Абдуқодир Ҳусановнинг “Манчестер Сити”даги баҳоси 50 миллион еврога кўтарилди

“Манчестер Сити” клуби ҳимоячиси ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Абдуқодир Ҳусановнинг Трансфермаркт порталидаги трансфер қиймати сезиларли даражада ошди. Янгиланган маълумотларга кўра, ўзбекистонлик марказий ҳимоячининг нархи 15 миллион еврога кўтарилиб, ҳозирда 50 миллион еврога баҳоланмоқда.
Бу натижа Абдуқодир Ҳусановнинг нафақат Ўзбекистон, балки бутун Осиё миқёсидаги энг қиммат футболчилардан бири сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлади. Портал маълумотларига кўра, Ҳусанов Осиёдаги энг қиммат футболчи мақомини сақлаб қолган. Унинг энг яқин таъқибчиси япониялик футболчи Кайшу Сано ҳисобланади. Санонинг трансфер баҳоси 40 миллион еврони ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов 2025 йил январ ойида “Манчестер Сити” сафига қўшилган эди. Англия гранди унинг трансфери учун 40 миллион евро тўлаган, келишувда қўшимча 10 миллион евролик бонуслар ҳам кўзда тутилган. Марказий ҳимоячи “шаҳарликлар” таркибида ушбу мавсумда иккита соврин — Англия кубоги ва Англия лига кубогини қўлга киритди.





























Изоҳлар 0
…