Toyota Highlander муқобили ГАК С9 Россияда 6,8 млн рублдан сотилади

Россия бозорида ГАК С9 тўлиқ ўлчамли гибрид кроссоверининг нархи эълон қилинди. Янги модел ягона СХ Премиум комплектациясида 6,8 миллион рубл (тахминан 70 минг доллар) этиб белгиланди. Сотувларнинг аниқ бошланиш санаси ҳозирча очиқланмаган бўлса-да, автомобил ўзининг бой жиҳозлари ва техник имкониятлари билан эътиборни тортмоқда. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
СХ Премиум версияси адаптив осма, 21 дюймли ғилдирак дисклари, 360 даражали камералар ва замонавий ҳайдовчи ёрдамчилари билан таъминланган. Шунингдек, салонда проекцион дисплей, уч зонали иқлим назорати ҳамда биринчи ва иккинчи қатор ўриндиқлари учун иситиш, вентиляция ва массаж функциялари мавжуд. Рул, олд ойна ва пуркагичлар иситиш тизимига эга, ўриндиқлар эса юқори сифатли Наппа териси билан қопланган.
ГАК С9 узунлиги 5060 мм бўлган йирик кроссоверлар тоифасига киради. Автомобил кетма-кет гибрид схемаси асосида қурилган ва тўлиқ узатмали (АWD) тизим билан жиҳозланган. Тизимнинг умумий қуввати 340 от кучига тенг бўлиб, у 100 км/соат тезликка 7,2 сонияда эришади. Куч қурилмаси таркибига 1,5 литрли ички ёнув двигатели ва КАТЛ компаниясининг 44,5 кВ·соат сиғимли батареяси киради.
Гибрид тизимнинг афзалликларидан бири унинг тежамкорлигидир: фақат электр энергиясида 208 км (НEДК сикли бўйича), умумий ҳисобда эса 1019 км масофа босиб ўтиш мумкин. КАТЛ батареяси тезкор қувватлаш станцияларида 30 фоиздан 80 фоизгача атиги 15 дақиқада қувват олади. Қўшимча ҳақ эвазига мижозлар фақат ташқи кўриниш учун икки хил вариантни — қора рангли дизайн ёки икки рангли кузовни танлашлари мумкин.





























Изоҳлар 0
…