1939 йил 15 июнда Берлиндаги совет мухтор вакили Астахов булғор элчиси Драганов ҳузурига ташриф буюради. Маълумки, Олмония билан Булғория ўртасида ишончли алоқалар мавжуд эди. Кремлдагилар шуни яхши билардики, Астахов билан Драганов ўртасидаги суҳбатлар мазмуни тезда Риббентропга ҳам маълум бўлади. Астаховнинг Драгановга айтишича, юзага келган халқаро вазиятда Совет Иттифоқи ё Франция ва Англия билан битим тузади, ё Олмония билан дўстона муносабатларини тиклаш учун ғарб билан музокараларни орқага суриб туради. Кремлнинг мақсадини Астахов жуда аниқ ифода этади: «Агар Олмония СССРга ҳужум қилмаслигини эълон қилса ёки СССР билан ҳужум қилмаслик ҳақида битим тузса, СССР, эҳтимол, Англия билан битим тузишдан тийилиб турарди».
Молотов билан навбатдаги учрашув пайтида – 29 июнда граф Шуленбург Молотов СССР билан «муносабатларнинг янги базасини яратиш» деганда нимани назарда тутганини сўрайди. Элчи ўша куниёқ Берлинга хабар қилиб, Москов учрашувларга жуда қизиқаётганини билдиради, аммо Риббентропдан Москов билан сиёсий музокараларни тезлаштирмасликка кўрсатма олади. Бироқ иқтисодий музокаралар шунчалик олдинга кетдики, 22 июлдаёқ совет газеталари Берлинда савдо ва молия бўйича совет-олмон музокаралари муваффақиятли якунлангинини хабар қилдилар.
Беш кун ўтгач, Астахов ташқи ишлар вазирлигига чақирилди ва доктор Шнурре унга, Берлиннинг фикрича, совет-олмон муносабатлари уч босқичдан ўтишини айтди: биринчи босқич – савдо шартномаси тузилиши, иккинчи босқич – сиёсий муносабатларнинг барқарорлашуви, учинчи босқич – СССР ва Олмония ўртасида дўстлик ва бетарафлик ҳақидаги 1926 йил 24 апрелдаги шартномага қайтиш ёки янги шартнома тузиш.
Суҳбат интиҳосида Риббентропнинг яқин ҳамфикри бўлган доктор Шнурре «ажойиб» бир эътирофини баён қилади. Унинг фикрича, большевизм, фашизм ва национал-социализмнинг мафкураси муштарак, ягонадир. Мана, айнан унинг сўзлари: «Олмония, Италия ва СССР мафкураларида умумий бўлган бир нарса бор – бу капиталистларнинг демократиясига қаршилик… Шунинг учун, агар СССР социалистик давлат сифатида ғарб демократияси томонида бўлса, бу бизга буткул ғайритабиий туюлар эди». Шнурре социализм билан фашизмнинг табиати бирлигини илғаган. Кўриниб турибдики, Гитлер билан Сталиннинг Иккинчи Жаҳон урушини бошлаш олдидан битим тузиши бежиз эмас, мажбурий ҳам эмас, иккита тоталитар тузумнинг мақсадлари мос келиб қолгани туфайлидир.
Доктор Шнурренинг ғоявий далили шубҳасиздир. Национал-социалист фашистлар ва большевиклар ўз тоталитар тузумига ва босқинчилик амалиётига эга бўлган, ғарб демократияларига ёт автократик давлатларни барпо этдилар. Шунинг учун Сталин ва Гитлер ўртасида ғоявий қарама-қаршиликларга асос йўқ эди, фақат ҳудудий-стратегик келишмовчиликлар мавжуд эди, яъни – ким, қанақа ва қанча бегона давлатларни босиб олиши керак?! Ҳозир гап айнан масаланинг ана шу амалий томони ҳақида борарди. Шу ўринда бир нарсани изоҳлаш керак: хўш фашизм ва большевизмнинг мафкураси муштарак экан, нега Гитлер коммунистларга қарши курашиб келади?
Чуқурроқ ўйлаб қараганда, мафкуравий ташвиқот тоталитар давлат учун стратегик аҳамиятга эга эмас, тактика масаласидир. Гитлер ҳокимиятга интилар экан, немисларнинг тор ҳудудда сиқилганини, миллат ўз эгаллаб турган ҳудудидан кўнгли тўлмаётганини, халқ орасида яҳудийлар, лўлилар, коммунистларга нисбатан нафрат борлигини, немислар ўзининг оғир иқтисодий-маънавий аҳволини мавжуд сиёсий тузумдан эмас, айнан бошқа миллатлар ва эллатлардан кўришларини сезди ва айнан шу истакларнинг тўлқинида ҳокимиятни қўлга киритиш мумкинлигини англаб етди, оқибатда, немисларнинг «олий ирқ» экани, «куч ёрдамида ёввойи халқларнинг ерларини тортиб олиб, муносиб халққа бериш лозим»лигини тарғиб қилди.
Халқ эса, қарабсизки, унга демократик сайловларда ҳокимиятни берди.Большевиклар ҳам камбағал халқ бойлардан нафратланаётганини, норозилик авжига чиқа бошлаганини, оломон кайфияти босқинчиликка, отиш-ёқишга мойил бўла бошлаганини, мустамлака халқлар чоризмдан эзилиб, озодлик истаётганларини сездилар ва «эксплуататор синфлардан меҳнаткаш халқ яратган бойликларни тортиб олиш»га, бунинг учун инқилоб қилишга чақирдилар, инқилобдан сўнг «халқларга озодлик бериш», «миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини тан олиш», уларга «бахтиёр, эркин ва фаровон ҳаёт яратиш»га ваъда бердилар.
Коммунистлар ҳокимиятни олгач, ҳеч кимга эрк бермадилар. Чоризмдан озод бўлиш истагида Октябр тўнтаришини қўллаб-қувватлаган миллий зиёлилар ҳам қатағон қилинди, ўз мустақиллигини, мухториятини эълон қилганлар қизил аскарларнинг тиғи билан империяга қайтарилди. Гитлер ҳам ҳокимиятга келгач, немис халқини бахтли қилмади, қулга айлантирди. Гитлер минглаб коммунистларни қирган бўлса, Сталин миллионлаб коммунистларни «халқ душмани» сифатида ўлдирди.
Шундай қилиб, одамларни «коммунистлар, «ёт унсурлар», «гомосексуалистлар», «халқ душманлари», «бахтимизни кўролмаслар» ва ҳоказо тариқада бўлиш – тоталитар тузумларнинг ҳокимиятни эгаллаш ва ушлаб туриш воситаси, холос. Шунинг учун ҳокимият «халқ учун қайғураётгинини», «аммо айрим бизни кўролмайдиганлар бунга халақит бераётгани»ни таъкидлай бошласа, демак, у қаллоб тузумининг моҳиятини яшираётган, ўз ноқобиллигини бировга тўнкаётгандир.
Мавзуга қайтсак. Аён бўладики, Московдаги элчисига Молотов билан учрашувлардан тийилиб туришни таклиф этган Риббентроп ҳақ экан, сабрсиз Москов узоқ чидай олмади, «ўз қартасини очиб қўйди». Доктор Шнурре билан суҳбатдан бор-йўғи икки кун ўтгач, 1939 йил 29 июлда Астахов Берлинга томонларни қизиқтирган муаммоларни юксак даражада муҳокама этиш учун олмон ҳукумати тайёр ёки тайёр эмаслиги ҳақида сўров билан мурожаат қилди. 4 августда Риббентроп Астаховга Берлин Москов билан муносабатларни яхшилашга рози эканини билдиради, 14 августда эса Молотов Риббентропга сиёсий музокараларни Московда ўтказишни таклиф қилади.
