Японияда ота 7 ёшли ўғлини Фудзияма тоғида қолдириб кетди

Японияда ота 7 ёшли ўғлини Фудзияма тоғида қолдириб кетди

Япониянинг Фудзияма тоғида ота 7 ёшли ўғлини ёлғиз қолдириб, чўққи сари юришда давом этгани сабабли полиция аралашувига тўғри келди. Воқеа 20 август куни содир бўлган.

Маҳаллий нашрлар хабарига кўра, ота 7 ва 12 ёшли икки ўғли билан тоғнинг анъанавий “Фудзиномия” йўналиши орқали 3776 метр баландликдаги чўққини забт этишга йўл олган. Бироқ йўлнинг бошидаёқ кичик ўғил чарчаган. Катта фарзанди эса олдинга ўтиб кетган.

Шундан сўнг ота 7 ёшли боласини йўл четидаги ўриндиққа ўтқазиб, унга сув ва егулик қолдирган ҳамда ўша ерда кутиб туришни айтган. Ўзи эса катта ўғли ортидан юқорига қараб ҳаракатланган.

Орадан вақт ўтиб, “Фудзиномия” йўналишининг олтинчи станциясидаги ходимлар 2 километрдан юқори баландликда ёлғиз қолган болани топган. Бола ёмғир ва туман остида ўтирган. Ходимлар дарҳол полицияга хабар берган.

Ҳуқуқ-тартибот ходимлари еттинчи ва саккизинчи станциялар оралиғида отани ҳам аниқлаган. Маълум бўлишича, у ўғлини қолдирган жойдан анча узоқлашиб, қарийб уч соатлик пиёда масофани босиб ўтган.

Полиция отага зудлик билан ортга қайтишни буюрган. Бола эса қарийб саккиз соат давомида ёлғиз қолган. Отага фарзандини хавфли ҳудудда қаровсиз қолдиргани учун қатъий огоҳлантириш берилган. У ўз хатосини тан олиб, полициядан узр сўраган.

Полиция ходимларидан бири вазиятга изоҳ берар экан, чўққига чиқиш режасидан воз кечиш керак бўлган тақдирда ҳам болани ёлғиз қолдирмаслик лозимлигини таъкидлаган.

“Фудзиномия” йўналиши жамоат транспортида етиб бориш мумкин бўлган бешинчи станциядан бошланади. У ердан Фудзияма чўққисига чиқиш учун тахминан беш соат, ортга қайтиш учун эса яна уч соат вақт талаб этилади.

Сўнгги йилларда Фудзиямада сайёҳлар билан боғлиқ бир қатор нохуш ҳодисалар ҳам қайд этилган. Тоғ Токиодан жануби-ғарбда жойлашган бўлиб, Япониянинг уч муқаддас тоғидан бири ҳисобланади. Фудзияма 2013 йилда ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Ҳар йили тахминан 200 минг киши тоғ чўққисига чиқади. Сайёҳлар оқимини тартибга солиш мақсадида айрим йўналишларда мавсумий ва кунлик чекловлар ҳам жорий этилган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар