Эҳтиёт бўлинг! Ўзбекистон дўконларида 73 номдаги маҳсулот сифатсиз деб топилди

Эҳтиёт бўлинг! Ўзбекистон дўконларида 73 номдаги маҳсулот сифатсиз деб топилди

Ўзбекистондаги савдо дўконларида сотилаётган 73 номдаги маҳсулот белгиланган сифат ва техник талабларга жавоб бермаслиги аниқланди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси маълум қилди.

Қайд этилишича, қўмита ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда чакана савдо нуқталарида сотилаётган истеъмол товарлари сифатини текшириш мақсадида назорат харидларини амалга оширган. Харид қилинган маҳсулотлар аккредитациядан ўтган лабораторияларда синовдан ўтказилган.

2026 йилнинг дастлабки саккиз ойида жами 60 турдаги 558 номдаги маҳсулот ўрганилган. Текширувлар натижасида уларнинг 73 номдагиси амалдаги норматив-техник талабларга мос келмаслиги маълум бўлган.

Аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли чоралар кўриш, шунингдек, талабларга жавоб бермайдиган товарларни савдо расталаридан қайтариб олиш масаласини кўриб чиқиш учун материаллар Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасига юборилган.

Рақобат қўмитаси истеъмолчилар ҳуқуқлари ва саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида назорат тадбирлари давом эттирилишини билдирган.

Таъкидлаш жоизки, расмий хабарда сифатсиз деб топилган маҳсулотларнинг аниқ номлари ва ишлаб чиқарувчи брендлари келтирилмаган. Шу боис ҳозирча муайян маҳсулот ёки брендни талабга жавоб бермайди, деб айтиш учун асос йўқ.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар