date
views 10 847

Охунжон Мадалиевнинг биз билмаган олами

Охунжон Мадалиевнинг биз билмаган олами

У бугун орамизда йўқ бўлса-да, “Сени бугун кўрмасам бўлмас”, “Она”, “Ёлғизим”, “Ғамзаларинг”, “Кетмади ёр”, “Сени бу”, “Унутмоқ осонмас”, “Ёнимга кел ёрим”, “Дилда сўзим қолди”, “Келинчак”, “Сиздан узр” каби дилкаш қўшиқлари билан ҳамон мухлислар хотирасида яшаб келаётган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, “Шуҳрат” медали соҳиби Охунжон Мадалиев ҳамон қалбларимизда барҳаёт яшаб келмоқда.

“Дадам санъаткор бўлишимни истамаган!”

Қиличбек Мадалиев: (ўғли) — Илгари ҳозиргидек офислар йўқ эди. Дадам ва мусиқачилар уйимизда тўпланиб ижод қилишар, мен уларни бироз томоша қилиб, яна ўйинга чалғиб кетардим. Демоқчи бўлганим, менда санъатга бўлган қизиқиш ўша пайтда уйғонган бўлса-да, бирор марта қўлимга микрофонни ушлаб, қўшиқ айтишга ҳаракат қилмаган эканман.

“— Катта бўлганимда прокурор бўламан”, — десам дадам хурсанд бўлиб кетардилар. Кейин билсам, дадам менинг санъаткор бўлишимни истамаган эканлар. Сабаби, ўзлари санъаткор бўлганлари боис, уйда жуда кам бўлар, биз дадамни ҳафталаб кўрмасдик. Баъзида хизматдан ярим тунда келар, бизни ухлаб ётган жойимиздан: ўғлим юринг, бу кеча менинг ёнимда ухланг деб уйғотиб олиб чиқиб кетардилар. Менга бир ҳафта давомида нима билан банд бўлганликларини эринмасдан сўзлаб берардилар. “Энди ўғлим, сиз гапириб беринг”, — дея кейин мендан бир ҳафта ичида нималар билан банд бўлганимни ҳафсала билан тинглардилар. Жуда камгап ва камтар инсон эдилар. Ота бўлиб бирор марта бизни чертмаганлар. Ёки уйда ҳеч биримизга баланд овозда гапирмаганлар. Дадамнинг оламдан ўтганликларини билиб, ўзимга келолмаганман.

Бугун эса концертларда, тўй хизматларида дадам халқ орасидан мени кузатиб туришини, ижодимни, мухлисларнинг олқишини кўриб хурсанд бўлишини истайман. Аммо бу менга армон бўлиб қолди...

“Эшикни қоқишса, Охун келдими, дейман...”

Абдуғаффор Давронов (синфдоши): — Дўстим Охунжон Мадалиев ҳаётда жуда камтар ва самимий инсон эди. Болалигида ҳам меҳрибон, сахий ва одамохун бўлган. Мактабда турли тадбирларда қўшиқ куйлар, расм чизишга бўлган қобилияти билан ҳам ҳаммани қойил қолдирарди.

Ҳинд кинофильмлари, пластинкаларга ёзилган театр спектаклларидаги диалогларин бошидан охиригача ёдлаб, Охун билан бирга роль ўйнар, кўпчиликнинг диққатини тортишга ҳаракат қилардик. Мен учун Охунжон ҳали тирик. Кимдир эшик қоқса ёки уйим ёнидан бирор машина сигнал чалиб ўтса, худди Охунжон илгаригидек мени сўраб келгандек туюлаверади.

Тирик бўла туриб, ҳаётда ўрнини тополмаган инсонлар бўлади. Аммо дўстим Охунжон оламдан ўтган бўлса-да, у ҳамон ўз қўшиқлари билан халқ орасида, мухлислари хонадонларида яшаб келяпти.

Хонанданинг вафотига ким сабабчи?

Шерали Мадалиев (укаси): — Бу ҳақда турли шов-шувлар ҳозиргача давом этиб келяпти. Гўё акамнинг ўлимига кимдир сабабчи бўлган ёки жонига суиқасд қилишган.

Агар хабарингиз бўлса, мамлакатимиз мустақилликка эришмасидан олдин, адашмасам 80-йиллар охирида санъаткорлар жуда саноқли эди. Бугун-чи?..

Бизни тўйга чақиришганида, агар у-бу нарса бўлиб, бора олмайдиган бўлиб қолсак, келиб шунақа қисташар эдики, охири боришга тўғри келарди.

“Мен тўйга ният қилганман, бормасалар шарманда бўламан. Буни эса мен хоҳламайман”, деб туриб олар эди. Кейин, акам ҳам бир сўзли йигит бўлиб, ҳеч кимнинг раъйини қайтармасди.

