Мирзиёев ва Шариф стратегик ҳамкорлик натижаларини эълон қилди

5 февраль куни Исломобод шаҳрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши якунлари бўйича оммавий ахборот воситалари вакиллари олдида баёнот берди.
Давлат раҳбари сўз бошида Покистонга давлат ташрифи билан келиш таклифи, юксак меҳмондўстлик ва ўтказилган мазмунли музокаралар учун Шаҳбоз Шарифга миннатдорлик билдирди. Шунингдек, жадал тараққий этаётган Покистон Ўзбекистон учун ишончли стратегик шерик экани алоҳида қайд этилди. Бош вазир раҳбарлигида халқ фаровонлигини ошириш, иқтисодий ўсиш суръатларини кучайтириш ва мамлакатнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар Ўзбекистонда ҳам қувонч билан қабул қилинаётгани таъкидланди.
Мамнуният билан қайд этилган яна бир жиҳат — бу ташриф Ўзбекистон ва Покистон ўртасида стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилганининг беш йиллигига тўғри келди. Шу давр мобайнида икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми 2,5 баравар кўпайгани, қўшма корхоналар ҳамда лойиҳалар сони эса қарийб 3 бараварга ортгани айтилди. Яқин истиқболда товар айирбошлашни 2 миллиард долларга етказиш мақсади қўйилди. Шу билан бирга, 3,5 миллиард долларлик истиқболли савдо ва инвестиция келишувлари портфели шакллантирилгани маълум қилинди.

Музокаралар якунлари бўйича Қўшма декларация қабул қилиниб, ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилайдиган 30 га яқин муҳим ҳужжат имзоланди. Томонлар минтақавий ҳамкорликни изчил ривожлантириш орқали Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни биргаликда мустаҳкамлаш нияти қатъий эканини билдиришди. Халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёрлик ҳам қайд этилди.
Шавкат Мирзиёев Покистоннинг Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини фаол қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, Покистоннинг 2025–2026 йилларда БМТ Хавфсизлик Кенгашида муваққат аъзо сифатида тинчлик ва халқаро барқарорликни таъминлашга қаратилган ҳаракатларига юқори баҳо берилди.
Иқтисодий ҳамкорликда фармацевтика, тўқимачилик, электротехника, тоғ-кон ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги каби йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувларга эришилгани айтилди. Транспорт ва логистика алоқаларини кучайтириш, шунингдек, бизнес учун янада қулай шароитлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳудудлараро алоқаларни чуқурлаштириш мақсадида эса жорий йил Ўзбекистонда биринчи Ҳудудлараро форум ўтказилиши белгиланди.

Маданий-гуманитар йўналиш ҳам эътибордан четда қолмади: биргаликда маданият ҳафталиклари, кинофестиваллар ташкил этиш, буюк мутафаккирлар илмий-маърифий меросини ўрганиш ва оммалаштириш режалаштирилмоқда. Исломободдаги кўчалардан бирига Тошкент номи берилгани учун яна бир бор миннатдорлик изҳор этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари Покистон пойтахтида буюк давлат арбоби ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур номида боғ бунёд этиш тўғрисида қарор қабул қилинганини эълон қилди. Таъкидланишича, бу қарор Покистон халқига мамлакат мустақиллиги байрами нишонланиши арафасида муносиб туҳфа бўлади.
Президент Покистон Миллий фан ва технологиялар университети томонидан фахрий доктор ва профессор унвонлари берилгани учун ҳам алоҳида миннатдорлик билдирди. Нутқ якунида эса барчани бўлажак Покистон куни байрами ҳамда яқинлашиб келаётган муборак Рамазон ойи билан қутлади.