ арава ва замбилғалтакдан фойдаланилади. Қурилишнинг асосий қисми 1870 йилда тугаллансада, айрим безак ишлари бир қанча вақт давом эттирилади. Унинг расман қуриб битказилган санаси 1873 йил деб белгиланган.

Фото: ЎзА
Ўрда биноси ўша даврнинг йирик сарой иншоотларидан бўлиб, майдони саккиз гектарни эгаллаган. Атрофи қалъа сифатида баланд бинолар, қалин деворлар билан ўраб олинди. Қалъа атрофига чоҳ қазилиб, Қўқонсойдан чиқарилган анҳор оқизилиб, яна сойга ташланади.

Иншоот тўрт таркибий қисмдан иборат бўлган:
1. Ташқи сарой (қалъа).
2. Ўрта сарой.
3. Боғ.
4. Ички сарой.

Фото: ЎзА
Ҳар бир қисмнинг шарқ томонга қараган ва бир ўқ йўналиши устида жойлашган ўз дарвозаси бор эди. Биринчи дарвоза ҳозирги боғнинг рамзий дарвозаси ўрнида бўлган. Саройнинг ўймакор эшигини ишлаган уста Мақсумхўжа Ғозиён мадрасасидаги катта эшик ва Тошкентдаги Шайхонтоҳур эшигини ҳам қўлдан чиқарган. Ўрданинг безак ишларида халқ меморчилик санъатининг бадиий кулолчилик, наққошлик, ёғоч, ганч ўймакорлиги ва бошқа кўп турларидан фойдаланилгаи. Моҳирлик билан терилган турли ранг ва ҳар хил шаклдаги кошинлар уйғунлиги ҳамда нафислиги Фарғона кулоллик санъати XIX асрда юксак даражага етганлигидан далолат беради.

Фото: ЎзА
Мазкур бинода 1925 йилда Қўқон шаҳар ўлкашунослик музейи ташкил этилган. 2017 йилдан эса музей «Қўқон маданияти тарихи давлат музейи» мақомини олди. Албатта шаҳарга ташриф буюрган меҳмон ва хорижлик сайёҳлар Худоёрхон ўрдасини томоша қилмасдан кетмайди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қўқонда Худоёрхон ўрдасининг суратлари тақдим этилди (фото)