Google Gemini иловасини янгилади: ChatGPT ва Claude билан рақобат кучаймоқда

Google ўзининг йиллик Google И/О тадбирида Gemini иловаси учун бир қатор муҳим янгиланишларни тақдим этди. Эндиликда илова шунчаки чатбот эмас, балки фойдаланувчиларнинг кундалик ҳаётини бошқарувчи универсал сунъий интеллект марказига айланмоқда. Бу қадам компаниянинг ChatGPT ва Claude каби рақобатчиларга қарши курашдаги стратегик ҳаракати сифатида баҳоланмоқда. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
Янги "Даилй Бриеф" функцияси фойдаланувчининг электрон почтаси, тақвими ва муҳим вазифаларини таҳлил қилиб, ҳар тонг учун шахсий хулосаларни тақдим этади. Тизим нафақат маълумотларни умумлаштиради, балки вазифаларни устуворлик бўйича саралаб, кейинги қадамлар бўйича тавсиялар беради. Ҳозирда ушбу функция АҚШдаги Google AI обуначилари учун фойдаланишга топширилди.
Илова дизайни ҳам тубдан ўзгартирилди. "Неурал Эхпрессиве" деб номланган янги интерфейс суюқ анимациялар, ёрқин ранглар ва қулай типография билан бойитилган. Эндиликда жавоблар матн кўринишида эмас, балки асосий маълумотлар юқорида ажратилган ҳолда, визуал элементлар билан бирга тақдим этилади.
Бундан ташқари, Gemini Spark номли шахсий AI агенти тақдим этилди. У 24/7 режимида ишлайди ва фойдаланувчи номидан реал вазифаларни бажаришга қодир. Булутли технологиялар асосида ишловчи Spark телефон қулфланган бўлса ҳам фонда ишлашда давом этади ва фойдаланувчиларга ўз иш жараёнларини автоматлаштириш имконини беради.
Компания шунингдек, Gemini Омни номли янги AI видео моделини намойиш этди. У матнли сўровлар асосида юқори сифатли видеолар яратишга қодир. Фойдаланувчилар аудио, расм ва видеоларни юклаш орқали мураккаб визуал контентларни тезкорлик билан ҳосил қилишлари мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!