22:48 / 21.01.2021
5 778

Бир кўзли дажжол қачон ерга тушади?

Бир кўзли дажжол қачон ерга тушади?
Бувам дин илмини чуқур биладиган инсон эдилар. Биз набираларига қизиқарли ривоятларни кўп сўзлаб берардилар. Яқинда бувамнинг болалик давримда бир кўзлик дажжол ҳақида сўзлаб берган ривоятлари эсимга тушиб қолди.

Қадимги китобларда ёзилишича, узоқ келажакда осмондан ерга бир кўзли дажжол тушаркан. Жуда баҳайбат бу дажжолни одамлар катта бир уйга қамаб қўйишади ва нималигини билиш учун синчиклаб ўргана бошлашади. Чунки у одамларга ҳеч қандай зиён етказмас экан. Лекин одамлар дажжол ҳали не-не кулфатлар келтиришини билишмас экан.

Тез кунларда бир кўзли дажжол кўпайиб кетиб, улар бутун бир шаҳарни ва кейинчалик ўша давлатни эгаллаб олишади. Бир неча йиллар ичида дажжоллар турли шаклларга кириб, ер юзига тарқалиб кетишади. Ерликлар қанча тилда сўзлашса, улар ҳам шунча тилни ўзлаштириб олишади. Кўп ўтмай дажжоллар сони ер шаридаги одамлар сонидан ҳам ошиб кетади. Улар нафақат ер устида, балки ер остида ҳам, дарё ва денгизларда ҳам одамларни доим таъқиб қилиб юришади. Одамлар дажжоллардан тоғу тошларга ҳам, ўрмону уммонларга ҳам, ҳатто осмонга ҳам қочиб қутула олишмайди. Одамлар уларнинг мақсадини билолмай хавотирга тушишади. Бироқ энди кеч эди...

Бир кўзли дажжол ва унинг гумашталари одамлар ақлини ўғирлаб, уларнинг руҳини синдириш ва ўзига тобе қилишни режалаштирадилар. Шу йўл билан улар минг йиллар давомида инсоният яратган барча бойликларга эга бўлиб, ердаги ҳукмронликни қўлга киритмоқчи бўладилар. Бу ғаразли мақсадини амалга ошириш учун бир кўзли дажжоллар турли шаклга кириб, одамларни чуқур ўрганишда давом этишади. Айниқса, улар ҳамма нарсага ишонувчан ёшларни нишонга олишади, улар билан кечаю кундуз бирга бўлишади, кўнгилхушлик қилишади. Дажжоллар бир неча йил ичида одамларни ақлдан оздира бошлайди, уларнинг хулқ-атворини ўзгартириб юборади.

Одамлар ақли ҳар хил бўлганлиги боис, кимдир ақлдан камроқ, кимдир кўпроқ озади. Ҳамма гап шундаки, дажжоллар дастлаб ақлли одамлар руҳиятини издан чиқаришга интилишади. Кўп ўтмай ер юзида даҳшатли воқеалар рўй бера бошлайди. Фарзандлар ота-онасидан, ота-оналар фарзандларидан воз кеча бошлайди, яъни одамзод бутун меҳрини ўша дажжолга беради. Дажжоллар сони жуда кўплиги ва ўта айёрлиги боис, уларга ҳеч ким бас кела олмай қолади.

Дажжоллар, аввало, қудратли давлатларни эгаллаб, аҳолисини ақлдан оздиради, уларни ахлоқсиз хатти-ҳаракатларга ундайди. Ер юзида ҳайвонсифат одамлар пайдо бўла бошлайди, кўчаларда ярим яланғоч юрадиганлар кўпаяди. Бундайларнинг на қариялар, на бетоблар, на бева-бечораларга раҳми келади. Одамларнинг нутқи ва талаффузи ҳам ўзгаради, улар инсониятга хос бўлмаган ғалати тилда гаплашадиган, ғалати қилиқлар қиладиган бўлиб қолишади. Бир кўзли дажжоллар бора-бора одамларга ўз она тилида гаплашишни тақиқлаб қўйишади. Улар фақат дажжоллар орқали сўзлашадиган бўлиб қолишади. Вазият шундай бўладики, фарзандлар ҳатто ота ёки онаси билан ҳам дажжол орқали сўзлашади, Улар ўзлари билмаган ҳолда дажжолнинг қулига айланиб қолишади.

Ҳаддидан ошиб бораётган дажжолларга қарши инсоният бир тану бир жон бўлиб, салиб урушини эълон қилади. Ҳатто асрлар мобайнида бир-бирини кўра олмайдиган давлатлар бирлашиб, бор кучини йилдан-йилга миллионлаб кўпайиб бораётган дажжол ва унинг гумашталарини йўқотишга сафарбар қилишади. Бироқ кучлар тенг эмас эди. Инсонлар қирғинга учрай бошлайди. Дажжоллар эса кўпайишда давом этаверади, улар кўпайган сайин янада айёрлашиб боради. Бора-бора дажжоллар нафақат одамлар, балки турли ҳайвонлар тилини ҳам ўзлаштириб олишади.

Одамларнинг дажжолларга қарши курашидан уларнинг қаҳри шу қадар ошиб кетадики, охир-оқибат улар ёш болаларни ўз ота-оналарига қарши гиж-гижлай бошлашади. Бунинг оқибатида болалар ёмон йўлларга кириб, ота-оналарига бўйсунмай қўйишади ва дажжоллар ёнини ола бошлашади. Одамлар ва дажжоллар орасидаги қирғинработ уруш узоқ йиллар давом этади. Ўртада жуда кўп қурбонлар берилади. Дажжоллар одамларни қиргани етмагандай, бир-бирининг гўштини егувчи одамлар сонини кўпайтиришга ҳаракат қилишади. Бўйи-басти турли хил дажжоллар, ҳатто ўз уйида неварасини тинчгина боқиб ўтирган қарияларни ҳам аяб ўтирмайди.

