Бир қатор хусусий фильмлар орқали танилган Шаҳзода Муҳаммедова Instagram ижтимоий тармоғидаги шахсий саҳифасига хонанда Воҳиджон Исоқов билан Ўзбекистон Давлат консерваторияси талабаси бўлиш мақсадида у ерга боришгани ва профессор Дилором Омонуллаева билан бўлган можаро ҳақида ўз “ҳақиқат”ларини ёзиб жойлаганди. Шаҳзода бир нечта сайтларга Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Дилором Омонуллаевадан фарқли ўлароқ ҳақоратомуз интервью ҳам берган. Бир неча кундан кейин эса Шаҳзода Instagram`даги “ҳақиқат”ларини ўчириб ташлади. Қизиқ, қилмишидан тўғри хулоса чиқардимикан, ё?! Мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида ҳар икки тараф билан боғландик...
— Дилором опа, ўқишга кириш истаги бўлса, нега Шаҳзода ва Воҳиджон қабул комиссиясига учрамай, тўғри сизнинг олдингизга кирган?
— Аввал ректорнинг олдига кирибди, сўнг менинг хонамга йўл олган. “Қабул комиссиясидагиларга айтиб қўйинг”, деб кирди. У ердагилар ҳам худди мен айтган қуйидаги гапларни таъкидлашарди. У қиз ва ёнидаги йигит Ўзбекистон Давлат консерваториясининг талабаси бўлишни истар экан. Лекин мутахассислик бўйича олтита асар ижро этиш керак, куйлай олармикан? Ўзбекистон Давлат консерваториясининг низомига кўра ўн бир йиллик мусиқий билимга эга бўлганларгина ўқишга қабул қилинади. Боиси ўқув дастури мураккаб, мусиқий саводи бўлмаганлар ўқий олмайди. Ёнимга келган қизнинг эса мусиқий билими йўқ, бошқа олий ўқув юртини тамомлаган, айтиши бўйича, машҳур актриса экан. “Сизни иккинчи мутахассисликка қабул қилолмаймиз. Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтига ҳужжат топшира қолинг, у ерда мусиқа назариясини бошидан ўргатишади”, дея ётиғи билан тушунтирдим. Лекин оёқ тираб туриб олди. “Бўлмаса, бизда икки йиллик пулли тайёрлов курслари бор, сентябрдан имтиҳонлар бошланади”, дедим. Овози зўр бўлишига қарамай, Ўзбекистон халқ артисти Муножат Йўлчиева ва Севара Назархон ҳам аввал шу тайёрлов курсида ўқиган. Шаҳзоданинг овозини эшитиб кўриш мақсадида муаллифлигимдаги “Ёмғир ёғди” қўшиғини хонанда Кумуш Раззоқова куйлаган “парда”да чалиб бердим. Куйлади, овози жуда “кичкина”... Ёнидаги шериги Воҳиджон “шунча мусиқий билими йўқлар ўқияпти-ку”, деди. Билганларимдан Сардор Раҳимхон ва Каниза ўқишга кирган. Сардор у вақтда "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист" унвонига эга эди. Каниза эса “Ниҳол” мукофоти совриндори сифатида ўқишга имтиёзли қабул қилинган. Унга қадар икки йил педагоглардан дарс олиб, ўз устида ишлаган ва намунали талаба сифатида ўқишни ҳам кўнгилдагидек тамомлаган. Шаҳзода билан Воҳиджон эса иккинчи курсга қабул қилишимни сўраб туриб олишди. Эшигим олдида талабалар қатор турганди, хонамда педагоглар ҳам бор эди, имтиҳон олаётгандим. Иккаласига “сизларга маслаҳат бердим, энди хонадан чиқинглар”, десам ҳам чиқишмади. Сўнг Шаҳзода бақир-чақирни бошлади. “Ким бўлибсиз ёшларни оёғига болта урадиган. Кўрасиз, ҳали Ўзбекистон халқ артисти бўламан, сиз билан ўшанда гаплашаман”, дея жазавага тушди. Очиғи, ёш қиз билан "сен-мен"га бориб ўтиришни ўзимга эп кўрмадим, хонамга кириб кетдим. Лекин асабимни бузди.
— Балки чиндан қўпол муомала қилгандирсиз?