Кечаю кундуз тўйда хизмат қилиши, олис йўлларда юриши, турли ташвишлар уни ич-ичидан сиқиб келарди. Буни мен сезардим, бироқ у соғлиғи ҳақида очиқ гапирмас эди. Худди мана шу ташвишли кунлар уни чарчатиб қўйди.

Айниқса, 1987-1994 йиллар Охунжон акам учун жуда машаққатли давр бўлди. 2000 йилнинг 29 июнь кунида бирдан навбатдаги инфаркт хуружи юз берди. Орадан анча вақт ўтди, “Ҳаммаси изига тушди-ку”, деб, шифокорга учраб даволанмади ҳам.

Уни мухлислари ҳамиша саҳнада соғинишар, ундан фақат янги қўшиқ, янги концертни интизорлик билан кутишар эди. Охунжон эса ижодга бутун борлиғини бериб, ўз соғлиғига эътибор бермай юрди. Оқибатда...

Орзуларимиз армонга айланди

Ҳабиба Мадалиева (турмуш ўртоғи): — Раҳматли турмуш ўртоғим Охунжон Мадалиев ижод жараёнида ўз устида тинимсиз изланарди. Бундан ташқари, халқ хизматлари, концерт дастурлари билан банд бўлишига қарамай, албатта, оилага ҳам вақт ажратишга ҳаракат қиларди. Айниқса, фарзандлар тарбиясига жиддий эътибор берар, меҳрибон ва чиройли инсон эди. Оилада бирор марта жанжаллашиб, “сен-мен”га бормаганмиз.

Ҳаммага яхши муносабатда бўлар, аниқроғи, у кишининг меҳри ҳаммага бирдек етарди. Биз келажагимиз, оиламиз, фарзандларимизнинг келажаги ҳақида биргаликда орзу ҳаваслар қилардик. Раҳматли хўжайиним фарзандларимизни қаерда ўқитиш, қизларни қандай инсонларга турмушга бериш ҳақида яхши ният қиларди. “Қизларимизни ўқитмаймиз. Уларни яхши инсонларга турмушга берсак, бахтидан тинчиб кетишсин”, — дердилар. Ана шу биргаликдаги чиройли тузган режаларимиз, орзуларимиз армонга айланди...

Инсонийлиги учун ҳурмат қилардик...

Ғиёс Бойтоев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист (ҳамкасб дўсти): — Охунжон Мадалиев билан биз ёшлигимиздан дўст эдик. Давраларда санъаткорлардан мен, раҳматли Муҳриддин Ҳолиқов, Нуриддин Ҳайдаров, Қилич ака ва Охунжон Мадалиев бирга йиғилиб турардик. Бир-биримиздан маслаҳат сўрар, қаерга бўлса бирга борардик.

Охунжон биздан уч ёш кичик бўлишига қарамасдан уни инсонийлик фазилатлари учун ҳам алоҳида ҳурмат қилар эдик. Илгари “Ҳамма кўриши шарт эмас” деган теледастур бўлар эди. Ушбу теледастур Чимён тоғларида суратга олинганида бир-биримиз билан ҳазиллашиб қорбўрон ўйнар, ош пишириб, маза қилиб ўтирардик.

Охунжон нафақат мухлислари, балки биз дўстлари хотирасида фақат яхши таассурот қолдириб кетди.

Метрога тушмаган эканлар...

Дилшод Раҳмонов (шогирди): — Менга авваламбор устоз бўладилар. Ўзини камтар қилиб кўрсатмас, аслида шундай инсон эди. Қўшиқларни содда ва ишонарли қилиб юракдан ижро этар, овозида ўзига яраша сеҳр ва дард бор эди.

Илк маротаба қўлимдан етаклаб телевидениега олиб келган, мени илк маротаба телеэкранда чиқишимга сабабчи бўлган одам ҳам Охунжон ака эди. Бир куни менга: “Мен ҳеч метрога тушмаганман. Кел метрога тушамиз”, дедилар. Хўп, деб метрога тушдим.

Метродаги гавжум мухлислар бир пасда устозни ўраб олишди. Дастхатлар бериб, мухлислари билан хайрлашиб чиққанимизда бир дўстимиз бизни машинасида кутиб турган эди. Аксига олиб, машина юрмай қолса бўладими? Дўстим билан бирга машинани ортидан итариб кетарсак, Охунжон ака ҳам югуриб келиб, бизга қўшилиб машина итариб кетдилар.

Ўша пайтларда жуда машҳур санъаткор бўлишига қарамасдан ўзини жуда оддий тутар, ўта содда инсон эди. Балки шунинг учун ҳам Худо ёрлақаган бўлса керак, раҳматлини. Айниқса, менга: “Сени биров ортингдан ёмонласа ҳам унга яхши гапиравер, яхшилик қилавер. Кун келиб ўзига келиб қолади”, деб кўп маротаба такрорлар, ўзлари ҳам шу ўгитларига амал қилиб, биров ёмонлик қилса ҳам, фақат яхшилик илинадиган инсон эдилар.

