18:45 / 18.02.2021
656

Президент умумий қиймати 12 миллион доллар бўлган «Chust textile» корхонаси билан танишди

Президент умумий қиймати 12 миллион доллар бўлган «Chust textile» корхонаси билан танишди
Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев Чуст туманидаги «Chust textile» хусусий корхонасини бориб кўрди. Ёшлар ва хотин-қизларни иш билан таъминлаш - давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналиши. Шу мақсадда шаҳар ва туманларда тўқимачилик мажмуалари ташкил этилмоқда. Чунки бунинг учун хомашё, инфратузилма ва бозор бор.

«Chust textile» корхонаси «Наманган» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида ташкил этилган. Фабриканинг иккита комплексида 1 минг 300 киши меҳнат қилмоқда.

Корхона буюртмага қараб, барча турдаги устки ва ички кийимларни ишлаб чиқариши мумкин. 2020 йилда қарийб 2 минг тонна мато ҳамда 5 миллион 200 минг дона тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, Италия, Россия, Қозоғистон ва Тожикистон каби давлатларга 9 миллион доллардан зиёд экспорт қилинган. Жорий йилда экспортни 12 миллион долларга етказиш режалаштирилган.

Президент корхонадаги иш жараёнини, тайёр маҳсулотларни кўздан кечирди.

Фото: Президент матбуот хизмати
- Илгари эгилиб пахта экардик, эгилиб терардик, лекин бошқа давлатларни боқардик. Охирги йилларда яратилган имкониятлар туфайли янги корхоналар пайдо бўляпти, тадбиркорлар эмин-эркин ривожланяпти, қайта ишлаш даражаси ошяпти. Кластерлар тузиб, пахтани эгали қилганимиз учун унинг сифати ҳам ўзгараяпти. Пахта сифатли бўлса, тадбиркорга осон бўлади, маҳсулоти сифатли, рақобатбардош бўлади, - деди Шавкат Мирзиёев.

Яна бир жиҳати, корхона бинолари кўп материаллар сарфланмай, ангар усулида барпо этилган. Натижада қурилишнинг ўзидан 6 миллион доллар иқтисод қилинган.

Давлатимиз раҳбари бунинг маҳсулот таннархига, рақобатбардошлигига таъсирини таъкидлаб, бошқа тўқимачилик мажмуаларини ҳам шундай лойиҳа асосида қуриш бўйича кўрсатма берди.

Фото: Президент матбуот хизмати
«Chust textile» лойиҳасининг умумий қиймати қарийб 12 миллион доллар бўлиб, уч босқичга мўлжалланган. Тўлиқ қувватда йилига 5 минг тонна мато, 15 миллион дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш мумкин бўлади. Ишчилар сонини 2200 га етказиш режалаштирилган.

Шу ерда Наманган вилоятида амалга ошириладиган йирик инвестиция лойиҳалари тақдимот қилинди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Президент умумий қиймати 12 миллион доллар бўлган «Chust textile» корхонаси билан танишди