Ламине Ямал нима учун Олтин тўпни юта олмагани у учун фойдали бўлганини айтди

Барселона ва Испания терма жамоасининг ёш юлдузи Ламине Ямал фаолиятидаги энг нуфузли шахсий соврин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Ўсмир футболчи ўтган сафар Олтин тўпни қўлга киритишига ишонгани, бироқ якунда мағлуб бўлгани унинг ўсиши учун муҳим туртки бўлганини тан олди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Барселона вингери ўзининг YouTube каналидаги видеода ўша пайтдаги ҳис-туйғуларини очиқ баён қилди. “Ростини айтсам, ўша куни ғалаба қозонаман деб ўйлагандим. Аммо Усман Дембеле ғолиб бўлгани мен учун яхши бўлди деб ҳисоблайман. Бу менга ривожланишим учун имкон берди. Балки, у пайт ҳали менинг вақтим келмагандир”, — дея таъкидлади 18 ёшли футболчи.
Ямал Испания терма жамоаси сафидаги босим ва Евро 2024 мусобақасидаги ғалаба ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, халқаро турнирларда қатнашиш бошида ҳаяжонли бўлган, бироқ вақт ўтиши билан у хотиржамликни сақлашни ўрганган. “Мен шунчаки бола эдим, турнир бошида ҳаяжон бўлиши табиий. Лекин ўйинлар ва турнирлар узоқ давом этади, асосийси уни қандай якунлашдир”, — дейди ҳужумчи.
Шунингдек, Ламине Ямал ўзининг кумири ҳақида гапирар экан, Spotify Камп Ноу стадионида ўз даврининг афсонасига айланган бразилиялик юлдузни тилга олди. “Неймар ўйинларини томоша қилишдан ҳамиша завқланаман, чунки у менинг кумирим”, — дея қўшимча қилди Ямал. Ҳозирда у нафақат Неймар, балки Англия Премер-лигаси ва бошқа топ-чемпионатлардаги иқтидорларни ҳам кузатиб боришини маълум қилди.





























Изоҳлар 0
…