date
views 1 046

Эрон тақдири учун Ризо Паҳлавий режимга қарши халқни ҳаракатга чорлади

Эрон тақдири учун Ризо Паҳлавий режимга қарши халқни ҳаракатга чорлади
Эрондаги мавжуд инқироз ва халқаро ҳамжамиятни ташвишга солаётган зиддиятлар фонида мамлакатнинг сўнгги валиаҳд шаҳзодаси Ризо Паҳлавий ўз халқини ва бутун дунёни чуқур ўйлашга ундаётган баёнот билан чиқди. Унинг таъкидлашича, бугунги кунда Эрон учун ягона ҳақиқий ечим – бу Ислом Республикаси режимига қарши халқ қўзғолонини қўллаб-қувватлаш ва мамлакатда адолат ва эркинликни тиклашдир.

Шаҳзода Ризо Паҳлавий ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида қилган мурожаатида Ислом Республикаси Эрон халқининг бойликларини изидан йўқотиб, уранни бойитиш ва махфий ядро дастурларига миллиардлаб доллар сарфлаётганини кескин танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, бу ишлар натижасида Эрон фақат иқтисодий инқироз ва халқаро изоляцияга эмас, балки уруш чегарасига ҳам яқинлашди. “Бу тузум дунёни йиллар давомида алдади, аммо энди унинг асли ва хатарли қиёфаси барчага маълум бўлди. Ислом Республикасини жавобгарликка тортиш вақти етди”, — деди Паҳлавий.

Ризо Паҳлавий тарихий фактларга мурожаат қилиб, Эрон Паҳлавийлар даврида Ядро қуролини тарқатмаслик шартномасини илк имзолаган давлатлардан бири эканини эслатди. Бироқ, бугунги кунда Халқаро атом энергияси агентлиги Ислом Республикасини шартномани бузганликда ва янги ядро иншоотлари қурилишини очиқлаганликда айбламоқда. “Бу режа ва йўналишлар режимнинг мутлақ ишончсизлиги ва халқаро музокараларда тўлиқ ишончга лойиқ эмаслигини яна бир бор исботлади. Бундай тузум билан ҳар қандай ҳамкорлик фақат унинг қудратини мустаҳкамлайди”, — дея таъкидлади шаҳзода.

Паҳлавийнинг фикрича, Ислом Республикасига қарши асосий муқобил куч — бу халқнинг ўзи. У тинч, фаровон ва эркин ҳаётни орзу қилаётган, келажагини дунё билан бирга қура оладиган Эрон халқини қўллаб-қувватлашни барчага чақирди. Шаҳзода халқаро ҳамжамиятга икки йўналишда ҳаракат қилишни тавсия этди: биринчиси — режимга нисбатан максимал босим ва санкцияларни қайта тиклаш, иккинчиси эса, мамлакат эркинлиги учун курашаётган халқка ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш.

Унинг таъкидлашича, бугунги кунда Эронда адолат ва эркинлик сари интилаётган жамият бор. “Бугун халқимиз қўрқувсиз ва тинч келажак учун мубориза олиб бормоқда. Уларга амалий ва сиёсий ёрдам бериш — барчамизнинг инсоний бурчимиз”, — деди Ризо Паҳлавий.

Маълумот учун, Ризо Паҳлавий 1967 йилдан бери Эроннинг валиаҳд шаҳзодаси ҳисобланади. У отаси Муҳаммад Ризо Паҳлавий тақдирига шерик бўлиб, 1979 йилдаги инқилоб сабабли оиласи билан бирга мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлган. Бугунги кунда у АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида яшайди ва Эрон Миллий Кенгаши асосчиси ҳамда раҳбари сифатида ўз юрти эркинлиги учун кураш олиб бормоқда. Паҳлавий ўз мурожаатида Эрон халқига ва бутун дунёга “эркинлик ва тинчлик учун курашда бирлашиш вақти келгани”ни таъкидлади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эрон тақдири учун Ризо Паҳлавий режимга қарши халқни ҳаракатга чорлади