11:02 / 22.03.2025
101

Сунъий интеллект асосидаги янги тизим об-ҳавони тез ва аниқ башорат қилади

Сунъий интеллект асосидаги янги тизим об-ҳавони тез ва аниқ башорат қилади
Aardvark Weather сунъий интеллект тизими об-ҳавони анъанавий усулларга нисбатан тезроқ ва аниқроқ башорат қила олади, деб ёзади The Guardian Nature журналида эълон қилинган тадқиқотга таяниб.

Ҳозирги кунда метеорологлар об-ҳавони башорат қилиш учун мураккаб алгоритмлардан фойдаланади. Ушбу жараён суперкомпьютерларда соатлаб вақт талаб қилади ҳамда мутахассислар жамоаси томонидан бошқарилади. Бироқ Кембриж университети олимлари Алан Тюринг институти, Microsoft Research ва Европа ўрта муддатли об-ҳаво прогнозлари маркази билан ҳамкорликда янги, сунъий интеллектга асосланган ёндашувни ишлаб чиқди.

Тадқиқотчилар нейротармоқни турли манбалар—об-ҳаво станциялари, сунъий йўлдошлар, аэростатлар, кемалар ва самолётлардан олинган маълумотларни таҳлил қилишга ўргатишди. Бу эса анъанавий моделлаштириш усулларисиз аниқ прогнозлар яратиш имконини беради.

Кембриж университетининг сунъий интеллект бўйича профессори Ричард Тернернинг таъкидлашича, Aardvark Weather тизими қишлоқ хўжалигидан тортиб шамол энергетикасигача бўлган турли соҳалар учун махсус мослаштирилган прогнозлар тақдим этади. Шунингдек, бу технология бир мутахассисга оддий компьютерда ҳам аниқ об-ҳаво прогнозларини тузиш имконини беради.

Бундан ташқари, Aardvark Weather саккиз кун олдиндан аниқ башорат бера олади. Бу эса замонавий усуллар тақдим этадиган беш кунлик прогноздан анча узоқ муддатли ҳисобланади. Ишлаб чиқарувчиларнинг таъкидлашича, янги сунъий интеллект тизими алоҳида ҳудудлар учун ҳам аниқ маълумотларни тақдим этиши мумкин.

Фото: Murdo MacLeod/The Guardian
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно