
Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майкл Уолтц ва мудофаа вазири Пит Хегсет Овал офисдаги йиғилишда гаплашмоқда.
Фото: Лудовик Марин/AFP/Getty Images
АҚШ президенти Дональд Трамп жамоасидаги катта можаролардан бири юз берди. The Atlantic бош муҳаррири Жеффри Голдберг махфий Signal гуруҳига “бехосдан” қўшилиб, АҚШ ҳукуматида муҳокама қилинаётган махфий маълумотларга гувоҳ бўлди.
Махфий гуруҳга нима учун журналист қўшилиб қолди?
Signal мессенжеридаги махфий чат ҳаволасини Голдбергга АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майкл Уолтц юборган. Журналист буни шахсий хабар деб ўйлаб, гуруҳга қўшилган ва ўша ерда Яманга ҳужум қилиш масаласи муҳокама қилинаётганини кўрган.
Чатда вице-президент ЖД Венс, давлат котиби Марко Рубио, мудофаа вазири Пит Хегсет ва бошқа юқори мартабали амалдорлар иштирок этган.
Чатда қандай муҳокамалар бўлган?
Журналистнинг таъкидлашича, чатда Яманга зарба бериш режалари, ҳужум учун белгиланган нишонлар координаталари ва АҚШнинг иқтисодий манфаатлари муҳокама қилинган.
Вице-президент ЖД Венс Оқ уйнинг бу қарорига шубҳа билан қараган ва “Европани яна қутқаришдан нафратланишини” айтган.

SМ профили (тахминларга кўра, Стивен Миллер) эса Трамп бу ҳужум учун “яшил чироқ” ёққанини, аммо бунинг эвазига иқтисодий фойда олиш кераклигини таъкидлаган.
Мудофаа вазири Пит Хегсет ҳужумнинг аниқ деталларини очиқлаган ва орадан кўп ўтмай, ҳусийлар позициялари ҳақиқатдан ҳам нишонга олина бошлаган.
Журналист бошида буни пранк деб ўйлаган, бироқ ҳужумлар амалга оширилганидан сўнг гуруҳ иштирокчилари бир-бирини табриклаган.
Голдбергнинг гуруҳни тарк этиши ва расмий муносабатлар
Голдберг бу ҳолатдан кейин гуруҳни ўз ихтиёри билан тарк этиб, Оқ уй ва Пентагонга расмий сўров юборган.
Миллий хавфсизлик кенгаши гуруҳ ҳақиқатан ҳам мавжудлигини тасдиқлади.
Пентагон раҳбари Пит Хегсет эса ҳеч қандай ҳарбий маълумот ошкор қилинмаганини айтди ва журналистни “ёлғончи” деб атади.
Дональд Трамп бу ҳақда ҳеч нарса билмаслигини айтган ва The Atlantic журнали тез орада ёпилишини таъкидлаган.
Маслаҳатчи Майкл Уолтц истеъфога чиқариладими?
Politico нашрига кўра, бу воқеа сабаб Майкл Уолтц ишдан бўшатилиши мумкин. Трамп жамоасидаги камида икки амалдор унинг истеъфога чиқиши керак деб ҳисобламоқда.
Оқ уйдаги бу можаро АҚШ ҳукуматининг хавфсизлик стандартларига қандай таъсир қилиши ва қандай чоралар кўрилиши ҳозирча номаълум. Аммо бу воқеа Вашингтонда катта шов-шувларга сабаб бўлди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар