date
views 168

АҚШда содир бўлган ҳалокат сабабларидан бири маълум қилинди

АҚШда содир бўлган ҳалокат сабабларидан бири маълум қилинди
Жорий йилнинг 30 январь куни Америка пойтахти Вашингтон шаҳри осмонида йўловчи самолёти ва АҚШ армиясига тегишли Black Hawk вертолёти ўртасида юз берган фожиали ҳалокат сабаблари аниқланди, деб ёзмоқда The New York Times экспертларнинг хулосаларига таяниб.

Маълум бўлишича, Роналд Рейган миллий аэропорти назорат марказида ўша куни ходимлар сони етарли бўлмаган ва шу сабабли самолёт ҳамда вертолёт ҳаракатини кузатиш вазифаси биргина диспетчер зиммасига юклатилган.

Экспертларнинг таъкидлашича, Black Hawk вертолёти аэропортга яқинлашган пайтда учувчилар диспетчердан кўрсатма олмасдан, визуал бошқарувга (қўлбола бошқариш) ўтишга рухсат сўрашган. Ушбу илтимос тасдиқланган бўлса-да, бу қарор ҳалокатга олиб келган асосий сабаблардан бири бўлган.

Мутахассислар вертолёт учувчиси Ребекка Лобах баландликни пасайтириш бўйича вертолётдаги иккинчи учувчи ва масъул инструктордан бир неча бор огоҳлантириш олишига қарамай, уларга эътибор қилмаганини таъкидлашмоқда. Агар у баландликни пасайтириб, ўша огоҳлантиришларни инобатга олганида, йўловчи самолёти билан тўқнашувнинг олди олиниши мумкин эди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу мудҳиш фожиа оқибатида иккала ҳаво кемаси ҳам Потомак дарёсига қулаб тушган эди. Канзас штати томонидан учиб келаётган самолёт бортида тўрт нафар экипаж аъзоси ва 60 нафар йўловчи бўлган. Йўловчилар орасида АҚШнинг фигурали учиш бўйича терма жамоаси спортчилари ҳамда уларнинг мураббийлари борлиги маълум қилинган эди.

Black Hawk ҳарбий вертолётида эса уч нафар ҳарбий хизматчи бўлган ва афсуски, иккала учувчи воситадаги инсонлардан биронтаси ҳам омон қолмаган.

Ҳозирда тергов жараёнлари давом этмоқда, экспертлар ушбу ҳалокат сабабларини янада чуқурроқ таҳлил қилишмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШда содир бўлган ҳалокат сабабларидан бири маълум қилинди