Риббентроп, унинг айтишига қараганда, Гитлернинг нуқтаи назарини Сталинга етказиш учун Московга ташриф буюриш таклифини қабул қилади. Аммо Кремл нуқтаи назарларни эшитиб ўтиришни истамас эди, Кремлнинг ўз нуқтаи назари ўзига етарди, Москов аниқ битимга келишни истарди. Шунинг учун Молотов Берлинга Москов сиёсий музокараларни бошлашни хоҳлашини, аммо музокаралар Московда ўтишини ва «босқичма-босқич» бўлишини хабар қилди.
Шундай қилиб, Гитлер сиёсий битим тузишни ростдан хоҳлаётганига ишонч ҳосил қилгач, энди Кремл «арқонни узун ташлай бошлади». Йўқ, Москов музокараларни тўхтатмоқчи ёки уларни боши берк кўчага киритмоқчи эмас. Сталин битим тузишга қатъий қарор қилган эди, чунки фашистлар билан битим тузиш ғоясининг ўзи унга тегишли эди. Айни пайтда бошланиб кетган сиёсий ўйинда Сталиннинг қўлида Гитлерда бўлмаган «кўзир қарта» бор эди. Гап шундаки, Англия ва Франция ҳарбий қудрати тинимсиз ошаётган Олмония томонидан Оврўпо ва дунёга юзага келаётган хавфга қарши мудофаа иттифоқи тузишни Совет Иттифоқига таклиф этаётган эдилар. Бундай иттифоқ аср бошидаги Англия, Франция ва Россия ўртасида кайзер Олмонияси ва унинг иттифоқчиларига қарши тузилган «учавора муроса» – «Антанта»нинг ўхшаши бўлиши лозим эди.
Қисқаси, Сталин Гитлерга қарши инглиз-француз «қартаси»ни ушлаб, одатий иккиюзламачилик ўйинини бошлади. Аввал айтганимиздай, Сталин 1939 йил 10 мартда КПССнинг XVIII съездида Англия, Франция ва АҚШни ва уларнинг матбуотини СССР билан Олмонияни уруштириб қўйишда айблаган эди. Бироқ бир ҳафта ўтар-ўтмас, 1939 йил 18 мартда Олмония Чехословакияга босиб киргани туфайли Оврўпода юзага келган вазиятни муҳокама қилиш учун СССР, Буюк Британия, Франция, Туркия, Руминия ва Польша вакиллари мажлисини чақиришни таклиф қилади.
Совет Иттифоқи Чехословакия билан 1935 йилда тузилган ўзаро ҳарбий ёрдам ҳақидаги шартномага кўра бу мамлакатга ёрдам бериши керак эди. Бироқ Сталин чехларга ёрдам беришдан бош тортди, яъни Гитлерга қарши бормади, шартномани бузди. Қолаверса, СССРнинг «ёрдами» қандай бўлишини ўша пайтдаёқ ҳамма биларди. СССР «ёрдам бериш» учун борган мамлакатини эгаллаб олар ва «социализм» қурарди. Ҳатто СССРнинг сўнгги йилларида бундай «интернационал ёрдам»ни Афғонистон ҳам тотиб кўрди.
Ғарбий мамлакатларнинг 1938 йилдаги Мюнхендаги Гитлерга таслими қандайдир даражада уларнинг Сталин олдидаги қўрқуви билан изоҳланарди, чунки совет синфий фашизми ўша пайтдаёқ қўшни мамлакатларга «ҳарбий ёрдам» деганда уларнинг Қизил Армия томонидан буткул босиб олинишини назарда тутишини кўрсатиб қўйган эди. Бу давлатлар Гитлер армияси босқинидан кўра Қизил Армиянинг «дўстона ҳарбий ёрдами»дан кўпроқ қўрқардилар. Улар учун коммунистлар фашистлардан ҳам кўра даҳшатлироқ эдилар.
