Судларда ҳалолликни таъминлаш бўйича янги чоралар белгиланди

Судларда ҳалолликни таъминлаш бўйича янги чоралар белгиланди

Президент Шавкат Мирзиёев суд тизимида коррупцияга қарши курашиш ва назоратни кучайтиришга оид янги таклифлар тақдимоти билан танишди.

Бугунги кунда нафақат судьялар, балки судларда ишлаётган 4,8 мингга яқин аппарат ходимларининг ҳам ҳалол фаолият юритиши муҳим вазифа ҳисобланади. Шу мақсадда тизимда қуйидаги янгиликларни жорий этиш режалаштирилмоқда:

  • Янги назорат хизмати тузилади: Олий суд раисига тўғридан-тўғри бўйсунувчи махсус Комплаенс назорати хизмати ташкил этилади. Унинг инспекторлари ҳудудий судларда ҳам ишлаб, қонунбузилишлар ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олади.

  • Электрон декларация тизими йўлга қўйилади: Судьялар ва суд ходимларининг даромадлари ҳамда мол-мулкларини автоматик равишда таҳлил қилувчи электрон тизим ишга туширилади. Коррупция хавфи юқори бўлган иш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилади.

  • Ишларни тақсимлаш шаффоф бўлади: Суд ишларини судьялар ўртасида автоматик тарзда тақсимлайдиган дастур такомиллаштирилади. Бу инсон омилини камайтириб, адолатни таъминлайди.

  • Ишга қабул қилиш янгиланади: Суд аппаратига ходимлар фақат очиқ танлов асосида, уларнинг билим ва ҳалоллик фазилатлари баҳоланган ҳолда ишга олинади. 2026 йил якунигача бутун тизимда коррупцияга қарши чидамлилик бўйича махсус текширув (диагностика) ўтказилади.

  • Чекловлар ва янги хизмат кийими: Суд ходимларига чет элда ҳисобварақ очиш ва тадбиркорлик билан шуғулланиш тақиқланади. Шунингдек, уларнинг масъулияти ва маданиятини ошириш учун махсус хизмат кийими жорий этилади.

Давлат раҳбари судларда адолат ва шаффофликни таъминлаш халқнинг давлатга бўлган ишончини оширишини таъкидлаб, ушбу тизимни пухта ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берди.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар