
Аргентина яқинда 2026 йилги жаҳон чемпионати гуруҳ босқичидаги рақибларини билди: Жазоир, Австрия ва Иордания. Буэнос-Айресда қуръа натижаси енгиллик билан қабул қилинди.
Лионел Месси ҳам сўнгги мундиалига тайёргарликни бошлаб юборганди, мухлислар сафар режалари ва чипталар масаласини кўздан кечира бошлаган эди. Бироқ вазият кутилмаганда кескинлашди.
La Nacion нашри Аргентина футболини ларзага келтирган тергов тафсилотларини эълон қилди. Мазмуни шундай: агар давлат органлари футбол раҳбариятининг коррупциядаги айбини суд орқали исботласа ва амалдорлар лавозимидан четлаштирилса, ФИФА буни миллий федерация ишларига давлат аралашуви сифатида баҳолаб, Аргентинани турнирдан четлатишгача бориши мумкин.
Тергов марказида Аргентина футбол асссоциацияси (AFA) президенти Клаудио Тапия турибди. Унинг Пилар ҳудудидаги ҳашаматли мулкига эгалик ҳуқуқи савол остига олинган: 10 гектар ер, вертолёт қўниш майдончаси, отхоналар ҳамда 50 тадан ортиқ ноёб автомобиллар коллекцияси тилга олинади.
Ҳужжатларда мазкур мулк пенсионер аёл ва хусусий тадбиркор номига расмийлаштирилгани, полиция эса уларни номигина кўрсатилган шахслар деб ҳисоблаётгани айтилади. Ишда Тапианинг яқин ҳамкори Пабло Товигино ҳамда AFA ғазначиси ўринбосари Лусиано Накис ҳам тилга олинмоқда.
Президент Хавьер Майлей томонидан давлат молиясини назорат қилиш учун тузилган ARCA агентлиги AFAни 7 миллион долларни ноқонуний ўзлаштириш ва солиқларни тўламасликда гумон қилмоқда. Тергов доирасида федерация штаб-квартираси ва мамлакатдаги 18 клубда тинтувлар ўтказилгани хабар қилинди.
Терговнинг алоҳида йўналиши Sur Finanzas молиявий компанияси билан боғлиқ. Журналистлар маълумотига кўра, у Тапианинг яқин дўсти Ариэл Вальехога тегишли.
Ушбу компания терма жамоа ва клубларга эксклюзив асосда ҳомийлик қилгани, қарзлар ажратгани, шунингдек, трансляция ҳуқуқлари орқали тўловлар олгани қайд этилади. Терговчилар Sur Finanzasни маблағларни талон-торож қилиш ва солиқлардан бўйин товлаганликда гумон қилмоқда.
La Nacion иддаосига кўра, Вальехо Тапия фойдаланиши учун кредит карта тақдим этган, у орқали юз минглаб доллар сарфланган. Ҳозирча расмий айблов эълон қилингани йўқ.
Манбаларга кўра, Тапия вазиятни назорат қилаётганини айтиб, ўзини хотиржам тутмоқда. Аммо можаронинг ФИФА қоидалари билан тўқнашадиган томони бор.
ФИФА низоми қатъий: давлат органлари миллий футбол федерациялари фаолиятига аралашмаслиги керак. Агар суд Тапияни айбдор деб топса ва лавозимидан четлаштирса, ФИФА буни федерация мустақиллигига тажовуз сифатида талқин қилиши эҳтимоли бор.
Шу билан бирга, Аргентинани жаҳон чемпионатидан чиқариб юбориш амалда тасаввур қилиш қийин. Амалдаги жаҳон чемпиони, Мессининг эҳтимолий сўнгги мундиали, 2026 йилги турнир мезбонлари АҚШ, Канада ва Мексика учун улкан томошабин ва даромад омили.
ФИФА аъзоси, Россия футбол иттифоқининг фахрий президенти Вячеслав Колосков бу борада шундай фикр билдирди: Аргентина барибир жаҳон чемпионатида ўйнайди, бунга шубҳа йўқ, чунки бу афиша ва катта пул. Унинг фикри тижорат нуқтаи назаридан мантиқий: Месси иштирок этадиган терма жамоани турнирдан четлатиш молиявий зарар келтиради.
Бироқ ФИФА учун асосий мезон даромад эмас, низом ва принциплар экани ҳам бор гап: федерациялар мустақиллиги масаласида ташкилот муросасиз бўлиши мумкин. Сценарийлар икки хил: амалдорлар тезда оқланса ёки лавозимдан кетиб, AFA ислоҳотларга тайёрлигини кўрсатса, можаро юмшаши мумкин.
Агар жараён чўзилиб кетса ва давлат аралашуви ҳақидаги баҳслар кучайса, ФИФА санкция қўллаши учун формал асос пайдо бўлади. Бундай чора реалми?
Шубҳали. Катта турнирлар арафасида федерациядаги коррупция сабаб терма жамоаларни четлатиш бўйича амалиёт деярли учрамаган.
Қувейт ва айрим бошқа ҳолатларда гап жаҳон чемпионатлари эмас, режадаги мусобақалар ҳақида борган. Шунга қарамай, Аргентинадаги иш тез суръатда кенгаймоқда: тинтувлар, миллионлаб долларлар, номигина шахслар, “дўстона” кредит карталари ҳақидаги иддаолар.
Натижада Месси ўзининг эҳтимолий сўнгги мундиалини жароҳат ёки ёш туфайли эмас, балки Аргентина футболини бошқараётган раҳбарлар атрофидаги можаро сабаб ўтказиб юбориш хавфи остида қолмоқда. 2026 йилги жаҳон чемпионати 11 июн куни старт олади.
Унгача вақт бор. Масала шундаки, Аргентина расмийлари можаронинг шовқинини катталаштирмасдан, қонуний тартибда тезда якунлай оладими ва ФИФА шовқин ортса ҳам, бунга кўз юмishga тайёрми.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.