22:00 / 05.02.2022
1 511

Мутахассис: шеър ёдлатиш XXI аср педагогикаси эмас

Мутахассис: шеър ёдлатиш XXI аср педагогикаси эмас
Фото: Xabar.uz
Бугун Президент таълим муассасалари агентлиги ҳузурида ташкил этилган Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш марказининг фаолияти юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда бир қанча масалаларга тўхталиб ўтилди. Хусусан, раҳбар ва педагог ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш, малака ошириш курсларини ташкил этиш, давлат таълим талабларини ишлаб чиқиш, инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда давлат таълим талабларини ишлаб чиқиш каби масалалар ҳақида ҳам сўз юритилди.

Тадбирда марказ томонидан педагог кадрлар учун 7-12 феврал кунлари «Замонавий тренер дастури» номли тренинг машғулотлари ўтказилиши маълум қилинди. Бу дастур асосан Президент мактаблари, президент-ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблари ўқитувчиларини қамраб олади.

«Яхши ўқитувчи, яхши тренер ёки ментор дегани эмас. Биз ўқитувчилар нафақат ўқитиши, балки ўрганишини ҳам таъминламоқчимиз. Мақсад ўқитувчиларни йиқитиш эмас. Биз ўз устида ишламайдиган ўқитувчи қолишини истамаймиз», — дейди мактаблар фаолиятини мувофиқлаштириш маркази бошқарма бошлиғи Гавҳар Ишимова.

«Шеър ёдлатиш, XXI аср педогогика талабларига жавоб бермайди. Бу фикрлашнинг энг қуйи шаклинигина ривожлантиради. Биз таклиф этаётган янги тизим эса ўқитувчининг ўқитишига эмас, ўқувчисининг ўрганишига асосланган», — деб қўшимча қилди Селекция ва педагоглар малакасини ошириш бўлим бошлиғи Наргиза Қўчқорова.

Гавҳар Ишимованинг таъкидлашича, АКТ вазирлиги билан ҳамкорликда ўқитувчилар учун махсус платформа ишлаб чиқилмоқда ва бу тизим жаҳон стандартларига тўла жавоб беради.

Шунингдек, марказ томонидан педагогларнинг касбий маҳоратини ошириш мақсадида кўплаб халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, Cambridge Assessment International Education билан ҳамкорликда PDQ (Professional development qualification) — касбий ривожланиш лойиҳаси дастури устида иш олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 9 декабр 2021 йилдаги 741-сон қарорига мувофиқ, Президент таълим муассасалари агентлиги ҳузурида Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш маркази ташкил этилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Мутахассис: шеър ёдлатиш XXI аср педагогикаси эмас