Уларнинг ҳам асабини қуритиб, руҳиятини издан чиқаришади. Натижада ақлдан озган қариялар невараларига бемеҳр бўлиб қолишади. Ҳатто дажжол бағрида жон берувчи қариялар пайдо бўлади. Ёш оналар очликдан чирқираётган норасида гўдакларга ҳам қарамай қўйишади. Бемеҳр дажжоллар етимхоналарга, мактаб ва боғчаларга ҳам бостириб киришади, корхоналарни эгаллаб олишади. Бир кўзли дажжоллар эшикдан ҳам, тешикдан ҳам кириб келишаверади. Инсоният пайдо бўлгандан буён бундай балони кўрмаган эди. Ажабланарлиси шундаки, улар ҳайвонларга тегишмас экан. Бироқ ҳар эҳтимолга қарши уларни кузатувга олишаркан. Масалан, ўрмондаги ҳайвонларни, сувдаги балиқларни, осмону фалакдаги қушларни узоқдан билиб-кўриб турадиган дажжоллар пайдо бўларкан.

Йиллар ўтиб, юртда одамлар билан боғлиқ шармандали воқеа ва ҳодисалар авж олибди. Эркаклар эркаклигини, аёллар аёллигини йўқота бошлабди. Инсоният уруғини қуритиш учун айёр дажжоллар эндигина тўйи бўлган ёш келин-куёв гўшасига кириб олишаркан. Ёш келин-куёв гўшангада бир-бирининг эмас, балки ўша дажжолнинг кўзига тикилиб ётаркан. Дажжол тонг отгунча ёшларнинг миясига ёмон фикрларни сингдириб, уларни беҳаё қилиқлар қилишга ундаркан. Ўзи эса четдан томошабин бўлиб қараб тураркан.

Охир-оқибат инсоният дажжолларга кучи етмаслигини билиб, уларга таслим бўла бошлабди. Иродали одамларнинг ҳам асаблари қуриб, руҳияти издан чиқибди. Бир кўзли дажжоллар билан муросага келишишдан бошқа илож қолмабди. Дажжоллар бу ғалабани бутун ер юзида катта байрам қилиб нишонлашибди. Улар ўзларининг ерга тушган даврларига бағишлаб турли хил тадбирлар уюштирибди. Барча сарф-ҳаражатларни эса одамлар бўйнига юклашибди.

Кечагина уларга қарши курашиб юрган одамлар дажжоллар тўйларида елиб-югуриб хизмат қилишаркан, уларга иззат-икром кўрсатишаркан, уларнинг куч-қудратига ва ақлу заковатига ҳамду санолар ўқишаркан. Севги-муҳаббат, меҳр-оқибат, дўстлик ва садоқат нималигини билмайдиган бу дажжоллар инсоният устидан тўла ғалаба қозониш учун уларни ақлдан оздиришнинг янги ва янги усулларини ўйлаб топишдан тойишмапти ва дунёни бузишда давом этишаверибди.

Ҳатто кўзга кўринадиган, бироқ қўл билан ушлаб бўлмайдиган дажжоллар пайдо бўла бошлабди. Улар тугмадек тешикдан бемалол чиқиб, катта ҳажмга етар ва барча қилғилиқни қилиб, яна ўша тешикка кириб кетар эканлар. Бундай дажжолларни на таёқ билан уриб, на ўқ билан отиб бўларкан.

Одамлар устидан тўла ғалаба қозонишса ҳам дажжоллар қабиҳ ниятларини амалга оширишда давом этаверибди. Масжидлар, черковлар ва бошқа муқаддас жойларни ҳам эгаллаб олишибди. Вазият шундай тус олар эканки, одамлар ҳали тили чиқмаган фарзандларини ҳам дажжоллар билан дўстлашишга мажбур қилишаркан.

Оқибатда, чақалоқ аввал ота-онаси билан эмас, балки дажжол билан тил топишаркан. Бу вазиятни яхши тушунган дажжол болани ўзи тарбиялай бошларкан. Натижада ҳали боғча ёшига ҳам етмаган бола инсоният тилини эмас, балки дажжол тилини ўзлаштириб оларкан. Дажжоллар шу йўл билан одамлар жисмини ҳам, руҳини ҳам синдиришаркан.

Бутун дунёни зулмат босибди. Дажжоллар босимига бардош бера олмай ўз жонига қасд қилувчилар сони кўпайибди. Фарзанди келажагидан хавфсираб, дажжолни мажақлаб ташлаган муштипар онани бўғизлаб ўлдирадиган фарзандлар пайдо бўлибди.

Ушбу даҳшатли ривоятни юрагимни ҳовучлаб эшитаётганимни эслайман. Бу ҳолатимни сезган бувам сўзлашда тўхтаб, меҳр билан бошимни силаб, энди ухла, ярим тун бўлиб қолди деганлар. Мен қўрқа-писа бувамдан “Биз тириклигимизда бу дажжол ерга тушмайдими?” деб сўраганман. Бувам жилмайиб: “Сен қўрқма, биз тириклигимизда бу дажжол ерга тушмайди” деганлар.

Кейин билсам бувам бир оз адашган эканлар. Бир кўзли дажжол бувам тириклигида ерга тушмади-ю, бироқ мен тириклигимда ерга тушган экан. Улар – компьютер, ноутбук, турли хил планшет ва смартфонлар эди. Мен ҳам ушбу мақолани бир кўзли “дажжол” ёрдамида тайёрладим...

Зарифбой Ибодуллаевнинг
“Асаб ва руҳият” китобидан олинди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)