Ироқдаги 75 минг йиллик суяклар неандерталлар сирини очди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Ироқ шимолидаги Шанидар ғоридан топилган 75 минг йиллик неандертал қолдиқлари, хусусан, «Шанидар А» деб номланган шахснинг жароҳатлари қадимги одамлар ўртасидаги зўравонлик ва ўзаро ғамхўрликни кўрсатади.
- Унинг кўкрак қафасидаги жароҳат ўлимга сабаб бўлган бўлиши мумкин ва бу неандерталлар ўртасидаги низо ёки тўқнашув натижаси деб тахмин қилинади.
Ироқ шимолидаги ғордан топилган 75 минг йиллик неандертал қолдиқлари қадимги одамлар ўртасидаги зўравонлик ва ўзаро ғамхўрлик ҳақида муҳим маълумотларни очиб берди. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.
Тадқиқотчилар Загрос тоғларидаги Шанидар ғоридан тахминан 40 ёшдан ошган неандерталнинг қисман сақланган скелетини топган. «Шанидар А» деб номланган шахснинг жинси аниқланмаган.
Унинг чап курак суягида диаметри 15 миллиметр бўлган думалоқ тешик аниқланган. Олимларнинг тахминига кўра, ўткир учли ёғоч найза кўкрак қафасига кириб, ўпка ва бошқа тўқималарни шикастлаган. Бу жароҳат ўлимга сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Мутахассислар ҳодиса неандерталлар ўртасидаги низо ёки рақиб гуруҳлар ўртасидаги тўқнашув натижасида содир бўлган деб ҳисоблайди. Замонавий инсонлар ҳужуми ёки тасодифий жароҳат эҳтимоли эса пастроқ баҳоланган.
Бироқ топилманинг яна бир ҳайратланарли жиҳати бор. «Шанидар А»нинг тишларида камида бир йил олдин олган оғир жароҳати излари ҳам аниқланган. Зарба оқибатида олд тишларининг айримлари синган ва тушиб кетган, бошқалари эса силжиган.

Тадқиқот раҳбари, Кембриж университети антропологи Эмма Померойнинг айтишича, бундай жароҳатдан кейин овқат ейиш ва сув ичиш жуда қийин бўлган. Шу сабабли неандертал тикланиш даврида гуруҳдошларининг ёрдами ва парваришига муҳтож бўлган бўлиши мумкин.
Ғордан жами беш нафар неандерталга тегишли қолдиқлар топилган: тўрт нафари катталар, бири эса чақалоқ бўлган. Суяклар қоятош устуни ортида бир-бирига яқин жойлашган ҳолда аниқланган.
Шанидар ғори 1950 йиллардан бери неандерталлар ҳаётини ўрганишда муҳим археологик манба ҳисобланади. Янги тадқиқот натижалари «Scientific Reports» журналида эълон қилинган.
Олимларнинг фикрича, ушбу топилма неандерталларни фақат зўравон ёки бошқаларга бефарқ мавжудотлар сифатида тасвирлайдиган қарашларни шубҳа остига қўяди. Бир шахс қолдиқларида ҳам зўравонлик, ҳам ғамхўрликка ишора қилувчи далилларнинг топилиши қадимги одамлар ўртасидаги муносабатлар анча мураккаб бўлганини кўрсатади.






























Изоҳлар 0
…