ЦСКАнинг асосий ўйинчисига айланиб олган Аббосбек Файзуллаев Россияда кўплаб мухлису мутахассислар эътиборини ўзига торта бошлади.
Москва клуби матбуот хизмати Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 20 ёшли ҳужумкор футболчисидан интервью олди.
Sports.uz сайти ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ушбу интервьюни ҳавола этади.
— Болалигинг қандай ўтган?
— Мен Сирдарёда туғилганман. Тўққиз ёшгача ўша ерда яшадим. Кейин амаким мени Тошкентга олиб кетди ва “Пахтакор”га бордим.
— Тошкентга ота-онангсиз кетдингми?
— Ҳа, амакимнинг оиласида яшадим ва ҳозир ҳам Тошкентга борсам, амакимникида қоламан. Унинг фарзандлари туғишган укамдек бўлиб кетган.
— Ота-онадан узоқ бўлиш оғирлик қилмаганми?
— Тўғриси, жуда оғир. Қаттиқ соғинганимдан йиғлаб олардим. Лекин амакимнинг оиласи мени жуда яхши қабул қилган, улар билан ўзимни бахтиёр ҳис қиламан. Биз укаларим билан бир уйда катта бўлдик ва бу менинг иккинчи оиламга айланди.
— Сен туғилган шаҳарда фуутбол тўгараклари бормиди ёки Тошкентга келганингдан кейин шуғулланганмисан?
— Етти ёшдан тўққиз ёшимгача Сирдарёда шуғулланганман. Биринчи мураббийим Иброҳим Умматов. Бир марта Сирдарёга яқин жой – Янгиерга ўйинга борганмиз. У ерда кучли футбол академияси бор. Кўп яхши ўйинчилар шу ердан етишиб чиққан. Мен иккинчи бўлида яхши ўйнадим. Шу академияга таклиф қилишди. Кейин режалар ўзгариб қолди ва “Пахтакор”га бордим. Ҳаммаси яхшиликка бўлган.
— “Пахтакор”га қандай қўшилганингни айтиб бер...
— Тўғриси ҳамма жараёнларни билмайман. Эсимда қолгани, қиш эди, қор ёғарди. Ўшанда отам “Уч кундан кейин Тошкентга борамиз. Сени “Пахтакор”га чақиришди”, деди. Мен шокда эди. Бориб интернетда кўрган финтларимни ўргана бошладим.
Икки ҳафтадан кейин мени ортга қайтариб юборишларини эшитдим. Лекин мураббий мени ўртоқлик учрашувида синаб кўришга қарор қилди. Ўйинда 6:0 ҳисобида ютдик ва мен бешта гол урдим. Шундан кейин мени олиб қолишди.
“Пахтакор”да мураббийим Дмитрий Ан эди. Машҳур футболчи Михаилнинг ўғли. Имкониятдан фойдаланиб, унга ва Иброҳим Умматовга миннатдорлик билдираман.
— Ота-онанг ҳам футболчи бўлишингда ёрдам беришганми?
— Онам профессионал ўйинчи бўлишимни истамаган. Бу йўл қийинлигини тушунган, қолаверса, соғлиғим учун қаттиқ қайғурарди. Ҳар бир футболчи ўйинда оёғидан зарба ейди, мен ҳам бундан мустасно эмасман. Шунинг учун онам ҳар бир ўйиндан кейин қўнғироқ қилиб, аҳволимни суриштиради.
Айнан мана шу сабабли футболчи бўлишимни хоҳламаган. Лекин қайсарлигим бор, фикримдан қайтмаганман. Болалигимдан футбол мусобақаларини томоша қилардик. 2010 йилги жаҳон чемпионатининг илк учрашувини ҳамюртимиз Равшан Эрматов бошқаргани эсимда қолган.
— Ота-онанг ким бўлиб хизмат қилади?
— Отам уйимизда очилган дорихонани юритади, онам уй бекаси.
— Уларни Москвага олиб келишни режалаштирмаяпсанми?
— Йўқ, буни исташмайди. Уларга ўзлари яшаётган шаҳар қулай. Шунинг учун Тошкентга кўчиб келиш варианти ҳам йўқ. Сирдарёда яқинларимиз кўп, бу улар учун жуда муҳим.
Яқинда меҳмонга келишди. Онам “Крилья Советов” билан ўйинга, отам “Зенит”га қарши учрашувда шу ерда эди. Галма-гал келишди.
Давоми бор...
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг