14:10 / 04.05.2023
324

Қозоғистонда Назарбоевнинг қариндоши 7 йилга қамалди

Гулмира Сатибалди / Фото: kaztag.kz

Нурсултон Назарбоев жиянининг собиқ рафиқаси Гулмира Сатибалди ўзбошимчалик ва одам ўғирлашда айбдор деб топилди. У ичимликлар ишлаб чиқарувчиларнинг йирик акцияларини эгаллаб олишга ҳаракат қилган.

Остона суди 4 май, пайшанба куни Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоев жиянининг собиқ хотини Гулмира Сатибалдини ўзбошимчалик ва одам ўғирлашда айбдор деб топиб, мол-мулкини мусодара қилмасдан 7 йилга озодликдан маҳрум қилди. «Жазони ўташ режими ўрта даражадаги жазони ижро этиш тизимида белгиланиши керак», — деди раислик қилувчи судья Кеменгер Имашев. Бундан ташқари, Сатибалди Қозоғистон давлат мукофоти – «Курмет» орденидан ҳам маҳрум қилинади. 

Бу иш бўйича иккинчи айбланувчи - Сатибалдининг ҳайдовчиси Мади Ботиршаев ҳам 7 йилга, учинчи айбланувчи - одам ўғирлаш жиноятини содир этган Рашид Ўтебеков 5 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Суд март ойининг ўрталаридан бери давом этди, иш бўйича жабрланувчилар икки тадбиркор – Galanz bottlers АЖ асосчиси Турсенгали Алагузов ва Maxi Bottlers МЧЖ собиқ эгаси Ойгул Мекешева эди.

Гулмира Сатибалди 2022 йилнинг 16 мартида қўлга олинган ва Остонадаги вақтинчалик ҳибсхонага жойлаштирилган. Коррупцияга қарши кураш агентлиги унга ва бир қатор бошқа шахсларга нисбатан бизнесни мусодара қилиш бўйича тергов бошланганини эълон қилди. 2023 йил январь ойида Сатибалди одам ўғирлаш ва ўзбошимчаликда айблангани маълум бўлди. Тергов маълумотларига кўра, Сатибалди ичимликлар ишлаб чиқарувчи компанияларнинг йирик акцияларини тортиб олишга уриниб, Мекешевани ўғирлаб кетган ва унинг болаларини ўлдириш билан таҳдид қилган. Зарар миқдори 6 миллиард тенгедан ортиқни ташкил қилган. Апрель ойида Сатибалди ва Мекешева воситачилик келишувига эришдилар, судланувчи ўз айбини қисман тан олди.

Гулмира Сатибалди аввалроқ Назарбоевнинг жияни Қайрат Сатибалди билан турмуш қурган бўлиб, у 2018 йилда Қозоғистоннинг Forbes нашри томонидан мамлакатнинг энг нуфузли бизнесменлари рўйхатига киритилган, унинг бойлиги 163 миллион долларга баҳоланган.


arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қозоғистонда Назарбоевнинг қариндоши 7 йилга қамалди