Ҳозир унинг ўғли Қиличбек Мадалиев ҳам худди шунақа, дадасига ўхшаган самимий йигит бўлиб улғайган. Устознинг ўгитлари, маслаҳатлари биз шогирдлари билан қолди...

Сўнгсўз ўрнида...

Сояман ортингдан эргашган,
Ёстиқман, тунлари дардлашган,
Тушингман ўнгингга алмашган.
Унутмоқ осонмас бизларни...

Хонанда ушбу қўшиқни куйлаётиб, бу дунёни эрта тарк этишини сезгандек гўё... Дарҳақиқат, бу қўшиқни, унинг танти ижрочисини ҳам унутиб бўлмайди. Гувоҳи бўлганингиздек, раҳматли устоз санъаткор ҳақида юқорида фақат самимий фикрлар билдирилди. Ана шу фикрларнинг қай даражада ҳақиқатга яқин эканлигини билиш учун эса Охунжон Мадалиев куйлаб қолдирган қўшиқларни тинглаш кифоя. Зеро дўстлари айтганидек, Охунжон Мадалиев тирик ва у ҳамон қалбларимизда яшаб келмоқда!

Қисқача маълумот:

- Охунжон Мадалиев 1963 йилда Фарғона вилояти Олтиариқ тумани, Янгиараб қишлоғида таваллуд топган.
- Маълумоти олий. Фарғона Давлат Университетининг мусиқа факультетини тамомлаган.
- “Камолот” 89 кўрик танловида илк маротаба катта саҳнага чиқиб “Кўнглимда бир ёр” қўшиғини ижро этган.
- “Келинчак”, “Хатоларинг керак уларга”, “Унутмоқ осонмас бизларни”, “Одамийлик ўлмасин”, “Сени бугун кўрмасам бўлмас”, “Отажон”, “Тоғ лоласи”, “Алам”, “Етади”, “Олиб кетгани келдим”, “Етарди”, “Сени ҳеч ким севолмайди менингдек”, “Сенга кера бўламан ўзим”, “осмонимиз тиниқ бўлсин”, “Гул юзида холи бор”, “Кўнглимда бир ёр”, “Сен ҳам адо”, “Нега ўзинг келмайсан йўқлаб?”, “Дунёсан”, “Фироқингда”, “Барибир”, “Ёлғизим”, “Билдим”, “Яралган билсанг”, “Олмазорда”, “ўлиб қоламан”, “Қаддингдан”, “Онам”, “Етмади”, “Юрагимда доғ жой бор”, “Бу турфа гуллар”, “Чаман йиғлар”, “Ёлғиз аёл”, “Севаман деб алдаб қўйгин”, “Зўр бўлинг”, “Армоним”, “Жавоҳирим”, “Осмонимиз тиниқ бўлсин”, “Шохимардон тоғларига”, “Дадам йўқ”.

• Охунжон Мадалиев Нусратович 1963 йил 21 май санасида Фарғона вилояти Олтиариқ тумани, Янгиараб қишлоғида дурадгор Уста Нусрат оиласида дунёга келган.
• 1980 йилда ўрта мактабни тамомлаб, 1981 йилда ҳужжатларини Фарғона Давлат Педагогика институтининг мусиқа факультетига топширган.
• 1985 йилда институтни муваффақиятли тамомлаб, йўлланма билан Олтиариқ туманидаги 26-сонли ўрта мактабда ашула фани ўқитувчиси бўлиб ишлади.
• Кейинчалик Ҳунар техника билим юртида, бир оз вақт ўтиб, Фарғона Давлат филармониясида яккахон солист сифатида фаолият юргизган.
• 1989 йили Тошкент шаҳрида “Камолот 89” кўрик танловида ғолиб бўлиб, бўлиб, шу йилнинг декабрь ойида Халқлар дўстлиги саройида илк яккахон концерт дастурини тақдим этган. Кейинчалик хонанда Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Туркманистон Республикаларида концерт берган.
• Қўшиқчилик санъатига қўшган муносиб ҳиссаси учун Охунжон Мадалиев 1997 йил, 26 августда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан "Шуҳрат" медали билан тақдирланган.
• 1999 йил 25 августда "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист" унвонига сазовор бўлган.
• 1983 йилда "Зиёдам" деб номланган илк қўшиқлар альбомини яратган. Кейинчалик "Сени асрасин", "Кимлигини айтмайман", "Сендадир хаёлим", "Юлдузим", Навбаҳор", "Жавоҳирим", "Ўзбекларим", “Ёлғиз аёл”, “Соғинч", “Ёшлигим", "Унутмоқ осонмас бизларни" каби мусиқий альбомларни мухлисларга тақдим этган, дейилади "Кун" нашрида.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Охунжон Мадалиевнинг биз билмаган олами