Ўзбекистонда рекламали қўнғироқ ва СМС хабарларга янги чекловлар киритилади

Ўзбекистонда рекламали қўнғироқ ва СМС хабарларга янги чекловлар киритилади

Ўзбекистонда маркетинг қўнғироқлари ва рекламали СМС хабарлар бўйича янги тартиб жорий этилади. Қабул қилинган қарорга кўра, ўзгаришлар фуқароларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш ва давлат хизматларида ҳужжат айланишини автоматлаштиришга қаратилган.

2026 йил 1 ноябрдан бошлаб абонентга рекламали қўнғироқ қилиш ёки СМС юбориш учун унинг ёзма ёки электрон розилиги бўлиши шарт. Розиликсиз реклама тарқатишга йўл қўйилмайди.

Шунингдек, алоқа тармоқлари орқали реклама тарқатиш учун вақт чеклови белгиланмоқда. Рекламали қўнғироқлар ва хабарларни соат 18:00 дан 09:00 гача юбориш тақиқланади.

Мобил операторлар мижознинг биринчи талаби билан рекламали хабар ва қўнғироқларни блоклаши керак бўлади. Реклама тарқатувчи компаниялар эса ўз маълумотлар базаларини Шахсий маълумотлар давлат реестрида рўйхатдан ўтказиши шарт.

2026 йил 1 октябрдан бошлаб фуқаронинг ФИОси ёки туғилган санаси ўзгарса, давлат органларининг ахборот тизимларидаги маълумотлар автоматик равишда янгиланади.

Қарорда вояга етмаганлар ҳуқуқини ҳимоя қилишга оид ўзгариш ҳам бор. Улар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга даъво киритганда давлат божидан озод этилади.

Реклама ва шахсий маълумотлар билан ишлаш қоидаларини бузган шахсларга қонунчиликка мувофиқ жавобгарлик белгиланади.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар