18:19 / 04.03.2025
56

Дунё бўйлаб ортиқча вазн эпидемияси кучайиши кутилмоқда

Дунё бўйлаб ортиқча вазн эпидемияси кучайиши кутилмоқда
2050 йилга келиб бутун дунё бўйлаб ўрта ёшлиларнинг ярмидан кўпи ортиқча вазндан азият чекиши мумкин. Бу ҳозирги кунда ҳар уч ўсмирнинг бири ортиқча вазн билан яшаётганига асосланади. Бу ҳақда The Guardian'га таяниб Дарё хабар бермоқда.

Ортиқча вазн муаммоси эрта ўлим, турли касалликларнинг эрта вужудга келишига сабаб бўлган ҳолда соғлиқни сақлаш соҳасида жиддий хавфларни туғдириши мумкин.

Lancet нашри тақдим этган таҳлилларга кўра, сўнгги 30 йилда кўплаб факторлар сабаб инсонларда ортиқча вазн муаммоси авж олди. Қуйида муаммога асос бўлувчи омиллар билан танишинг:

Энергия мувозанати бузилиши: Озиқ-овқатдан олинадиган энергия тананинг энергия сарфидан ошиб кетиши ортиқча вазннинг асосий сабаби ҳисобланади.
Нотўғри овқатланиш: Юқори углеводли маҳсулотлар (хамирли овқатлар, ширинликлар) истеъмоли, шунингдек, фастфудлар каби соғлом бўлмаган озиқ-овқатлар ортиқча вазнга олиб келади.
Кам ҳаракатланиш: Носоғлом турмуш тарзи, яъни кам жисмоний фаоллик ортиқча вазннинг кенг тарқалган сабабларидан биридир.
Генетик омиллар: Генлар ортиқча вазнга сабаб бўладиган асосий омиллардан бири ҳисобланади. Баъзи генетик мутациялар инсонни кўпроқ овқат ейишга мойил қилиши мумкин.
Эндокрин касалликлар: Гипотироидизм, инсулинома каби касалликлар ортиқча вазнга сабаб бўлиши мумкин.
Руҳий омиллар: Стресс, руҳий тушкунлик кортизол миқдорини ошириб, ортиқча вазнга олиб келиши мумкин.
Ижтимоий ва атроф-муҳит омиллари: Ота-оналарнинг нотўғри овқатланишга бўлган муносабати, ижтимоий одатлар.

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ҳозирда 2,11 миллиард 25 ва ундан катта ёшдагилар ҳамда 493 миллион 5 ёшдан 24 ёшгача бўлган аҳоли ортиқча вазнга эга. Бу 1990 йилдаги кўрсаткичлардан мос равишда 731 миллион ва 198 миллионга кўпроқдир.

Тахминий прогнозларга кўра, 2050 йилга келиб 25 ёшдан катталарнинг ярмидан кўпи (3,8 миллиард) ва 24 ёшгача бўлган 746 миллион киши ортиқча вазн йиғиши мумкин.

Тадқиқотда болалар ва ўсмирлар орасида семизлик хавотирли даражада ўсаётгани таъкидланиб, 2050 йилга келиб семизлик билан яшовчилар сони 360 миллионга етиши мумкинлиги айтилган.

Ортиқча вазннинг мисли кўрилмаган глобал эпидемияси чуқур фожиа ва монументал ижтимоий муваффақиятсизликдир, дейди Вашингтон университети профессори Эммануэла Гакидоу.

Тадқиқотда келтирилган рақамлар давлатлар миқёсида бир-биридан фарқ қилади. Ортиқча вазндан қаттиқ азият чекиб келаётган инсонларнинг ярмидан кўпи бор-йўғи саккизта мамлакатда яшайди:

- Хитой (402 миллион);
- Ҳиндистон (180 миллион);
- АҚШ (172 миллион);
- Бразилия (88 миллион);
- Россия (71 миллион);
- Мексика (58 миллион);
- Индонезия (52 миллион);
- Миср (41 миллион).

Таҳлилларга кўра, 2050 йилга келиб, ҳар учинчи бола ва ўсмирлардан бири “ортиқча вазн инқирози” билан яшайдиган минтақалар — Шимолий Африка ва Яқин Шарқ, Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзасида бўлиши кутилмоқда.

Тадқиқотчилар келажакда болалар ўзларининг аждодларига қараганда тезроқ вазн ортишини, уларда диабет, юқори қон босими, юрак хасталиклари ва саратон касалликлари нисбатан эрта вужудга келишини таъкидлаб ўтди.

Масалан, юқори даромадли мамлакатларда 1960 йилларда туғилган эркакларнинг 7 фоизи 25 ёшга етгунга қадар семизликка чалинган. Бу кўрсаткич 1990 йилларда туғилганларда 16 фоизга, 2015 йилда туғилганларда эса 25 фоизга етиши тахмин қилинмоқда.

Ортиқча вазн муаммоси мамлакатлар иқтисодиётига ҳам сезиларли таъсир кўрсатади. World Obesity Федератионнинг таҳлилига кўра, бу кам даромадли давлатлар учун жиддий хавф.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг