1-синф қабули бошланмоқда: ота-оналар нималарни билиши керак?

Ўзбекистонда 2026/27 ўқув йилида 795 минг нафардан зиёд боланинг 1-синфга қабул қилиниши кутилмоқда. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 1-синфга қабул жараёнларига бағишланган жонли мулоқотида берилган маълумотларга таяниб, “Халқ таълим инфо” хабар қилди.
Жонли мулоқот давомида вазирлик масъуллари қабул тартиби, онлайн тизимдаги янгиликлар ҳамда ота-оналарни қизиқтираётган қатор саволларга жавоб берди. Маълум қилинишича, бу йил қабул жараёнлари 20 июндан старт олади. 1-синфга 2019 йил 31 декабргача туғилган, етти ёшга тўладиган болалар қабул қилинади.
Қабул икки босқичда ташкил этилади. Биринчи босқич 20 июндан 31 июлгача давом этади ва унда аризалар бола бириктирилган микроҳудуд доирасида қабул қилинади. Иккинчи босқичда эса микроҳудуддан ташқари қабул мактабнинг имконияти ва қувватига қараб амалга оширилади.
Шунингдек, 10 августга қадар 1-синфга қабул қилинган ўқувчилар учун 12 турдаги ўқув жиҳозларидан иборат Президент совғалари туман ва шаҳар бўлимларига тўлиқ етказиб берилади.
Фарзанд қайси мактабга бириктирилганини қандай аниқлаш мумкин?
Ҳар бир мактабнинг микроҳудуди туман ёки шаҳар ҳокимлари қарори билан тасдиқланган. Қулайлик яратиш мақсадида my.maktab.uz порталида махсус хизмат йўлга қўйилган. Ота-оналар маҳалла, кўча ва уй рақамини киритиш орқали фарзанди қайси таълим муассасасига бириктирилганини билиши мумкин.
Онлайн қабул қамрови кенгайди
Бу йил онлайн қабул амалга ошириладиган ҳудудлар сони икки бараварга яқин ошди. Агар ўтган йили 74 та туман ва шаҳардаги қарийб 1500 та мактаб онлайн қабулга жалб қилинган бўлса, бу йил 135 та туман ва шаҳардаги 5500 дан ортиқ мактаб ушбу тизимга ўтади. Шу билан бирга, Тошкент шаҳри қаторида Бухоро вилоятидаги барча мактабларда ҳам қабул жараёнлари тўлиқ онлайн шаклда ташкил этилади.
Бир нечта мактабга ариза бериш мумкинми?
Амалдаги тартибга кўра, бир вақтнинг ўзида фақат битта мактабга ариза топшириш мумкин. Бироқ ота-она аввал 31 июлгача микроҳудуд бўйича асосий квотага ариза бериб, кейин 1 августдан бошлаб микроҳудуддан ташқари мактабларга қўшимча квота бўйича мурожаат қилиши мумкин.
Қабул жараёнларига ўқитувчилар жалб этилмайди
Вазирлик маълумотига кўра, ёзги меҳнат таътилида бўлган педагоглар қабул ишларига жалб қилинмайди. Бу вазифалар мактаб маъмурияти ва масъул ходимлар томонидан бажарилади. Онлайн қабул тизими ўқитувчилар учун ортиқча юклама юзага келтирмайди.





























Изоҳлар 0
…