Бир бош билан туғилган эгизаклар операциядан сўнг вафот этди

Бразилияда бош қисми билан туташ ҳолда туғилган 2 ёшли эгизак қизалоқлар — Ҳелоиза ва Ҳелена Батиста да Силва — уларни ажратиш бўйича ўтказилган мураккаб операциядан бир неча дақиқа ўтиб вафот этди. Бу ҳақда The Sun хабар берди.
Қизалоқлар мия тўқималари ва қон томирларининг бир қисмини биргаликда бўлишган. Рибейран-Прету шаҳрида шанба куни ўтказилган 15 соатлик операция уларни ажратишга қаратилган бешинчи ва энг мураккаб жарроҳлик амалиёти бўлган.
Шифокорлар узоқ давом этган амалиёт якунида эгизакларни муваффақиятли ажратишга эришган. Бироқ шундан кейин қизалоқларнинг аҳволи кескин оғирлашган. Эгизаклардан бирида қон босими жуда пасайган бўлса, иккинчисида аксинча, юқори қон босими кузатилган.
Маълумотларга кўра, Ҳелена соат 23:12 да, Ҳелоиза эса 23:26 да юрак хуружини бошдан кечирган. Тиббиёт ходимлари уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун 25 дақиқа давомида реанимация чораларини кўрган. Аммо қизалоқларни қутқариб қолишнинг иложи бўлмаган.
Қизалоқлар бир йил давомида тўртта операцияни бошдан кечирган
Жарроҳлик жамоаси аъзоси, пластик жарроҳ Жайме Фарина Жуниорнинг айтишича, қизалоқлар аввал ҳам бир қатор оғир тиббий муаммоларни бошдан кечирган.
«Уларда бир неча марта пневмония кузатилган, трахеостома қилинган, овқатланиш учун гастростомага эҳтиёж бўлган. Шунингдек, уларнинг организмини заифлаштирган бошқа ҳолатлар ҳам кузатилган», — деди у.
Мутахассиснинг таъкидлашича, якуний ажратиш жараёнида қизалоқларнинг организми юзага келган беқарор ҳолатга дош бера олмаган ва оқибатда юрак фаолияти тўхтаган.
Эгизакларни ажратиш бўйича дастлабки учта операция давомида шифокорлар уларга умумий бўлган мия тўқималари ва қон томирларининг тахминан 75 фоизини ажратишган.
Тўртинчи операцияда эса якуний жарроҳлик амалиёти вақтида бош суякларини ёпиш учун етарли тери ҳосил қилиш мақсадида махсус тўқима кенгайтиргичларидан фойдаланилган.
Қизалоқлар сўнгги операцияга қадар бир йил давомида тўртта мураккаб жарроҳлик амалиётини муваффақиятли ўтказган. Якуний операция эса шифохонада 50 нафардан ортиқ тиббиёт ходими иштирокини талаб қилган.
Шифокорлар маълум қилишича, Ҳелоиза ва Ҳеленада гемодинамик беқарорлик ҳам кузатилган. Бу ҳолат ҳаётий муҳим аъзоларга қон оқимининг етарли бўлмаслиги билан боғлиқ бўлиб, оғир ҳолатларда аъзолар фаолиятининг издан чиқиши ва ўлимга олиб келиши мумкин.






























Изоҳлар 0
…