Шундай қилиб, Сталин иккиёқлама ўйинини давом эттириб, 2 июлда – Берлин ва Московда совет-олмон музокаралари авж олиб турган бир пайтда – Англия ва Францияга Олмонияга қарши иттифоқчилик шартномасини таклиф қилади. Аммо Совет Иттифоқи раҳбарияти бу учёқлама иттифоқни тузишнинг шарти сифатида Қизил Армияни… мустақил давлатлар бўлган Польша, Болтиқбўйи мамлакатлари ва Финляндияга киритиш ҳуқуқини беришни талаб қилади. Уларнинг ҳам СССР каби давлатлар эканига Сталин парво ҳам қилмайди. 1939 йил 11 августда Кремл ўз «ҳарбий конвенцияси» лойиҳасини, яъни тинч қўшни давлатларни босиб олиш режасини муҳокама қилиш учун Англия ва Франция ҳарбий миссияларини Московга таклиф қилади.
Совет ҳарбий делегациясини маршаллар Ворошилов ва Шапошников бошқарадилар. Айнан ана шу музокараларни Кремл атайин боши берк кўчага киритиб туради, чунки Сталиннинг Қизил Армия томонидан Польша, Болтиқбўйи давлатлари ва Финляндияни босиб олишга сўраган «рухсати» Англия ва Франция каби дунёвий демократик давлатлар учун қабул қилиб бўлмайдиган шарт эди. Инглиз-француз ҳарбий миссиялари мустақил давлатлар ва суверен халқларнинг тақдирини ҳал қилиш ваколатига эга эмас эдилар. Бундай бўлиши мумкин ҳам эмас. Бундай босқинчилик «шартлари»ни Гитлерга ўхшаган сиёсий қароқчилар қабул қилиши мумкин. Табиийки, бу музокаралар натижасиз тугади, бироқ улар Сталин учун муҳим ўрин тутдилар.
Ҳали совет-инглиз-француз музокаралари тугаб улгурмай, уларни олисдан ҳадик билан кузатиб турган немислар ўйинга шошилинч кирдилар. Сталиннинг муддаоси шу эди. 14 августда Риббентроп граф Шуленбургга унинг телеграммасини Молотовга ўқиб беришни, аммо телеграмманинг ўзини унинг қўлига бермасликни топширади. Телеграммада Россияни Олмонияга қарши урушга гиж-гижламоқдалар, бу урушдан эса «фақат ғарб демократиялари» ютиши мумкин. Риббентроп Московга учиб келиб, фюрернинг бу масаладаги нуқтаи назарини шахсан Сталинга етказиши мумкинлиги ҳақидаги таклифини такрорлади. Москов Риббентроп келишидан олдин маълум тайёргарлик ишлари олиб борилиши кераклигини таъкидлади.
Аён бўлдики, энди Риббентропнинг иштаҳаси очилди, совет айғоқчилари уни турли йўллар орқали, шу жумладан, булғор элчиси Драганов орқали инглиз-француз-ўрис музокараларидаги «олға силжиш»лар ҳақидаги сохта маълумотлар билан қитиқлаб тургани аён. 16 августда яна Риббентроп Московдаги элчисига телеграмма юборади. Граф Шуленбург бу гал Молотовга шуни уқтириши лозимки, Олмония СССР билан сиёсий битим тузиш ғоясига рози, аммо шошилиш керак, зеро исталган куни Польша билан Олмония ўртасида жанжал чиқиши мумкин. Молотов ўша куниёқ немис элчисига Москов битим тузишга тайёр эканини айтади. Аммо, Кремлнинг фикрича, битимга «қўшимча махфий протокол» илова этилиши керак, унда битимни имзолаган давлатларнинг Шарқий Оврўподаги таъсир доираси белгиланиши лозим. Оддийроқ қилиб айтганда, Оврўпо давлатларини бўлиб олганда, кимнинг «насибаси» қанча бўлишини аниқлаштириш керак.
Совет-олмон муносабатлари юксак даражага чиқа бошлади. 1939 йил 19 августда СССР ва Олмония ўртасида савдо шартномаси имзоланди. 22 августда эса сиёсий битим тузиш учун Гитлернинг ташқи ишлар министри Риббентроп Московга келади. Иккинчи Жаҳон уруши бошланишига бир неча кунлар қолган, холос.
(давоми бор)
Карим Баҳриев
Манба: Azon.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»