Сурхондарёда тўрт оёқли чақалоқ туғилди ва операция қилинди

Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида дунёга келган тўрт оёқли чақалоқ Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида операция қилинди. Бу ҳақида “Дарё”га Самарқанд вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи хабар берди.
Мутахассислар маълум қилишича, бола иккинчи қисми тўлиқ шаклланмаган сиам эгизаги билан туғилган. Чала ривожланган эмбрионда тананинг фақат пастки қисми шаклланган.
Чақалоқ 28 апрель куни Шерободда туғилган ва эртаси куни Самарқандга олиб келинган. Унда қўшимча оёқлар ва қўшимча жинсий аъзо аниқланган, орқа чиқариш тешиги эса шаклланмаган.
Дастлаб ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида зарур жарроҳлик амалиёти ўтказилган. 13 май куни иккинчи операцияда ортиқча оёқлар олиб ташланган.

Ҳозирда сийдик пуфаги иккита бўлиб қолган. Шифокорлар келгусида қўшимча операцияларни амалга оширишни режалаштирмоқда.
Мутахассислар бундай ҳолатда туғилган чақалоқларнинг яшаб кетиши қийинлигини таъкидлайди, бироқ унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун барча чоралар кўрилмоқда.
Маълум бўлишича, она ҳомиладорлик даврида скринингдан ўтган, бироқ нуқсон аниқланмаган. Тиббиёт масъуллари текширувда эътиборсизлик бўлганини тан олган.
Айни пайтда чақалоқнинг аҳволи қониқарли, у шифокорлар назорати остида.





























Изоҳлар 0
…