16:50 / 14.12.2019
7 056

Хусусий нотариуслар фаолияти қандай бўлади?

Хусусий нотариуслар фаолияти қандай бўлади?
Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Низомга кўра, нотариус фаолиятини лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Нотариусни ҳисобга қўйиш ва уни ҳисобдан чиқариш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Нотариус ҳисобга қўйилганидан сўнг, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари бу ҳақда эртасидан кечиктирмай Нотариал палатанинг тегишли ҳудудий бошқармасига хабарнома юборади. Хабарнома Нотариал палатанинг тегишли ҳудудий бошқармасига келиб тушган пайтдан эътиборан Нотариал палатанинг аъзоси бўлади ва нотариус мақомига эга бўлади.

Нотариус юридик шахс ташкил этмасдан ўз идорасига эга бўлади, банкда ҳисоб рақам ва бошқа ҳисоб варақлар очади, ходимлар билан меҳнат шартномалари тузади ва уларни бекор қилади, иш фаолиятини ташкил этиш учун мутахассислар ёки юридик шахслар билан фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар тузиш ҳуқуқига эга.

Нотариус ўзининг фаолиятини бошлашдан олдин ўз фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилдириши шарт.
Нотариус фаолият юритадиган бино ўзининг нотариал округи доирасида жойлашган бўлиши шарт.
Нотариуснинг номида “хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус” сўзлари бўлиши, тегишли туман, шаҳар кўрсатилиши лозим.

Нотариуснинг номида унинг фамилияси, исми ва отасининг исми кўрсатилади. Мисол учун: “Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳридаги хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Ашуров Дилшод Рустамович” деб номланади.

Нотариуснинг муҳри Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланган ягона намунага мувофиқ тайёрланади.
Нотариус ўз муҳрининг эскизини келишиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармаларига тақдим этади.

Нотариус муҳрининг эскизи Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 28 августдаги 401-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган муҳрлар ва ҳужжатлар бланкалари тайёрлаш, фойдаланиш, сақлаш ва йўқ қилиш тартибига мувофиқ кўриб чиқилади ва натижаси ҳақда нотариусга хат берилади.

Нотариал ҳаракатларни амалга оширишда нотариуслар давлат нотариал идораси нотариуси билан тенг ҳуқуқларга эга бўлади ва бир хил мажбуриятларни зиммасига олади. Улар томонидан расмийлаштирилган ҳужжатлар бир хил юридик кучга эга.

Нотариус ходимлари
Нотариус стажёр, ёрдамчи, котиб, шунингдек нотариал фаолиятни ташкил этиш билан боғлиқ бошқа ходимларга (таржимон, оператор, курьер ва бошқа) эга бўлиши мумкин.

Нотариус нотариал идора ходимларини лавозимига тайинлашда ва лавозимдан озод қилишда мустақилдир, мазкур Низомнинг 13 – 14-бандларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Нотариус фаолиятини якка ўзи ёки ходимлари билан бирга амалга ошириши мумкин.
Нотариус ўзининг иш ва дам олиш вақтини, меҳнат таътилини мустақил белгилайди.
Нотариус ходимларнинг меҳнат фаолиятини меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига асосан ташкил этади.

Нотариус ходимлар ҳақидаги маълумотни уларни ишга қабул қилгандан бошлаб уч иш кунидан кечиктирмасдан давлат солиқ хизмати органлари ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимларига тақдим этиши лозим.

Нотариус стажёрини ишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатасининг тегишли ҳудудий бошқармаси тавсиясига асосан бириктирилган нотариус томонидан амалга оширилади. Нотариус томонидан нотариус стажёрини ишга қабул қилишни рад этишга йўл қўйилмайди.

Стажировка нотариал идорада ўталади. Нотариус стажёри ўз фаолиятини нотариус раҳбарлигида, унинг алоҳида топшириқларини бажарган ҳолда амалга оширади.

Стажёрга раҳбар этиб нотариуслик лавозимида камида уч йил ишлаган нотариус тайинланади. Бунда бир нотариусга навбат асосида ва қоида тариқасида битта стажёр бириктирилади.

Нотариус стажёрининг фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Нотариал палата билан биргаликда белгиланади.
Нотариус ёрдамчисини ишга қабул қилиш Нотариал палатанинг тегишли ҳудудий бошқармаси билан келишилган ҳолда нотариус томонидан амалга оширилади.

Нотариал палатанинг тегишли ҳудудий бошқармаси нотариус ёрдамчисини ишга қабул қилишни рад қилишига асос номзоднинг Ўзбекистон Республикаси “Нотариат тўғрисида”ги Қонунининг 2-моддаси талабларига мос келмаслиги ҳисобланади.

Нотариус томонидан ходимларнинг вазифалар тақсимоти белгилаб берилиши мумкин.

Нотариал фаолият ва уни молиялаштириш
Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга ҳуқуқий ва техник тусдаги хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ фаолият нотариал фаолият ҳисобланади.

Нотариус нотариат соҳасида давлатнинг функциясини амалга оширувчи шахс сифатида оммавий-ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиси ҳисобланади.
Барча нотариал ҳаракатлар “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Нотариусларнинг Тизимдан фойдаланиш ҳамда унга уланиши учун қўйиладиган техник ва дастурий талаблар ва ахборот хавфсизлиги сиёсати Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Нотариуслар Тизимдан фойдаланишда қуйидагиларга мажбур:
- барча нотариал ҳаракатларни амалга оширишда фуқароларнинг шахсини аниқлашнинг замонавий текшириш усулларидан фойдаланиш;
- нотариал ҳаракатларни Тизимда мажбурий қайд этиш;
- тизимга нотўғри ва хато маълумотлар киритилишига йўл қўймаслик.

Нотариус Тизимдан фойдаланганлиги учун ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланган миқдорда тўлов тўлайди.
Нотариус ўз фаолиятини мустақил молиялаштиради.

Нотариуснинг нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик ҳамда ҳуқуқий ва техник тусдаги хизматлар кўрсатганлик учун олган пул маблағлари унинг фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади.

Нотариус томонидан ундириладиган тушумлар тақсимоти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги томонидан тақсимланадиган ҳар бир нотариуснинг шахсий ғазна ҳисобварағига келиб тушадиган маблағлар қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда тегишли ҳисобварақларга йўналтирилади.

Нотариусларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш
Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазирлиги, адлия бошқармалари, заруратга қараб Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги нотариусларнинг фаолиятини ташкил этишда:

- жисмоний ва юридик шахслар мурожаат қилишлари учун қулай бўлган жойлардан нотариусларга зарур бино ва иншоотлар, шунингдек, бундай бино ва иншоотларни қуриш учун ер участкаларини ажратилишига кўмаклашади;
- нотариусларнинг Тизимга уланиши ва ундан фойдаланишини таъминлайди;
- нотариусларнинг малакасини оширишга доир тадбирларни амалга оширишга кўмаклашади;
- нотариусларни хорижий мамлакатларда тажриба алмашишига ёрдам беради.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Хусусий нотариуслар фаолияти қандай бўлади?