22:18 / 17.01.2021
2 191

«Шон-шуҳратга тайёр эмасдим». Кейт Уинслет «Титаник» тақдимотидан сўнг кескин танқидларга учрагани ҳақида

«Шон-шуҳратга тайёр эмасдим». Кейт Уинслет «Титаник» тақдимотидан сўнг кескин танқидларга учрагани ҳақида
Фото: Getty Images
Бугунги кунда истеъдоди ва ижро маҳоратига ҳеч ким шубҳа қилмайдиган Кейт Уинслет, карьерасини бошлаганида танқидлар нишонига учрагани ҳақида айтиб берди.

Режиссёр Жеймс Кемероннинг «Титаник» фильмида 22 ёшида суратга тушган актриса омма эътиборига тайёр бўлмаган. Актриса Марк Марон билан бўлган суҳбатда матбуотдаги турли муносабат ва танқидлар уни синдиришига сал қолганини маълум қилган .

У «Титаник»нинг премьерасидан кейин ўзини-ўзи ҳимоялаш режимини «ёқиши»га тўғри келгани, Британия таблоидлари уни танқид қилиш учун имкон қочирмаганини таъкидлаган. Актриса учун буларнинг бари жуда ҳам оғир бўлган ва ҳаммаси тезроқ тугашини кутган. «Ўша вақт мен шон-шуҳратга эришишнинг бошқа тарафи билан танишганман ва мен бунга тайёр бўлмаганман», — деган Уинслет.

Матбуотдаги маломатлар таъсирида актриса, катта лойиҳаларда иштирок этишга розилик беришдан чўчиган. Актёрлик маҳоратини ўрганишда давом этган Кейт, ўзини Голливуд фильмларида суратга тушиш учун тайёр эмас деб ҳисоблаган. Омадсизлик ва хато қилишдан қўрққан, аммо суратга тушиш фикридан қайтмаган.

«Мен касбимни яхшироқ тушуниш ва қадр-қимматни сақлаб қолиш учун икир-чикирларга эътибор қаратишга уринганман», — деб қўшимча қилади актриса.

Уч йил ўтиб Кейт фарзандли бўлганидан кейингина Британия таблоидлари уни тинч қўя бошлаган. Бу вақтга келиб ўзи ҳам танқид ва бегона фикрларга ортиқча эътибор бермаган ва фарзанд тарбияси билан шуғуллана бошлаган.

Орадан 23 йил ўтиб, актриса Жеймс Кемерон билан қайта ҳамкорлик қилишга рози бўлган. У суратга тушаётган «Аватар» сиквели 2021 йилда эфир юзини кўради. Учинчи сиквел 2024 йилда, тўртинчиси 2026 йил, бешинчиси эса 2028 йилда тақдим қилинади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)