17:43 / 14.05.2020
1 362

Қарз ғавғолари. Ёки ҳимматдан кейинги ғурбат

Қарз ғавғолари. Ёки ҳимматдан кейинги ғурбат

Бировга қарз бериш яхши амаллар сирасига киради. Айтилишича, қарз бермоқнинг савоби хайр-эҳсондан кам эмас. Негаки, эҳсон ҳақиқий эгасига етиб борадими-йўқми — доим ҳам аниқ билиш қийин, бироқ қарз муҳтожнинг қўлига тутқазилади. Ҳар икки ҳолат кишилик жамиятининг, одамгарчиликнинг гўзал кўринишидир.

Кимнидир беғараз, холисона моддий қўллаб-қувватладингизми – Аллоҳ ўрнини ортиғи билан тўлдирсин. Агар бировга (танишга, қариндошга ва ҳ.к.) қайтариб бериш шарти билан вақтинча пул ёки бошқа моддий неъматни қарз тариқасида берган бўлсангиз, унга Яратган нажот ва... инсоф берсин!

Сўзимиз бирданига бошқа ўзганга бурилиб кетганидан ҳайрон бўлманг. Бугун қарз масаласида келиб чиқаётган низолар оз эмас. Бундай низолар баъзан фожеаларга сабаб бўлаётгани ҳам бор гап. Фуқаролик судларида кўрилаётган низоларнинг салмоқли қисмини ҳам қарз олди-бердиси билан боғлиқ ишлар ташкил этади. Шунинг ўзиёқ бугунги кунда одамлар ўртасидаги қарз муносабатлари нечоғли оғриқли тус олиб бораётганини кўрсатади.

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2019 йилда фуқаролик ишлари бўйича судларга қарзни ундириш билан боғлиқ 13.509 та даъво ариза тушган бўлиб, шундан 10.064 таси қаноатлантирган. Бунинг натижасида жавобгарлардан (яъни, қарздорлардан) жами 132 миллиарддан зиёд қарз суммасини даъвогарлар (ҳақдорлар) фойдасига ундириш ҳақида ҳал қилув қарорлари чиқарилди. Шунингдек, 509 та даъво талаби асоссизлиги сабабли рад қилинган бўлса, 502 та ҳолатда жавобгар тараф даъвони тан олиб, қарзини қайтарганлиги сабабли фуқаролик иши тугатилган.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Пул ва бошқа қимматликларни қарз ниқоби остида алдаб олиб, қайтармаган ҳолатлар ҳам ҳаётимизда учраб туради. Ўтган йилда худди шундай ҳолатлар сабаб 77 нафар шахс фирибгарликда айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилган, уларнинг 31 нафари панжара ортига равона қилинган бўлса, қолганларига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.

Суд амалиёти таҳлилидан келиб чиқиб, қарз берувчиларни шартли равишда икки тоифага ажратиш мумкин.

Биринчи ва кўпчиликни ташкил этувчи тоифа, бу - ҳақиқатдан ҳам ҳеч қандай манфаатсиз, одамгарчилик нуқтаи назаридан ёрдам қўлини чўзган инсонлар. Бундай тоифалар, ўз-ўзидан маълум, ишонч ва истиҳола сабаб қарз муносабатини қонуний расмийлаштирмайдилар. Вақтики келиб, қарздорнинг ноинсофлиги (ёки тўлов имконияти бўлмагани) боис ўртада низо пайдо бўлади. Қонун эса, жайдари тилда айтсак, қуруқ гапни кўтармайди. Фуқаролик кодекси нормалари талабига кўра (41-боб, 732-733-моддалари), фуқаролар ўртасидаги қарз шартномаси (агар қарз миқдори энг кам иш хақининг ўн бараваридан ортиқ бўлса) оддий ёзма шаклда тузилиши шарт. Шундагина даъво учун далил юзага келади. Қарз шартномасининг ёзма шаклига риоя қилмаслик низо келиб чиққан тақдирда тарафларни битимнинг тузилганлигини, мазмунини ёки бажарилганлигини гувоҳларнинг кўрсатувлари билан тасдиқлаш ҳуқуқидан маҳрум қилади(ФК, 109-модда).

Қарз олиш ва бериш қадимдан мавжуд. Шу боис ҳеч бир замонда бу масала эътибордан четда қолдирилмаган. Аниқ тартиблар жорий этилган. Хусусан, мусулмон ҳуқуқида ҳам қарз-олди берди масаласида аниқ кўрсатмалар мавжуд, жумладан Қуръони Каримнинг «Бақара» сурасида шундай марҳамат қилинади (мазмуни): «Эй мўминлар! Бир-бирингиз билан қарз беришиб муомала қилган вақтларингизда (у қарзларингизни адо қилиш муайян бир вақтгача маълум бўлса) у қарзларингизни ҳужжат тариқасида ёзинглар».

Шунинг учун ҳам қарз олди-бердисини ҳужжатлаштиришда истиҳола ёки андишага бориш керак эмас.


Қарз берувчи иккинчи тоифа эса, шу орқали фойда кўрувчилар бўлиб, улар маълум фоиз эвазига, албатта гаров ҳисобига қарз беради. Бу -рибо, яъни судхўрлик бўлиб, Исломда гуноҳ ҳисобланади. Бировга пулни шунчаки бериб қўймайдиганлар эса доим ишини пухта қилади. Яъни, аксарият ҳолатларда қарз учун гаров шартномаси тузиш ўрнига қарз олаётган шахсга тегишли муайян мулкларни (машина, уй-жой ва ҳ.к) нотариал тартибда олди-сотди шартномаси орқали ўз номига расмийлаштиргачгина пул беради. (Пулга муҳтож одамлар эса судхўрнинг шу ва шу каби талабларига иложсиз рози бўлади кўпинча.) Низо келиб чиққанда эса «уйни ёки машинани қонуний нотариал тартибда расмийлаштириб сотиб олганлигини» айтиб, қарз берганлигидан тониб тураверади. Кўп ҳолатларда ҳақиқий ҳолатни исботлаш имкони бўлмайди ва оқибат уларнинг қўли баланд келаверади. Нега? Чунки, ўша олди-сотди шартномаси нотариал тартибда, томонларнинг хоҳиш-иродаси асосида расмийлаштирилган. Мулк эгаси нотариус ҳузурида ихтиёрий олди-сотди шартномасини имзолаган. Ўртада қарз олди-берди бўлганлигини тасдиқловчи бирон ёзма далил мавжуд эмас.

Бу билан судхўрларга шаънига илиқ гап айтилаётгани йўқ. Гап шундаки, дунёвий давлатда шариат ахкомлари эмас, мавжуд қонунларга асосан иш юритилади. Ният қандай бўлмасин, қонун доирасида тузилган битимларни бекор қилишда доим ҳам асос топилавермайди.

Шунинг учун, қарз эвазига ниманидир гаровга қўйиш ёки гаров ўрнига олди-сотди шартномаси тузишда хушёр бўлиш, ўртадаги муносабатни тўғри, яъни қонуний расмийлаштириш керак.

Қонунчиликда қарз олди-бердисини тузиш ва расмийлаштириш шарт қилиб қўйилган экан, нима сабаб қарз муносабатига киришаётган шахслар ушбу тартибга риоя этмайди, деган савол туғилади. Фикримизча, бунинг биринчи сабаби - ўртадаги ишонч, истеҳола. Иккинчидан, тарафлар нотариал идорага бориб, қарз шартномасини расмийлаштиришига ё ҳафсала қилмайди ёки имкони бўлмайди, чунки бу жараён ортиқча вақтни талаб этади. Муаммонинг энг каттаси эса ҳуқуқий савод ва маданият бориб тақалади.

Кўрдик, кўряпмиз: қарз муносабатлари қонуний расмийлаштирилмас экан, низо ва муаммо пайдо бўлаверади. Шунинг учун ҳам бу борадаги мавжуд ҳуқуқий тартибларга ўзгартириш киритиш лозим кўринади.

Масалан, махсус ҳимояланган ва рақамланган бланкалар жорий этиш орқали мавжуд тартибларни соддалаштириш мумкин. Бунда, аввало, махсус бланкаларни қарз шартномасини расмийлаштириш учун олинадиган бож миқдоридан келиб нархлаган ҳолда сотувга чиқариш масаласини ўйлаб кўриш лозим. Шунда, қарз олувчи бланкани сотиб олади ва томонлар уни тўлдириб, имзолайди. Агарда қарз муддатида қайтарилмаса, шу ҳужжат асосида қарзни ундириш масаласини соддалаштирилган тартибда суд бўйруғи чиқариш орқали ҳал этиш мумкин бўлади. Бунинг учун эса бундай бланкаларда расмийлаштирилган қарз битимларини нотариал тасдиқланган қарз шартномасига тенглаштириш масаласини қонунчиликка киритиш лозим кўринади.

Мақоладан мақсад фуқаролар ўртасидаги қарз билан боғлиқ юзага келаётган низо ва муаммоларнинг олдини олиш ҳамда амалдаги қонунчиликни такомиллаштиришдани борат бўлиб, бу борада билдирилган фикрлар ҳисобга олинади.

Холмўмин Ёдгоров,
Олий суд раисининг ўринбосари
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)