— Қўпол инсон бўлганимда уларни қабул қилиб, консультация бермаган бўлардим. Ҳатто ўша вақтда хонада бўлган гувоҳим — кафедрамиз катта ўқитувчиси Мавлуда Ўринбоева ҳам яхши гап билан тушунтирди, кор қилмади. Тарбиясизлиги билан ҳаммага овоза бўлгани қолди. Сайтларга берган интервьюлари, инстаграм ижтимоий тармоғидаги шахсий саҳифасига ёзганларини ўқидим. Шу даражада туҳмат ва ҳақорат қилганки, ёқа ушладим. “Манқурт, разил”, деб ёзган, бу сўзларнинг асл маъносини билармикан? “Курс ишларини катта пул эвазига ёпиб берар экан”, деган. Биринчидан, мени фанимда курс иши йўқ, чунки амалий, якка фан! Имтиҳонни кафедрадаги ўнта вокал-педагоги катта залда, талабалар иштирокида қабул қилади. Шаҳзодани судга беришим ҳам мумкин! Биласизми, бир неча кундан бери сайтларда у қиз нотўғри иш қилгани ҳақида устоз санъаткорлар фикр билдиришяпти, мухлисларнинг ҳақоратларига қандай дош бераётган экан?! Шаҳзода халқ ва санъат вакилларининг “суд”ига учраб, ўз "оёғига ўзи болта уриб бўлди". Бундан буён ким уни ҳурмат билан тилга оларкин, обрўини тўкиб бўлди-ку! Очиғи, унга ачиндим, ҳали ёш, нима деяётганини ўзи англамайди, шекилли.
Ким унга олий таълимга келиб, ўз сўзини ўтказиш учун ҳуқуқ берди, тушунмаяпман?! Истаган киши Ўзбекистон Давлат консерваторияси талабасига айланаверса, Глиэр номидаги мусиқа мактаби, Успенский номидаги Республика махсус мусиқий академик лицейи нега ишлаяпти? Яқинда коллеж талабалари аро ёш ижрочилар кўрик танлови бўлди. Жуда гўзал овозлар, юқори даражадаги асарлар янгради. Мусиқий таълим мураккаблашган, талабаларим жаз куйлашни бошлашган. Ўзбекистон Давлат консерваториясида бу йил учинчи бор жаз фестивали ўтказилди. Унда 11 давлатдан келган истеъдодлар иштирок этди. Залда ўтирган талабаларимиз ҳеч қандай тайёргарликсиз чет элдан келган иштирокчилар билан куйлаб, барчани лол қолдиришди. Кўряпсизми, эстрада санъати қай даражада ривожланган. Халқаро танловларда нуфузли ўринларни эгаллаб, Ўзбекистоннинг довруғини ёйиб, юзимизни ёруғ қилаётганларнинг кўпчилиги бизнинг талабаларимиз. Аксарият талабаларимиз педагог бўлиб ишлашяпти. Масалан, "Голос"да ғолиб бўлган Сабина Мустаева эса эвара шогирдим (кулади), улар билан фахрланамиз. Шундай истеъдодли шогирдларимиз эркалик қилса кўтараман, лекин Шаҳзодадек ҳатто мусиқий билими ҳам йўқларникини эмас! Бастакорлар уюшмасида бўлгандим, раҳбаримиз Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Рустам Абдуллаев “Ўзбеккино” Миллий агентлиги бош директорига қўнғироқ қилиб, “Актрисангизни тартибга чақириб қўйинг”, деганидан хабар топдим. “Ўзбекконцерт” билан ҳам боғланган экан, тўйда бошловчилик қилиш учун ҳатто лицензияси ҳам йўқлиги маълум бўлибди. Биласизми, жуда кўп ёшларни тарбиялаганман. Яширмайман, талабалар норози бўлиб, тортишиб қоладиган вақтларимиз ҳам бўлади. Лекин вақтида хатосини англаб узр сўрашади, кечираман, бу ҳолат уларнинг ўқиши ё баҳосига салбий таъсир кўрсатмайди. Айниқса, иқтидорлиларнинг ҳар қандай инжиқлигини кўтараман, боиси улар табиатан нозик бўлишади. Ўсмир ёшлар шулардан ўрнак олади-ку. Ёш авлодга биз санъаткорлар профессионаллик, маданият борасида ўрнак бўлишимиз керак! Президентимиз ҳар бир соҳага эътибор қаратяптилар, мавжуд камчиликларга барҳам бериляпти. Ўйлайманки, шоу-бизнесдаги хонандаларнинг билими, қайси соҳада таълим олгани, маънавий қиёфаси қандайлиги, қўшиқларидаги тарбиявийлик қай даражада экани текширилиб, зарур чоралар кўрилади. Зеро, фарзандларимизни юксак асарлар билан тарбиялашимиз керак. Санъатни шоу-бизнес — пулга айлантириб юборишди. “Маблағ билан истаган нарса қила оламан”, деб ўйлашяпти. Лекин санъатни шоу-бизнес билан адаштириш керак эмас.
— Маданият вакили сифатида омма эътиборини ўзига қаратиб, сўнг инстаграмдаги "ҳақиқат"ларини ўчириб ташлаганини кўргандирсиз?
— Ҳаммасини вақт жой-жойига қўяди. Бу можаро мен учун ҳам катта дарс бўлди. Энди бундайлар билан гаплашиб ҳам ўтирмайман. “Ўзбекнаво”данман”, деб кириб келишганига қабул қилгандим, билсам, ёлғон гапиришган экан. Очиғи, вақтимни беҳуда сарфлашни истамайман. Айни кунларда шоир Азим Суюн билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг мадҳиясини ёзиш билан бандман.
— Профессионаллар телевидениени ҳаваскорлар, шоу-бизнесчиларга бўшатиб бермадимикан?
— Авваллари телевидение ва радиода бадиий кенгаш бўларди. Унинг аъзолари энг машҳур шоир ва бастакорлар эди. Бадиий кенгашдан Шаҳзодага ўхшаган бирорта истеъдодсизлар ўтмасди. Чунки қўшиқ шеъри, мусиқаси кўриб чиқиларди, сўнг оркестр ижросидаги жонли мусиқа билан хонанданинг овози, ижро маҳорати эшитиларди. Афсуски, бугунги кунда шундай бадиий кенгаш етишмаяпти. Натижада телевидение ва радиода истаган одам чиқиб, “қўшиғи”ни “айлантиряпти”. Куйлаётганини шеър, деб бўлмайди, бачканаликдан бошқа нарса эмас. Ҳатто кўпчилик катта-катта хонандаларнинг қўшиғи мусиқаси турк, эрон, араб мусиқаларидан ўғирланган. Уларнинг қўшиқлари муаллифлик ҳуқуқлари муҳофазаси бўйича текширилса, юзимиз ерга қараб қолади. Наҳот бу уларни ташвишга солмаса?! Компьютерда овозини тўғирлаб, “хонандаман”, деб юришибди-да. Шунинг учун ҳам “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси “Марди майдон” жонли ижро фестивалига жиддий ёндашиб, профессионал жонли ижрони таъминлаяпти. Шунингдек, “Менинг юртим” телеканалидаги “Соver version” ва “Зўр ТВ” телеканалидаги "The cover up" кўрсатувларидан қувондим. Унда ўзига ишонган санъаткорларгина иштирок этяпти. Ёшларга кенг имкониятлар берилди, бироқ нотўғри касб танлаб, умрини беҳуда сарфлаётганлар талайгина. Қўпол қилиб айтганда, санъат карвонсаройга айланиб қолди. Ўн йилдан кейин бирортасининг қўшиғини эслашармикан? Ботир Зокиров сингари устоз санъаткорларнинг ижодини олайлик, йиллар ўтгани сари уларнинг қадри ошиб боряпти. Хусусан, муаллифлигимдаги “Ёмғир ёғди”, “Сиз менга ёққансиз ҳамиша”, “Мен сени ойларга бермайман” қўшиқларини ҳозирги хонандалар ҳам куйлашяпти. Доғистонлик Анора исмли қиз ҳам “Ёмғир ёғди”ни маромига етказиб куйлади. Шунинг учун ҳам ундан муаллифлик ҳуқуқини талаб қилмадим. Шу қўшиқни бир тўйда “Кўк чой” гуруҳи бузиб айтаётганига гувоҳ бўлдим ва “қайтиб менинг қўшиқларимни куйламанглар!” деб танбеҳ бердим. Бугун ижод қилаётганлар орасида тан оладиганларим: Севара Назархон, Жаҳонгир Отажонов, Ўлмас Оллоберганов, Гулсанам Мамазоитова, Манзура, Алишер Файз, Зиёда Қобилова, Дилноза Исмияминова, Ҳулкар Абдуллаева, Лола Аҳмедова, Мадина Мумтоз, Гуласал Абдуллаева, Улуғбек Холиқов, Шаҳзода, Лола, “Шарқ” гуруҳи, Умидахон, Фарҳод ва Ширин. Муниса Ризаева ва Райҳонни танқид қилгандим. Ҳозир уларда анча профессионал ўсиш бор. Кўпчилик ёшлар эса “машҳур бўлсам, пул ишласам”, деган мақсадда юришибди. Санъат фидойилик, катта меҳнат талаб қилади, керак бўлса, умрни бағишлаш лозим. Шоу-бизнесни санъат даражасига тенглаштириш учун юқоридаги камчиликларни бартараф этиш ва санъаткорлардаги ташқи ва ички маданиятни тарбиялаш лозим. Санъаткор тарбиячи бўлиши керак, тарбиясиз эмас!
Ўзбекистон Давлат консерваториясининг Маънавий ва маърифий ишлар бўйича проректори Равшан НИГМАТОВ билан боғландик.
