Аҳад Қаюм кино ва даромад сирларини очиб ташлади

Аҳад Қаюм кино ва даромад сирларини очиб ташлади

Кинорежиссёр, сценарист ва шоир Аҳад Қаюм “Наво” телеканалидаги “Меҳмонда” лойиҳасига меҳмон бўлиб, ижоди, даромади, YouTube фаолияти ҳамда шахсий ҳаёти ҳақида эътиборга молик маълумотларни баён қилди. У суҳбат давомида “Аёл макри” фильми орқали 22 минг доллар ишлаб топгани, теленовеллалар ҳақидаги қарашлари ва касби билан боғлиқ қизиқ воқеаларни ҳам эслаб ўтди.

Энг қиммат шеър ва гонорар масаласи

Yashil ko’ylakdagi erkak intervyu bermoqda.

Шоир энг қиммат шеърини Ботир Қодиров сотиб олганини таъкидлади:

— “Менинг энг қиммат шеъримни Ботир Қодиров олган. У ‘Эй дўстим, аввал отанг қадрини билгин’ деб бошланадиган шеърни қўшиқ қилган”, — деди у.

Унинг қўшимча қилишича, Шерали Жўраев ва Озодбек Назарбековдан пул олмаган. Аммо Хуршид Расулов кўпинча ўзи хоҳлаб гонорар бериб туради.

“Хиёнат ҳақида кино олинса, 10 миллион марта кўрилади”

Режиссёр томошабинлар танлови ҳақида ҳам тўхталди:

— “Ҳозирги кунда томошабин нима исташини ўзи ҳам аниқ билмайди. Мендан кўпинча ‘нимага зўр кино олмайсан?’ деб сўрашади. Лекин ўша зўр фильмни ким учун оламан? Агар ҳозир хиёнат мавзусида кино олинса, у осонлик билан 10 миллион марта кўрилади. Лекин ‘Абдулла Авлоний’, ‘Ибрат’ ёки Зулфиқор Мусоқовнинг ‘Касаллик тарихи’ каби фильмлар 120–130 минг кўрилиш билан чекланиб қолади”, — деди у.

“Келинлар ҳақидаги теленовеллаларни меники деб ўйлашади”

Qora kiyimdagi soqolli erkak yashil kreslolar fonida jilmayib turibdi.

Аҳад Қаюмнинг айтишича, кўпчилик томошабинлар “Оталар сўзи”, “Иқрор” каби теленовеллалардаги келинлар мавзусидаги қисмларни айнан у суратга олган деб ўйлайди.

— “Мен новелла суратга олмаганман. Ҳозиргача 300 та фильм ишлаганман, уларнинг барчаси дубляж қилинган. Кинотеатрларда премьера қилинган, ‘Ўзбеккино’ миллий агентлиги томонидан лицензия берилган. Шуларнинг ичида 20–30 таси қайсар келин, кундош ёки хиёнат мавзуларига бағишланган, холос. Лекин ҳамма фильмларим шундай мавзуда эмас”, — деди у.

Шеър ва қўшиқлар ортидаги қийинчиликлар

У санъаткорлар билан ишлаш жараёнидаги энг қийин лаҳзалар ҳақида ҳам гапирди.

Аҳад Қаюмнинг айтишича, Райҳон ва Озодбек Назарбеков дуэти учун шеър ёзишда маълум чекловлар бўлган:

— Райҳон шеърда “Қ”, “С” ҳарфлари бўлмаслигини талаб қилган. Шу сабабли матн яратиш осон бўлмаган. Лекин Озодбек Назарбеков “дуэт бўлиши керак” деб туриб олган.

“Бир кунда тўрт хил соат тақаман”

Kostyum kiygan erkak mashina ichida yashil qutidagi qimmatbaho soatlar to‘plamini ushlab turibdi.

Аҳад Қаюм болалигидан соат йиғишга қизиқиши борлигини айтди.

— “Бир кунда тўрт хил соат тақаман. Ҳатто уйдан чиққанда тўртта соат олиб чиқиб, учрашувларга қараб алмаштириб юраман”, — деди у.

Студия ва телефон рақами учун сарфланган маблағ

Аҳад Қаюм ижодий студиясини йўлга қўйиш жараёнида катта молиявий қурбонликлар қилганини ҳам айтди.

— “Студияни ташкил қилишда икки-учта уйимни сотганман. Ҳатто телефон рақам олиш учун ҳам икки хонали уйимни сотиб, яна пул қўшиб номер олганман”, — деди у.

“Аслида мен математика ўқитувчисиман”

To'q ko'k nimcha kiygan soqolli yigit xayol surib o'tiribdi.

Суҳбат якунида у аслида бошқа касб эгаси эканини ҳам очиқлади:

— “Мен аслида математика ўқитувчисиман. Оиламизда ҳамма ўқитувчи: ота-онам, бувиларим ҳам шу соҳа вакиллари. Авлодимизда 400 га яқин педагог бор. Мен Тошкент ахборот технологиялари университетида математика-физика йўналишини тугатганман. Ижодим танилгунча тўрт йил дарс ҳам берганман”, — дея таъкидлади Аҳад Қаюм.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Aziza Shukhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар