date
views 96

Япония биринчи марта Ойга қўнадиган модулини учирди

Япония биринчи марта Ойга қўнадиган модулини учирди

Фото: Kyodo News/AP/dpa/picture alliance

Япония аэрокосмик тадқиқотлар агентлиги (JAXA) томонидан ишлаб чиқилган биринчи SLIM Ойга қўниш аппарати коинотга учирилди. Ракета-ташувчи Кагосима префектураси жанубидаги Танегасима космик марказидан 7 сентябр, пайшанба куни маҳаллий вақт билан соат 08:42 да (Тошкент вақти билан 04:42) учди. Учириш об-ҳаво шароити туфайли бир неча бор қолдирилганди.

Модулнинг Ер сунъий йўлдоши юзасига қўниши учирилган пайтдан бошлаб 4-6 ой ичида кутилмоқда. Миссия доирасида зонд кафт ўлчамидаги вездеход (ҳар қандай йўлда ёки йўлсиз жойларда ҳам юра оладиган техника) ва мултиспектрал камера ёрдамида ҳозиргача кам ўрганилган Ой мантиясининг таркибини таҳлил қилади.

Қурилмани ишлаб чиқишда қўлланиладиган технологиялар маълум бир жойга 100 метрдан ортиқ бўлмаган хато билан қўниш имконини беради. AFP агентлигининг қайд этишича, Ойга аввалги қўнишларда бу кўрсаткич бир неча километрга етган. «Инсоният нафақат осон бўлган жойга, балки энди ўзи хоҳлаган жойга қўна олади», дея маълум қилди JAXA парвоздан олдин.

Ҳиндистон аппаратининг Ойга муваффақиятли қўниши

Икки ҳафта олдин Ҳиндистон космик кемаси «Чандраян-3» миссияси доирасида Ой юзасига муваффақиятли қўнди. Ҳиндистон Ер сунъий йўлдоши юзасига космик кемани қўндирган тўртинчи давлатга айланди. Илгари Совет Иттифоқи, АҚШ ва Хитой бунга эришган. Айни вақтда Россиянинг «Луна-25» станцияси август ойи охирида Ойга қўнмоқчи бўлган вақтда ҳалокатга учраган эди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Япония биринчи марта Ойга қўнадиган модулини учирди