Хитой роботи Усэйн Болт рекординидан тезроқ югурди

Хитой роботи Усэйн Болт рекординидан тезроқ югурди

Хитойнинг Honor компанияси томонидан ишлаб чиқилган Lightning номли одамсимон робот 100 метр масофани 9,32 сонияда босиб ўтиб, дастлабки синовда Усэйн Болтнинг жаҳон рекордини янгилади. Болт 2009 йилда 100 метрни 9,58 сонияда босиб ўтиб, рекорд ўрнатган. Бу ҳақда "Securitylab" хабар берди.

Lightning синов давомида секундига 14,5 метр, яъни соатига қарийб 52 километр тезликка эришган. Бироқ бу натижа мусобақадаги расмий югуриш эмас, ўйинлар олдидан ўтказилган тайёргарлик синовида қайд этилган. Мусобақанинг дастлабки босқичида эса Lightning 9,47 сония натижа кўрсатган.

22–26 август кунлари Пекинда ўтказилаётган одамсимон роботларнинг II Бутунжаҳон ўйинларида 16 давлатдан 666 та жамоа ва жами 2056 та робот иштирок этмоқда. Дастурдан 51 та мусобақа тури ва 1301 та беллашув ўрин олган.

Роботлар югуришдан ташқари футбол, стол тенниси, оғир атлетика, яккакураш ва рақс каби йўналишларда ҳам ўз имкониятларини намойиш этмоқда. Шунингдек, улар завод, меҳмонхона, уй ва логистика каби реал шароитларда турли вазифаларни бажариш бўйича ҳам синовдан ўтказилмоқда.

Мусобақанинг очилиш кунида яна бир хитойлик робот — Tiangong Ultra 100 метр масофани 9,39 сонияда босиб ўтиб, Болтнинг 9,58 сониялик рекордини ортда қолдирди. Шу тариқа роботлар қисқа масофага югуришда инсонлар қайд этган энг юқори натижалардан ҳам тезроқ ҳаракатланаётганини намойиш қилди.

Хитой роботи Усэйн Болт рекординидан тезроқ югурди
Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар