Ўзбекистон халқ артисти¸ марҳум Муроджон Аҳмедов томонидан айтилган «Ўртар» қўшиғи 1969 йили суратга олинган «Ўткан кунлар» фильмида янграганидан кейин машҳур бўлиб кетган.
Муроджон Аҳмедовнинг Тошкентда яшаëтган ўғли Фарҳоджон аканинг айтишича, «Ўтган кунлар» фильмини суратга олган режиссёр Йўлдош Аъзамов ва бастакор Манас Левиев «Ўртар»ни фильм кульминациясига қўйишга қарор қилишган.
– Ўшанда отам Қўқон театрида ишлар, актёр ва ашулачи эди. Кино чиқмасидан олдин Бобораҳим Машрабнинг «Ўртар» радифли ғазалига куй басталаб айтиб юрган эди. Бу қўшиқ кинорежиссёр Йўлдош Аъзамов назарига тушди. Шу тарзда отамизнинг «Ўтган кунлар»даги кичик роли ва ижро этган қўшиғи фавқуллодда машҳур бўлди, – дейди суҳбатдош.
Фильмда Кумушнинг ҳажрида фиғон чекаётган Отабек чолғучидан «Ҳайдалиш», «Ажралиш» куйларини чалишни илтимос қилади ва ҳофиз умри бино бўлиб, бундай қўшиқни эшитмаганини айтади.
Ўзбекистон мумтоз қўшиқлари тарихи ҳақидаги илмий иш муаллифи¸ ҳофиз ва профессор Ҳожиакбар Ҳамидов назарида «Ўртар» худди узукка кўз қўйгандек кинога ярашиб турибди:
– Ўзбекларда яна бир гап бор. Йиғлаб кўришди, деган. Худо раҳмат қилсин Муроджон Аҳмедов ижро этган бу қўшиқ саси кинога жуда уйғун. Драматик баритон деб таснифланадиган Мурод аканинг овози Отабек ва Кумуш фожиасини талқин қилишга қодир бўлди. «Ўтган кунлар» киносидаги бош қаҳрамон ҳаëтини остин-устун қилган айрилиқ кунларини акс эттириш учун Бобораҳим Машрабнинг ғазали ва Муроджон Аҳмедовнинг ижроси зарур эди¸ – деб таъкидлади Ҳ.Ҳамидов ва бу қўшиқдан бир парча куйлаб берди:
Агар ошиқлиғим айтсам, куйиб жону жаҳон ўртар,
Бу ишқ сиррин баён этсам, тақи ул хонумон ўртар.
Кишига ишқ ўтидин зарраи етса, бўлур гирён,
Бўлуб бесабру бетоқат, юрак-бағри чунон ўртар.
Нечук тоқат қилай, дўстлар, бу дард ила бўлуб ҳайрон,
Ғамим бошқа, алам бошқа, юрагимни фиғон ўртар.
Мени бехонумон тинмай куйиб ҳар дам фироқингда,
«Нигоро!» деб отинг айтсамки, шавқингдин забон ўртар.
Қаю тил бирла, эй жоно, сенинг васфинг баён айлай,
Тилим лолу кўзум гирён, сўнгакларни ниҳон ўртар.
На қаттиғ кун экан, дилбар, висолингдин жудо бўлмоқ,
Менинг оҳим ўтиға бул замину осмон ўртар.
Юракда дарду ғам қат-қатки, менда қолмади тоқат,
Агар бу заррасин бул вақт десам, ишқи баён ўртар.
Бу дард ила хароб ўлдум, келиб ҳолимни сўрмассан,
Унум чиқса юракдин, бу тану жон, устихон ўртар.
Бу Машраб дардини, жоноки, ҳеч ким бошиға солма,
Агар маҳшарда оҳ урсам, биҳишти жовидон ўртар.
«Ўртар»ни айтган Муроджон Аҳмедов 1918 йилда Қўқон яқинидаги Афғон қишлоғида дунëга келган. Ўзбекистон Халқ артисти Ҳамроқул қори ва Раҳмон ҳофизлардан ашула йўллари ва саҳна сирларини ўрганган. Қўқондаги «Ёш томошабинлар театри» ва Фарғона театрларида ишлаган.
Драма, мусиқали драма ва комедияларда ранг-баранг образлар яратган. «Тоҳир ва Зуҳра», «Нурхон», «Бой ила хизматчи», «Қароқчилар» каби жами 70 дан ортиқ хилма-хил қаҳрамонлар қиёфасини гавдалантирган. Шунингдек, мақом устаси, баланд авжларни ҳам бемалол айта оладиган кучли, ширали овозга эгаси сифатида қадрланган.
Аҳмедов репертуаридан «Бу оқшом», «Ўртар», «Тоза лутф», «Баёт-3», «Насри Уззол», «Бухоро ироғи», «Жонимда дармон қолмади» каби мақом йўллари, ашула ва катта ашулалар ўрин олган эди.
Ўзбекистон халқ артисти Муроджон Аҳмедов 1988 йили Қўқонда оламдан ўтган. Олтин фондда ҳофиз ижро этган 32 та қўшиқ сақланади.
(Интернет материаллари асосида)
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
Суперлига. ОКМК сафарда "Пахтакор"ни мағлуб этди ва 11 йиллик қора анъанага чек қўйди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди