Лондонда бугун “Олтин тўп” соҳиблари эълон қилинади

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Бугун, 26 октябр куни Лондон шаҳридаги Лондон Палладиум театрида 2026 йилги «Олтин тўп» тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.
- Нуфузли мукофот таъсис этилганининг 70 йиллиги муносабати билан тадбир илк бор Буюк Британия пойтахтида ташкил этилмоқда.
- Маросимни Терри Анри ва Кейт Скотт олиб боради, қизил гилам маросими Тошкент вақти билан соат 23:00 да, асосий тақдирлаш эса 27 октябр куни соат 01:00 да бошланади.
Бугун, 26 октябрь куни 2026 йилги «Олтин тўп» тақдирлаш маросими бўлиб ўтади. Тантанали тадбир Лондон шаҳридаги London Palladium театрида ташкил этилади. Бу йил футбол оламидаги нуфузли индивидуал мукофот таъсис этилганига 70 йил тўлди.
Маросим тарихда илк бор Буюк Британия пойтахтида ўтказилади. Лондон мезбон шаҳар сифатида мукофотнинг илк соҳиби, англиялик футболчи сэр Стэнли Мэттьюс шарафига танланган.
Тадбирни Франция терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Тьерри Анри ва спорт бошловчиси Кейт Скотт олиб боради. Қизил гилам маросими Тошкент вақти билан соат 23:00 да бошланади. Асосий тақдирлаш маросими эса 27 октябрь куни соат 01:00 да старт олади. Бу ҳақдаги маълумотлар UEFA ва мукофотнинг расмий сайтида эълон қилинган.
Кеча давомида эркаклар ва аёллар ўртасидаги «Олтин тўп» соҳиблари, энг яхши ёш футболчилар, дарвозабонлар, мураббийлар, ҳужумчилар ҳамда йилнинг энг яхши клублари аниқланади. Шунингдек, жамиятдаги муҳим ташаббусларни қўллаб-қувватлаган футболчиларга топшириладиган Сократ мукофоти ҳам ўз эгасини топади.
Йилнинг энг яхши ёш футболчиси соврини учун Керим Алайбегович, Айюб Буаадди, Пау Кубарси, Ян Диоманде, Леннарт Карл, Эли Жуниор Крупи, Ламин Ямал, Йохан Манзамби, Иброҳим Маза ва Уоррен Заир-Эмери номзодлар қаторига киритилган.
Эркаклар ўртасида йилнинг энг яхши мураббийи совринига Микель Артета, Луис де ла Фуэнте, Унаи Эмери, Венсан Компани ва Луис Энрике даъвогарлик қилади.
Кечанинг асосий соврини — эркаклар ўртасидаги «Олтин тўп-2026» учун эса 30 нафар футболчи номзод сифатида кўрсатилган. Улар орасида Жуд Беллингем, Усмон Дембеле, Эрлинг Ҳоланд, Гарри Кейн, Ламин Ямал, Килиан Мбаппе, Лионель Месси, Родри ва Винисиус Жуниор каби юлдузлар бор.

2025 йилда эркаклар ўртасидаги «Олтин тўп»ни Усмон Дембеле, аёллар ўртасидаги мукофотни эса Айтана Бонмати қўлга киритган эди. Бу йилги ғолиблар Лондондаги маросимда маълум бўлади.






























Изоҳлар 0
…