Россия компаниялари "сояли" сунъий интеллект муаммосига дуч келмоқда

Россиядаги кўплаб компаниялар ходимларнинг иш жараёнида сунъий интеллект технологияларидан яширинча фойдаланиши билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқда. "Билайн" бош директори Сергей Анохиннинг сўзларига кўра, мамлакатдаги корхоналарнинг 25 фоизи AI технологияларини тижорат жараёнларига тўлиқ жорий қилган, яна 20 фоизи эса бу йўналишда фаол иш олиб бормоқда. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Ўтказилган тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, ташкилотларнинг 37 фоизи сунъий интеллектдан вақти-вақти билан фойдаланади, 17 фоизи эса янги технологияларни энди ўрганишни бошлаган. Тадқиқотда саноат, молия, савдо ва қурилиш соҳаларида фаолият юритувчи 70 дан ортиқ йирик компанияларнинг топ-менежерлари иштирок этган.
Мутахассислар "сояли" сунъий интеллект (Шадов AI) хавфидан огоҳлантирмоқда. Ходимлар компания қоидаларини четлаб ўтган ҳолда ChatGPT ва бошқа нейротармоқлардан иш вазифаларини бажаришда фойдаланишмоқда. Бу эса корпоратив ва шахсий маълумотларнинг сизиб чиқиш хавфини кескин оширади.
ИнфоВатч компаниялар гуруҳи президенти Наталя Касперскаянинг таъкидлашича, махфий маълумотлар хорижий серверларга тушиб қолмоқда. У ерда ушбу маълумотлардан сунъий интеллект моделларини ўқитиш ёки учинчи шахсларга топшириш мақсадида фойдаланилиши мумкин, бу эса киберхавфсизлик нуқтаи назаридан жиддий таҳдид ҳисобланади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!