— Ректор билан вазиятни ўргандик ва хулоса қилиб, қабул вақтида бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун зарур чоралар кўрилди. Дилором Омонуллаева аввало шахс ва жуда талабчан, ҳақиқатгўй педагог, етук мутахассис. Шу боис ҳар бир абитуриент, талаба унинг фикри билан ҳисоблашиши керак. Қолаверса, талабага айланадиганларнинг мусиқий билими таълим тизимига жавоб бериши лозим. Чунки биз юртимизнинг ривожи учун талабга жавоб берадиган кадр тайёрлашга масъулмиз.
"Ноҳақ бўлсам, минг бор узр!"
Шаҳзода Муҳаммедова билан боғланганимизда аввалига жавоб беришдан бош тортди. Сўнг биргина саволга жавоб беришга рози бўлди.
— “Курс ишларини катта пул эвазига ёпиб берар экан”, дея туҳмат қилиб, “руҳан касал, разил”, дея Дилором Омонуллаевани Азроилга таққослаб, ҳатто ишдан бўшатишларини ҳам талаб қилдингиз. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддасида туҳмат учун энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан олтмиш бараваригача, 41-моддасида ҳақорат қилганлик учун энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солинишидан хабарингиз борми?
— Сиз адвокат эмассиз-ку, нима кераги бор қонуний тарафлама ёзишни? Бу йил муҳтарам президентимиз томонидан “халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”, деб эълон қилинган. Ёшлар — абитуриентларни ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқлари бор. Бу аёлнинг ҳам талабаларга дўқ уришга, эшигидан ҳайдашга, туҳмат интервью беришга, йиғлатишга ҳаққи йўқ. Халқ билан мулоқотни чиройли қилиш керак. ҳар ҳолда маданият, тарбия улашувчи инсон. Устоз, деб меҳр ва ҳаяжон билан маслаҳат олиш учун у аёлнинг олдига кираётган ёшларни оёғости қилишга ҳаққи борми ёки профессор, дегани бақириб, хор қилиш, турткилаш керакми? Ширин гап билан тушунтирса, тушунардик. Кўп ёшлар бу аёлнинг олдидан "тарвузи қўлтиғидан тушиб", дили оғриб кетяпти. Шу адолатданми? Ҳаттоки бир йили ногирон йигит имтиҳон топширганида, “сени кўзинг ғилай-ку, қандай артист бўлмоқчисан?” деб уни йиғлатиб чиқариб юборганини эшитганман. Миллионлаб талабалар ўз юртидаги олий ўқув юртларга ўқишга киролмай, чет элларга кетиб, ўша ерда қолиб кетишяпти. Бечора ёшлар чет элда ўқисинми? юртимизда катта шарт-шароитлар яратилган. Ҳар бир ёш ўзи истаган касбни эгаллашга ҳақли. келажак биз ёшларники. Ёшларнинг кўксидан итариш, менсимай мурожаат қилиш эмас, балки далда бериш керак. Чунки биз ёшлар ҳали ҳар соҳада юртимиз байроғини кўкларга кўтарамиз. Қанчадан-қанча ёшлар бу аёлни деб азият чекмоқда. Бу аёлнинг ёшини инобатга олган ҳолда ёзган гапларим учун узр сўрайман, агар ноҳақ бўлсам, минг бор узр!
"ҚЎПОЛЛИК ҚИЛИШГА ҲЕЧ КИМНИНГ ҲАҚҚИ ЙЎҚ"
Одил Абдуқаҳҳоров, “Ўзбекконцерт” концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш бўлими бошлиғи:
— Можаро ҳақида инстаграм ижтимоий тармоғи ва сайтларда ўқидик ва масалага аниқлик киритиш мақсадида Шаҳзода Муҳаммедова ва Воҳиджон Исоқовни чақиртирдик. Балки Шаҳзодада ҳам асос бордирки, фикрини билдирган. Лекин бошқа бир одамга нисбатан шахсиятга тегиб, қўпол гапларни ишлатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Шу юзасидан тушунтириш ишларини олиб борганимиздан кейин Шаҳзода огоҳлантирилди. Ютубда видеомурожаат орқали Дилором Омонуллаевадан узр сўради.
P/S: Ўзбек маданияти, адабиётининг асосчиларидан бири Абдулла Авлоний “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”, деб бежиз айтмаган.Олий маълумотга эга бўлишдан ташқари ҳеч бўлмаса ўртача фикрлаш ва жиллақурса бошланғич тарбияга эга бўлиш керак. Мазкур можаро ва унинг якуни барчага бирдек дарс бўлса, ажабмас!
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди
Манба: Darakchi.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...