Фарғонада «Мансур Казанский» 100 минг доллар пора олаётганда ушланди!

Фарғона шаҳрида «Мансур Казанский» лақаби билан танилган Мансур Арипов 100 минг доллар олаётган вақтида қўлга олинди. У ва 1968 йилда туғилган шериги фуқарога тегишли 1,2 млн долларлик нотурар жойни қайтариб бериш эвазига товламачилик йўли билан 200 минг доллар талаб қилганликда гумонланмоқда. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 165-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар процессуал тартибда ушланди.
Фарғона шаҳрида уюшган жиноятчиликка алоқадор бўлган, «Мансур Казанский» лақаби билан танилган Мансур Арипов ва унинг шериги қўлга олинди. Улар фуқарога тегишли нотурар жойни қайтариб бериш эвазига товламачилик йўли билан 200 минг доллар талаб қилганликда гумонланмоқда.
Бу ҳақда Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати расмий баёнот берди.
1,2 млн долларлик битим ва 200 минг долларлик «тузоқ»
Текширув тафсилотларига кўра, Мансур Арипов Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаронинг 1 миллион 200 минг долларга тенг бўлган нотурар жойини сотиб олишга келишади. Келишувга кўра, ҳисоб-китоб ушбу объектни гаровга қўйиш ва банк кредити олиш орқали амалга оширилиши керак эди.
Бино нотариал тартибда Арипов номига расмийлаштирилгач, у кредитнинг ойлик тўловлари ҳамда фоиз ставкалари билан танишиб чиқиб, кредит олишдан бош тортган.
Товламачилик схемаси: М. Арипов бинони асл эгасига қайтариб бериш ўрнига, уни жабрланувчи номига қайта расмийлаштириш эвазига 200 минг доллар талаб қила бошлаган.
Бундан ташқари, у 1968 йилда туғилган шериги билан бирга жабрланувчининг тадбиркор ҳамкорига ҳам руҳий босим ўтказиб, унинг ўзига нисбатан қораловчи материаллар тўплангани ва жиноий жавобгарликка торттириш билан қўрқитиб, пул беришга мажбурлаган.
Нотариал идорадаги тезкор тадбир
Фарғона вилояти ИИБ ҳамда ДХХ ходимлари ҳамкорлигида махсус тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида гумонланувчи Фарғона шаҳрининг Бурҳониддин Марғиноний кўчасида жойлашган нотариал идорада нотурар бинони қайтариб бериш эвазига 100 минг долларни ашёвий далил билан олаётган вақтида воқеа жойида ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар процессуал тартибда ушланган.
Ҳуқуқ-тартибот органлари мурожаати: Ушбу шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролар бўлса, дарҳол 102 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб хабар беришлари сўралади.
Фикрингизни изоҳда қолдиринг ва мақолани танишларингизга Telegram ёки бошқа ижтимоий тармоқлар орқали улашинг.































Изоҳлар 0
…