date

Туркияда эҳтимолий уруш учун янги бомбапаноҳлар қурилади

Туркияда эҳтимолий уруш учун янги бомбапаноҳлар қурилади

Туркия ҳукумати бутун мамлакат бўйлаб хавфсизлик инфратузилмасини кучайтириш режасини амалга оширишга киришди. Расмий Анқаранинг маълум қилишича, мамлакатнинг барча 81 вилоятида тинч аҳоли эҳтимолий уруш ва фавқулодда ҳолатларда ҳимояланиши учун махсус бомбапаноҳлар барпо этилади. Бу ҳақда Middle East Eye нашри ўз манбасига таяниб хабар тарқатди.

Маълумотларга кўра, ушбу ғояни президент Ражаб Тоййиб Эрдўған июн ойида ўтказилган ҳукумат йиғилишида маъқуллаган. Ўша вақтда Эрон ва Исроил ўртасида 12 кун давом этган қуролли тўқнашув жаҳон ҳамжамияти эътиборида бўлган эди. Исроил Эронга ҳаво ҳужумлари уюштирган, Теҳрон эса баллистик ракеталар билан жавоб қайтарганди.

Лойиҳа доирасида Туркия Уй-жой қурилиш бошқармасига бевосита масъулият юклатилди. Шунингдек, Миллий разведка академияси тайёрлаган ҳисоботда ҳукуматга «Исроилнинг Эронга қарши 12 кунлик уруши»дан хулоса чиқариш ва тезкор огоҳлантириш тизимлари ҳамда замонавий жиҳозланган паноҳгоҳлар қуриш тавсия қилинган.

Ҳисоботда йирик шаҳарлардаги метро станцияларидан эҳтимолий можаро шароитида фойдаланиш, аҳоли орасида талафотларни камайтириш чораларини кўриш каби таклифлар ҳам илгари сурилган.

Манбалар таъкидлашича, турк расмийлари Исроилда қурилган кенг қамровли паноҳгоҳлар тармоғидан катта таассурот олган. Ушбу иншоотлар ҳаво ҳужумлари пайтида минглаб аҳолига амалда ҳимоя сифатида хизмат қилган.

Сешанба куни Туркиянинг NTV телеканали бу ташаббуснинг асосий мақсади «мумкин бўлган ҳарбий тўқнашувлар ёки табиий офатларда, шу жумладан ядро таҳдидларида аҳолини ҳимоялай оладиган хавфсиз ҳудудлар яратиш» эканини маълум қилди.

Айни пайтда Туркияда мавжуд паноҳгоҳлар сони талабга жавоб бермайди. 1987 йилда қабул қилинган низомга кўра, муайян ҳажмдаги биноларда паноҳгоҳлар бўлиши шарт, аммо амалда улар кўп ҳолларда автотураргоҳ ёки омбор сифатида фойдаланилган.

Қурилиш ишларига масъул ташкилотлар Япония ва Швейцария каби давлатларнинг тажрибаларини ўрганганини қайд этди. Хабарларга кўра, айрим шаҳарларда, жумладан пойтахт Анқарада, паноҳгоҳлар қурилиши аллақачон бошланган.

Мутахассислар фикрича, ушбу лойиҳа Туркиянинг хавфсизлик тизимида янги босқични бошлаб бериши мумкин. Мухлислар эса бу ташаббус қандай натижалар беражагини қизиқиш билан кузатмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Туркияда эҳтимолий уруш учун янги бомбапаноҳлар қурилади