Ўзбекистон банклари тўрт ойда рекорд фойда кўрди

2026 йилнинг январь—апрель ойларида Ўзбекистонда фаолият юритаётган 34 та банк жами 6,94 триллион сўм соф даромад олди. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 2,64 триллион сўмга юқори бўлган.
Марказий банк маълумотларига кўра, 2024 йилнинг дастлабки тўрт ойида банклар томонидан 3 триллион сўм соф фойда қайд этилган. Шу тариқа, сўнгги икки йил мобайнида январь—апрель ойларидаги соф даромад ҳажми икки баравардан ортиқ ўсган.
Жорий йилнинг 1 май ҳолатига кўра, мамлакат банкларининг умумий активлари 962,8 триллион сўмга етган. Бу кўрсаткич бир йил аввалги даврга нисбатан қарийб 133 триллион сўмга кўпайган.
Таҳлилларда қайд этилишича, банклар активларининг 338,5 триллион сўми ёки 35 фоизи хорижий валюта ҳиссасига тўғри келади. Қиёс учун, 2025 йил май ойи бошида 335,8 триллион сўмлик активлар чет эл валютасида бўлиб, умумий активларнинг 40 фоизини ташкил этган. Натижада, бир йил давомида хорижий валютадаги активлар улуши 5 фоизга камайган.
Шунингдек, активлари 30 триллион сўмдан юқори бўлган банклар сони 12 тани ташкил этмоқда. Активлари 10 триллиондан 30 триллион сўмгача бўлган банклар сони тўққизта экани маълум қилинган. Бундан ташқари, саккизта банкнинг активлари 3 триллиондан 10 триллион сўмгача бўлса, яна бешта банкнинг активлари 3 триллион сўмгача етади.
Мутахассислар фикрича, банк тизимидаги активлар ва соф фойданинг ўсиши соҳанинг барқарор ривожланаётганини кўрсатади.





























Изоҳлар 0
…