Ўзбекистонда машҳур бренд автомобиль ишлаб чиқармоқчи

Германиянинг машҳур Volkswagen автоконцерни Ўзбекистон автомобиль саноатини янада ривожлантириш дастури доирасида Тошкент шаҳрида йирик йиғув ишлаб чиқаришини ташкил этишни мақсад қилмоқда. Бу ҳақда Британиянинг “Just Auto” нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, лойиҳанинг дастлабки босқичида пойтахт Тошкентда автомобилларни йирик бўғинли йиғиш жараёнини йўлга қўйиш режалаштирилган. Кейинчалик ишлаб чиқаришни “Ангрен” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида юқори даражада маҳаллийлаштириш кўзда тутилмоқда.
Таъкидланишича, мазкур лойиҳа 2025 йил июнь ойида стратегик ҳамкорлик битимини имзолаган “Ўзавтосаноат” давлат компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Мақолада Ўзбекистон автомобиль саноати сўнгги йилларда барқарор ўсиш суръатларини намоён этаётгани алоҳида қайд этилган. Айни вақтда мамлакатда Chevrolet, BYD, KIA ва Hyundai каби халқаро брендлар билан ҳамкорликда маҳсулот ишлаб чиқарувчи бешта автомобиль заводи фаолият юритмоқда.
Хабарда келтирилишича, соҳада 10 мингдан зиёд мутахассис меҳнат қилмоқда, шунингдек 300 дан ортиқ маҳаллий корхона автомобиль ишлаб чиқарувчиларни бутловчи қисмлар билан таъминлаб келмоқда.
Шу билан бирга, Президент Шавкат Мирзиёев ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнини янада чуқурлаштириш, илмий-тадқиқот ишларини кенгайтириш ҳамда 2026 йил охирига қадар автокомпонентлар бозорини ривожлантириш бўйича комплекс стратегия тайёрлаш вазифасини белгилаб бергани таъкидланган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!