Давлат хизматчилари учун янги иш чеклови киритилади

Ўзбекистонда давлат идораларида ишлаган айрим раҳбар ва масъул ходимларнинг кейинчалик ўзи назорат қилган ташкилотларга ишга ўтиши бўйича янги чекловлар жорий этилиши мумкин. Бу борада манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга қаратилган тегишли низом лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Лойиҳага кўра, давлат органи ёки бошқа ташкилотда меҳнат шартномаси тугатилган ёхуд хизматдан бўшатилган ходим сўнгги икки йил давомида ўзи бевосита ёки билвосита назорат қилган ташкилотга ишга қабул қилинмоқчи бўлса, аввало коррупцияга қарши ички назорат бўлинмасининг хулосаси талаб этилади.
Яъни собиқ раҳбар ёки масъул ходим ўз ваколати даврида назорат қилган, текширган ёки қарорларига таъсир ўтказган ташкилотга тўғридан-тўғри ишга ўта олмайди. Бу жараён аввал махсус ўрганилади ва коррупциявий хавф даражаси баҳоланади.
Ҳужжатда мазкур тартибнинг асосий мақсади манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, хизмат ваколатларидан шахсий манфаат йўлида фойдаланиш хавфини камайтириш ва “айланма эшик” ҳолатларининг олдини олиш экани таъкидланган.
“Айланма эшик” деганда, одатда давлат лавозимида ишлаган шахснинг ўзи назорат қилган ёки таъсир кўрсатган ташкилотга кейин ишга ўтиши тушунилади. Бундай ҳолатларда аввалги хизмат ваколатлари, алоқалар ёки ички маълумотлар шахсий манфаат учун ишлатилиши хавфи пайдо бўлиши мумкин.
Низом лойиҳаси давлат органлари, маҳаллий ҳокимиятлар, давлат муассасалари, шунингдек, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган акциядорлик жамиятлари раҳбарлари ва бошқарув ходимларига нисбатан татбиқ этилиши кўзда тутилмоқда.
Янги тартибга кўра, ишга қабул қилувчи ташкилот собиқ ходимнинг охирги иш жойидан коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаси хулосасини мажбурий равишда сўраб олиши шарт бўлади. Бундай хулоса бўлмаса, ишга қабул қилишга йўл қўйилмайди.
Лойиҳада коррупциявий хавф даражаси “паст”, “ўрта” ва “юқори” тоифаларга ажратилиши белгиланган. Агар ўрганиш натижасида “юқори” хавф аниқланса, ходимни ишга қабул қилиш рад этилади.
Шунингдек, салбий хулосага қарамасдан ёки умуман хулосасиз ишга қабул қилган мансабдор шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши мумкин.
Қисқаси, янги лойиҳа давлат хизматида шаффофликни ошириш, манфаатлар тўқнашувини камайтириш ва раҳбар ходимларнинг кейинги меҳнат фаолиятини қонуний назоратга олишга қаратилган. Бу ерда асосий ғоя оддий: лавозимдан кетдингми, назорат қилган жойингга “тихонько” ўтиб кетиш энди осон бўлмайди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!