Ўзбекистонда қайси ҳудуд аҳолиси энг ёш экани очиқланди

Ўзбекистон аҳолисининг ўртача ёши бўйича янги статистик маълумотлар маълум қилинди. Миллий статистика қўмитаси ахборотига кўра, 2026 йил 1 январь ҳолатида мамлакат аҳолисининг ўртача ёши 29,5 ёшни ташкил этган.
Ҳудудлар кесимида энг юқори ўртача ёш кўрсаткичи Тошкент шаҳрида қайд этилган бўлиб, бу ерда аҳолининг ўртача ёши 32,7 ёшга тенг. Кейинги ўринларда Бухоро вилояти (31,1 ёш) ва Тошкент вилояти (31 ёш) жойлашган.
Шунингдек, Навоий вилоятида ушбу кўрсаткич 30,1 ёшни, Фарғона вилоятида 30 ёшни ташкил этган. Қорақалпоғистон Республикасида аҳолининг ўртача ёши 29,8 ёш бўлса, Андижон ва Хоразм вилоятларида 29,5 ёшдан қайд этилган.
Наманган вилоятида ўртача ёш 29 ёшни ташкил этган. Сирдарё вилоятида бу кўрсаткич 28,7 ёш, Самарқанд вилоятида 28,5 ёш ва Жиззах вилоятида 28,4 ёшга тенг бўлган.
Энг ёш аҳолига эга ҳудудлар сифатида Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари қайд этилган. Мазкур ҳудудларда аҳолининг ўртача ёши мос равишда 27,7 ва 27,4 ёшни ташкил қилган.
Мутахассислар таъкидлашича, Ўзбекистондаги 29,5 ёшлик ўртача кўрсаткич жаҳондаги ўртача 30,9 ёшдан анча паст ҳисобланади. Шу боис мамлакат дунёда аҳолиси нисбатан ёш давлатлар қаторида тилга олинади.
“Global Relocate” лойиҳаси маълумотларига кўра, аҳолиси энг ёш мамлакатларда туғилиш даражаси юқори бўлиб, умр кўриш давомийлиги нисбатан паст бўлади. Рейтингда биринчи ўринни Марказий Африка Республикаси эгаллаган бўлиб, у ерда аҳолининг ўртача ёши 14,3 ёшни ташкил этади. Кейинги ўринларда Нигер (15,3 ёш) ва Сомали (15,4 ёш) қайд этилган.





























Изоҳлар 0
…