Starlink Боливия чекка ҳудудларидаги мактабларни интернетга улади

Starlink лойиҳаси доирасида Боливиянинг 14 та олис ҳудудидаги мактабларда таҳсил олаётган 1000 дан ортиқ ўқувчи ва ўқитувчилар юқори тезликдаги сунъий йўлдош интернетига уланди. Эндиликда ушбу таълим муассасалари жаҳон таълим ресурсларидан тўғридан-тўғри фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Elon Musk ва SpaceX саҳифаларида ушбу жараён акс этган суратлар эълон қилинди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Илгари ушбу мактаблар мураккаб релеф ва инфратузилма йўқлиги сабабли рақамли дунёдан бутунлай узилиб қолган эди. Бугунги кунда Starlink тақдим этаётган барқарор алоқа ўқувчиларнинг рақамли кўникмаларини ривожлантириш ва саводхонлик даражасини оширишга хизмат қилмоқда. Бу каби лойиҳалар интернет етиб бориши қийин бўлган нуқталарда таълим сифатини тубдан ўзгартирмоқда.
Ҳозирги вақтда Ер орбитасида 10 000 дан ортиқ Starlink сунъий йўлдошлари фаолият кўрсатмоқда. Хизматдан дунёнинг 160 та мамлакатида 12 миллиондан ортиқ абонент фойдаланмоқда. Шунингдек, 2026-йилда Starship ёрдамида янги авлод — В3 сунъий йўлдошларини учириш режалаштирилган.
SpaceX томонидан яратилган Starlink тизими оддий кабел ёки мобил алоқа мавжуд бўлмаган жойларда кенг полосали интернетни таъминлайди. Компания, шунингдек, ноқонуний фаолиятда қўлланилаётган терминалларни аниқлаш ва ўчириш бўйича ҳуқуқ-тартибот идоралари билан фаол ҳамкорлик қилмоқда. Бундан ташқари, Starlink яқин орада Европада мобил сунъий йўлдош спектри савдоларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритиши кутилмоқда.





























Изоҳлар 0
…