SpaceX компаниясининг Dragon кемаси олтинчи парвозидан сўнг Ерга қайтмоқда

Коинотни ўзлаштириш соҳасида кўп марта фойдаланиладиган технологиялар даври янги босқичга чиқмоқда. SpaceX компаниясининг Dragon юк кемаси Халқаро космик станция (ХКС) билан 30 кунлик муваффақиятли ҳамкорликдан сўнг, ўзининг навбатдаги миссиясини якунлаб Ерга қайтишга ҳозирлик кўрмоқда. Бу кема нафақат навбатдаги юкни етказиб берди, балки коинотга олтинчи марта чиқиб қайтиши билан ўзининг ишончлилигини яна бир бор исботлади. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
ixbt.com маълумотларига кўра, КRS-34 тижорий таъминот миссияси доирасида парвоз қилган Dragon кемаси сешанба куни станциядан ажралиши режалаштирилган. Агар барча техник жараёнлар кўнгилдагидек кечса, кема чоршанба куни Калифорния қирғоқлари яқинида Тинч океанига қўнади. Ушбу кема аввалроқ КRS-22, КRS-24, КRS-27, КRS-30 ва КRS-32 миссияларида ҳам иштирок этиб, коинот ва Ер ўртасида ўзига хос "юк таксиси" вазифасини ўтаб келмоқда.
Кўп марта фойдаланишнинг афзалликлари
Мазкур миссия учун Dragon кемаси жорий йилнинг 15-май куни Флорида штатидаги Канаверал бурнидан Falcon 9 ракетаси ёрдамида учирилган эди. SpaceX муҳандислари томонидан ишлаб чиқилган ушбу технология коинотга юк ташиш харажатларини сезиларли даражада камайтириш имконини беради. Ҳар бир муваффақиятли қайтиш кема корпуси ва унинг ички тизимлари ўта чидамли материаллардан тайёрланганидан далолат беради.Таъкидлаш жоизки, Dragon кемасининг қайтиши илмий ҳамжамият учун жуда муҳим. Россиянинг "Прогресс" каби юк кемаларидан фарқли ўлароқ, Dragon атмосферанинг зич қатламларида ёниб кетмайди. "Прогресс" кемалари ўз вазифасини бажариб бўлгач, атмосферада йўқ қилинади ва унинг ёнмай қолган қисмлари океаннинг киmsасиз ҳудудларига тушади. Dragon эса ХКСда ўтказилган илмий тажрибалар натижаларини ва носоз ускуналарни Ерга бутун ҳолатда қайтариш имкониятига эга ягона юк кемасидир.
Ҳозирда мутахассислар кеманинг станциядан ажралиши ва атмосферага кириш жараёнини диққат билан кузатиб бормоқда. Кема бортида Ерга етказилиши керак бўлган бир неча юз килограмм оғирликдаги илмий намуналар ва тадқиқот материаллари мавжуд. Уларнинг хавфсизлиги бевосита кеманинг иссиқлик ҳимоя қатлами ва парашют тизимининг аниқ ишлашига боғлиқ.
Ушбу миссиянинг муваффақияти SpaceX ва NASA ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликнинг самараси бўлиб, келажакда Марс ва Ойга амалга ошириладиган узоқ масофали парвозлар учун пойдевор вазифасини ўтайди. Кўп марта фойдаланиладиган кемалар нафақат иқтисодий, балки экологик жиҳатдан ҳам коинот чиқиндиларини камайтиришга хизмат қилади.





























Изоҳлар 0
…