АҚШда 13 ҳарбийни ўлдирган собиқ маёр қатл этилиши жонли эфирда кўрсатилади

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- 2009-йилда Форт Ҳуд ҳарбий базасида 13 нафар америкалик ҳарбийни ўлдириб, 32 нафарини яралаган собиқ маёр Нидал Малик Ҳасаннинг қатл этилиши жонли эфирда намойиш этилиши маълум қилинди.
- Бу воқеа 3 декабр куни айнан мазкур ҳарбий база ҳудудида амалга оширилади ва Ҳасан 1945-йилдан бери АҚШ ҳарбийлари томонидан отиб ўлдириладиган биринчи маҳкумга айланади.
2009 йилда АҚШнинг Форт Ҳуд ҳарбий базасида 13 нафар америкалик ҳарбийни ўлдириб, яна 32 нафарини яралаган Нидал Малик Ҳасаннинг қатл этилиши жонли эфирда намойиш этилиши маълум қилинди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар берди.
Нидал Ҳасан АҚШ армиясининг собиқ маёри ва психиатри бўлиб, у оғир жиноятни Техас штатидаги Форт Ҳуд ҳарбий базасида содир этган. Пентагон вакилининг маълум қилишича, қатл 3 декабрь куни айнан мазкур ҳарбий база ҳудудида амалга оширилади. Ҳасан 1945 йилдан бери АҚШ ҳарбийлари томонидан отиб ўлдириладиган биринчи маҳкумга айланади.
56 ёшли Ҳасанни отиб ўлдириш таклифини АҚШ уруш вазири Пит Ҳегсет илгари сурган. Мамлакат президенти Дональд Трамп ҳам ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаган. Ҳасан 13 кишини қасддан ўлдириш ва яна 32 нафар инсонни ўлдиришга уринишда айбдор деб топилган.
Фожиали ҳодиса 2009 йил 5 ноябрь куни содир бўлган. Ўша пайтда ҳарбий хизматчилар тиббий кўрикдан ўтиш ва эмланиш учун навбат кутаётган бўлган. Отишма ҳарбий база ҳудудидаги тиббиёт биносида юз берган ва кўплаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлган.
Ҳасан ўз ҳаракатларини Афғонистонда яна одамлар ҳалок бўлишининг олдини олиш истаги билан изоҳлаган. Бироқ 13 кишининг ҳаётига зомин бўлган ва 32 нафар инсоннинг яраланишига сабаб бўлган мазкур ҳужум АҚШ ҳарбий базасида жанговар ҳаракатлар билан боғлиқ бўлмаган энг қонли ҳужум сифатида қайд этилган.
АҚШда ҳарбийлар учун ўлим жазоси қандай қўлланилади?
АҚШда ҳарбий жиноятлар учун ўлим жазосини қўллашнинг ўзига хос ҳуқуқий тартиби мавжуд. АҚШ Қуролли Кучлари апелляция суди 1983 йилда ҳарбий судларда ўлим жазосини тайинлашни конституцияга зид деб топган эди. Бироқ бир йил ўтиб, ўша вақтдаги президент Роналд Рейган буйруғи билан ўлим жазоси қайта тикланган.
Ҳарбий жиноятлар учун тайинланадиган қатл жазоси фуқаролик судлари доирасида амалга ошириладиган қатллардан ҳуқуқий тартиби жиҳатидан фарқ қилади. АҚШда ўлим жазоси, асосан, штатлар даражасида ижро этилади. Ҳозирда мамлакатнинг 27 штатида ушбу жазо тури қонунан сақланиб қолган.
Нидал Ҳасан иши эса АҚШда ҳарбий жиноятлар учун ўлим жазосини қўллаш масаласини яна кун тартибига олиб чиққан ҳолатлардан бири ҳисобланади.






























Изоҳлар 0
…